Sesh. Iyul 14th, 2020

EkoPress

TABIAT ONAMIZDIR – UNI ASRASH FARZANDLIK BURCHIMIZ

ҚЎРИҚХОНА ВА МИЛЛИЙ БОҒЛАР – БОЙЛИГИМИЗ

Бугун табиатни асл ҳолича сақлаб қолиш, унинг бетакрор гўзаллиги ва табиий ресурсларини келажак авлодга шундайлигича етказиш ҳар бир юртдошимизнинг бурчи саналади. Шундай экан, тафаккур қилган ҳолда табиатга нисбатан меҳр билан муносабатда бўлиш лозим. Айни дамда атроф-муҳитнинг нақадар мафтункорлигини юртимиздаги қўриқхона ва миллий боғлар мисолида кўриш мумкин. Шундай экан, келинг, улар ҳақидаги қизиқарли маълумотлар билан атрофлича танишамиз.

Ҳозирда мамлкатимизда 9 та давлат қўриқхонаси, 2 та миллий табиат боғи, 10 та давлат буюртмахонаси, республикада ягона ҳисобланган нодир ҳайвонлар турларини кўпайтиришга ихтисослашган “Жайрон” экомаркази алоҳида муҳофаза этиладиган табиий ҳудуд сифатида фаолият кўрсатмоқда.

Улардан бири “Бадай-тўқай” давлат қўриқхонаси 1971 йилда ташкил этилган. Майдони 6642 гектар бўлиб,  Қораалпоғистон Республикасида жойлашган.  Қўриқхона ҳудудида ҳайвонларнинг 135 тури,  ўсимликларнинг 160 тури учрайди. Ҳудуддаги 11 тур ҳайвон, икки тур ўсимлик “Қизил китоб”га киритилган. “Бадай – тўқай” қўриқхонасининг Амударё этакларидаги қисми тўқайзор энг кўп  сақланиб қолган ҳудуд эканлиги билан аҳамиятлидир. Унда тўқайзорга хос бўлган ҳайвонот ва ўсимликларнинг қатор хусусиятли турлари бор.

Самарқанд вилоятида жойлашган Зарафшон давлат қўриқхонаси эса 1975 йилда ташкил топган.Умумий майдони 2352 гектар. Қўриқхона ҳудудида ҳайвонларнинг 170 тури, ўсимликларнинг 300 дан ортиқ тури бор. Бош мақсад бу ерда нодирсаналган, 100 гектар ҳудудни эгаллаган камёб ва доривор тўқай ўсимлиги – крушиносимон чаканданинг сақлаб қолиш, унинг майдонини кенгайтириб бориш ва йўқолиб бораётган Зарафшон қирғовулининг популяциясини қайта тиклаш, сақлаш, бошқа қуш, ҳайвонлар турларини табиий муҳитда яшашини таъминлашдан иборатдир.

Жиззах  вилоятидаги Зомин тоғ арчазорлари давлат қўриқхонаси 1928 йилдан бери фаолият олиб боради. Унинг умумий майдони 26848 гектарга тенг. Ҳайвонларнинг 152 тури, ўсимликларнинг 700 тури яшайди. Қўриқхонадаги ҳайвонларнинг 16 тури, ўсимликларнинг 13 тури “Қизил китоб”га киритилган. Бу қўриқхона Ўзбекистондаги энг эски қўриқхоналардан бўлиб, ҳудудининг 22128 гектари ўрмон билан қопланган. Асл тоғли арчазор ўрмонлар шу қўриқхонада сақланиб қолган.

Бетакрор табиатга эга бўлган Китоб давлат геологик қўриқхонаси 1979 йилда ўз ишини бошлаган. Унинг ҳудуди 3938 гектарни ташкил этади. Қашқадарё вилоятидаги ушбу қўриқхонани 168 турдаги ҳайвонлар, 800  турдаги ўсимликлар ўзига ватан қилган. Улардан 10 тур ҳайвонлар, 22  тур ўсимликлар вакили “Қизил китоб”га киритилган. Ушбу қўриқхонанинг мақсади табиатнинг нодир ёдгорликлари, палеонтология, седиментология ва бошқа зарур табиий илмий-тадқиқот полигонини қўриқлаш, шунингдек Халқаро девон мактаби, Хўжақўрғон ва Зинзилбан сойлари ҳудудида илмий тадқиқотлар базасини шакллантиришдан иборат.

Нурота тоғ-ёнғоқзор давлат қўриқхонаси ҳам Жиззах вилоятида жойлашган бўлиб, 1975 йилда ташкил топган.  Унинг 17752 гектарлик ҳудудида  ҳайвонларнинг 183 тури учрайди ва уларнинг 13 тури “Қизил китоб”га киритилган. Ўсимликларнинг эса 814 тури бўлиб шундан 29 тури “Қизил китоб” саҳифаларидан жой олган. Бу қўрихонадаги аксарият ўсимликларнинг хўжалик аҳамиятидаги ўрни муҳим. Жумладан, улар орасида  43 турдаги озиқлилар, 201 турдаги доривор, 148 турдаги эфир мойлилар, 26 турдаги бўёқлилар, 20 турдаги ошлайдиганлар, 72 турдаги манзаралилар, 116 турдаги ембоплар, 226 турдаги серасаллилар, 128 турдаги қурилиш ва техник аҳамиятга эга, 149 турдаги бегона ўтлар, 35 турдаги заҳарли ўсимликлар ўсади.

