ҲАРАЖАТГА САБАБ БЎЛГАН ҲАРАКАТ

ҲАРАЖАТГА САБАБ БЎЛГАН ҲАРАКАТ

Табиат ва унинг неъматлари, ресурсларига нисбатан хўжасизларча муносабатда бўлиш қонун йўли билан жавобгарликка сабаб бўлади. Афсуски, буни бугун кўпчилик  яхши тушуниб етмайди  ёки билиб туриб ҳуқуқбузарликка қўл уради. Андижон вилояти прокуратураси талабномасига асосан мана шундай лоқайд фуқароларнинг айримларига қонуний чора кўрилди.

 

Ўзбекистон Республикасининг “Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар тўғрисида”ги қонунининг мақсади  муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларни ташкил этиш, муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат бўлиб, типик, ноёб, қимматли табиий объектлар ва мажмуаларни, ўсимликлар ва ҳайвонларнинг ирсий фондини сақлаб қолиш, инсон фаолиятининг табиатга салбий таъсир кўрсатиши олдини олиш, табиий жараёнларни ўрганиш, атроф табиий муҳит мониторингини олиб бориш, экологик маърифат ва тарбияни такомиллаштириш эса асосий вазифаси ҳисобланади.  

photo_2025-05-05_17-56-43

Қонунга кўра ернинг ёки сув ҳавзаларининг устувор экологик, илмий, маданий, эстетик, рекреация ва санитария-соғломлаштириш аҳамиятига молик бўлган, хўжалик мақсадидаги доимий ёки вақтинча фойдаланишдан тўлиқ ёки қисман чиқарилган участкалари муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар ҳисобланади. Табиий объектлар ва мажмуаларни сақлаб қолиш, такрор кўпайтириш ва тиклаш мақсадида муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларда муҳофаза қилиш ва фойдаланиш режими ўрнатилган бўлиб унга қатъий амал қилиш ҳар бир фуқаронинг бурчидир.   

photo_2025-05-06_17-20-01

Таассуфки, бугун орамизда ана шу тартибни бузаётганлар ҳам учраб турибди.  Андижон вилояти прокуратураси талабномасига асосан экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси Асака тумани бўлими давлат инспекторлари томонидан ўтказилган  назорат рейд тадбирлари давомида фуқаро Ф.А томонидан муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар режимини бузганлик ҳолати аниқланди. Бунинг учун ҳуқуқбузарга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий Жавобгарлик тўғрисидаги Кодексининг 82-модда 2-қисмига асосан маъмурий баённома расмийлаштирилиб, базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 баробари, яъни, 3 750 000 сўм миқдорида жарима қўлланилди.

photo_2025-05-06_17-22-07Шунингдек, бундай ҳолат Андижон вилоятининг Олтинкўл туманида ҳам аниқланди. Фуқаро Т.Хнинг  муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар режимини бузганлиги учун унга ҳам юқоридаги каби, яъни Ўзбекистон Республикаси Маъмурий Жавобгарлик тўғрисидаги Кодексининг 82-модда 2-қисмига асосан маъмурий баённома расмийлаштирилиб, базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 баробари –  3 750 000 сўм миқдорида  жарима расмийлаштирилди. Табиийки, қўлланилган ушбу чора ҳар икки ҳуқуқбузар учун яхшигина сабоқ бўлди. Чунки, ҳам табиатга, ҳам киссага зиён келтирадиган, ортиқча ҳаражатга олиб келувчи ҳаракатни ҳеч ким оқламайди ва хоҳламайди ҳам. Шундай экан, юртдошларимиздан аввало қонунларимизни яхшилаб ўқиб-ўрганиш, ҳуқуқий ва экологик маданиятга эришишда фаолроқ бўлишни сўраймиз.

Лочинбек Исомиддинов,

Андижон вилояти экология, атроф-муҳит 

муҳофазаси ва иқлим ўзгариши бошқармаси 

матбуот хизмати раҳбари.