МАЗМУНГА БОЙ ТАДБИРЛАР
Бугун Андижонда “Плоггинг тур” ва “Пикник маданияти” тадбирлари бўлиб ўтди. Андижон вилояти экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси ҳамда соҳага алоқадор ташкилотлар ҳамкорлигида ўтказилган мазкур тадбир кутилганидагн кўра самаралироқ бўлди.
Вилоятимизнинг экотуризм масканларида вақти-вақти билан ташкил этиб туриладиган галдаги тадбир Қорадарё соҳилида уюштирилди. Унда бошқарма ходимлари, вазирлик ҳузуридаги қатор тизимлар вакиллари ҳамда экофаоллар, эковолонтёрлардан иборат 100 нафардан зиёд кўнгиллилар иштирок этишди.
Шу ўринда “плоггинг” жумласига аниқлик киритиб ўтиш фойдадан ҳоли бўлмайди. Плоггинг – маълум бир ҳудудда енгил югуриш жараёнида атрофдаги чиқиндиларни йиғиб олиш демакдир. Ушбу ҳаракат 2016 йилда Швецияда пайдо бўлган. Маҳаллий югурувчи Алик Ахлстройм эрталабки югуриш пайтида кўчаларда бир неча кундан бери ётган ахлатларни кўриб қолади ва уларни йиғиб олишни бошлайди, уларни белгиланган жойларга олиб боради. Ўзининг бу ҳаракатни ижтимоий тармоқларга жойлайди ва у тездагина оммалашиб кетади. Ўзига хос бу экоҳаракат бугун Ўзбекистонда ҳам тобора кенгайиб боряпти.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023йил 31 майдаги “Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги фаолиятини самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида” қарори ижроси доирасида ташкил этилган плоггинг иштирокчилари бир неча соат давомида Қорадарё соҳили, дарё яқинида сочилган чиқиндиларни йиғиштириб олиш билан машғул бўлдилар. Тўпланган ахлатлар эса шу ерда ҳозир бўлган махсус автомашина ёрдамида белгиланган жойга ташиб кетилди.
Табиийки, мазкур ҳудуддаги чиқиндилар ўз-ўзидан пайдо бўлмаган. Хусусан, баҳорнинг илк кунларидан табиат бағрига ошиққан юртдошларимиз дам олиш якунида ўзлари билан олиб келган маҳсулотлар қолдиғи, уларнинг идишини шу жойга ташлаб кетишган. Бу эса экологик маданиятсизлик белгиси ҳисобланади.
Шу боис, бу ерда ўтказилган кейинги акция – пикник маданияти тадбирида тоза ҳаво, яшил ва сўлим ҳудудда ҳордиқ чиқаришнинг ўзига хос талаблари ҳақида сўз борди. Уни қандай ташкил қилиш ва ўтказиш юзасидан мунозаралар юритилди.
Ҳар икки тадбир ғоятда мазмунли ўтгани боис қатнашчиларга унутилмас қувонч бағишлади. Негаки, Қорадарё қирғоғидаги каттагина майдон чиқиндилардан халос бўлди. Ҳар бир иштирокчи пикник маданияти ҳақидаги билим ва тасаввурларини янада бойитишга эришди.
Тадбир якунида унда алоҳида жонбозлик кўрсатган қатор фаоллар муносиб тақдирландилар.
Лочинбек Исомиддинов,
Андижон вилояти экология, атроф-муҳитни
муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси
матбуот хизмати раҳбари.