1987  йилда ташкил этилган Сурхон давлат қўриқхонасининг майдони 24554 гектар ҳудудни эгаллайди. Бу  ерда ҳайвонларнинг 100 дан ортиқ тури, ўсимликларнинг 600 тури учрайди. Улардан 22 тури “Қизил китоб”га кирган. Қўриқхонанинг 9284 гектар майдони ўрмон билан қопланган. Унда морҳурлар, Бухоро тоғ қўйи каби ҳайвонлар, қушлардан бургут, болтаютар каби камёб қушларни кўриш мумкин. Тошлардаги морқур ва қўйни овлаш тасвирланган қадимий битиклар жаҳон аҳамиятига молик Зарауткамар ноёб археологик ёдгорликлари сифатида муҳофазага олинган. Бойсунтоғнинг Тешиктош ғорида ҳаммага маълум неандертал боланинг тўлиқсиз скелети топилган. Сурхон қўриқхонаси ҳайвонот ва ўсимликлар дунёсининг бойлиги билан ажралиб туради

Қизилқум давлат қўриқхонаси эса 1971 йилда ташкил этилган. Майдони – 10311 гектар. Жойлашган ўрни – Хоразм ва Бухоро вилоятларида. Ҳайвонларнинг 250 тури (10 дан ортиқ тури “Қизил китоб”га киритилган),  ўсимликларнинг 160 тури  (2 тури “Қизил китоб”га киритилган, мавжуд. Ўрмон билан қопланган ҳудуди 5338 гектарни ташкил этиб, қўриқхона тўқайли- қумлоқ экотизимларнинг биохилма-хиллиги, тўқайли ўрмонларнинг аборигени ҳисобланган Бухоро буғуларини сақлаш мақсадида ташкил этилган.

Мамлакатимиздаги энг йирик Ҳисор давлат қўриқхонаси 1983 йилда ташкил  топган бўлиб, унинг майдони  80986 гектарга тенг. Қашқаларё вилоятидаги ушбу қўриқхонада ҳайвонларнинг 268 тури, ўсимликларнинг 900 тури учрайди. 16 тур ҳайвонлар, 32 тур ўсимликлар “Қизил китоб”дан жой олган. Ҳисор қўриқхонаси денгиз сатҳидан 4500 метр баландликда жойлашган бўлиб, 22766 гектарини арчазорлар қоплаган. Ўсимлик ва ҳайвонот дунёси жуда бой.

Тошкент вилоятидаги Чотқол давлат биосфера қўриқхонаси 1947 йилда ташкил топган ва 35724 гектар майдонга эга. Ушбу ҳудудда ҳайвонларнинг 152 тури, ўсимликларнинг 700 тури бор. Ҳайвонлардан 16 тури, ўсимликлардан 13 тури “Қизил китоб”га кирган. Чотқол биосфера қўриқхонасининг асосий вазифаси табиий ҳолатда бой экотизимли участкалар, Ғарбий Тяншаннинг тоғли экотизимларини сақлаш ва атроф-муҳит ҳолатининг экологик мониторингидан иборат. Қўриқхона Ўзбекистоннинг ранг-баранг генофонди, қадимги одамлар маданиятиниг тарихий ёдгорликлари ва ҳаёт тарзининг излари сақланган ҳудуд сифатида ташкил этилган.

Энди Миллий табиий боғларга келсак, табиий боғлар алоҳида экологик, маданий ва эстетик ахамиятдаги табиатни муҳофаза килиш йўналишида, рекрацион, илмий ва маданий мақсадлардаги табиий объект ва мажмуаларни асраш ҳамда фойдаланишга қаратилган муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлардир. Булар республикамизда иккита бўлиб, биринчиси Зомин миллий боғи 1976 йилда ташкил этилган. Миллий боғ Зомин туманида жойлашган ва унинг жануби – шарқий қисмидаги умумий майдони 24110 гектарни ташкил этиб, 16828 гектари ўрмон билан қопланган. Туркистон тоғ тизмалари билан туташган. Боғнинг шарқий қисми Тожикистон билан чегарадош. Боғда 700 тур ўсимлик, шундан 13 тури “Қизил китоб”га киритилган, хайвонлардан 153 тури мавжуд.

Угом- Чотқол давлат табиат миллий боғи эса 1990 йилда ташкил этилган бўлиб, жойлашган ўрни – Тошкент вилояти. Майдони 5740 гектарни ташкил этиб, денгиз сатхидан 900 -4000 метргача баландликда жойлашган. Боғнинг ўсимлик дунёси жуда бой бўлиб, 1000 дан ортиқ турлари учрайди. Ҳайвонларнинг 550 тури мавжуд.

Юқоридагилардан кўриниб турибдики, қўриқхона ва миллий боғлар шунчаки фаолият кўрсатмаяпти, балки яшаяпти. Қўриқхоналардаги илмий – тадқиқот кузатувлари узоқ анъанага эга. Бажарилган ишларни кўрсатиб ўтишга узоқ вақт кетади, лекин келажакда қилиниши лозим бўлган ишлар кўлами ҳам етарли. Келажак авлодларимиз учун ўлкамизнинг бундай бетакрор гўшаларини сақлаб қолиш—бизнинг асосий вазифамиздир.

Ҳокимхон МАҚСУМОВ,

Андижон  вилояти экология ва

атроф-муҳитни муҳофаза қилиш 

бошқармаси бошлиғи ўринбосари.


EKOPRESS.UZ. Веб-сайт ОАВ сифатида 2019 йил 13 майда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан № 1287 рақам билан рўйхатга олинган. Муассис: “EKOJURNALIST” МЧЖ. Сайт раҳбари: Қувватов.А. Таҳририят манзили: 170400, Андижон вилояти, Бўз шаҳарчаси, Ипак йўли кўчаси, 3-уй.