ФАОЛЛАР ҚИЗҒИН ФАОЛИЯТДА
Ўзбекистон Экологик партияси Олтинкўл тумани Кенгаши фаоллари ва депутатлари шу кунларда аҳоли ҳамда сайловчилари орасида қатор амалий учрашувлар, тарғибот тадбирларини олиб боряптилар. Хусусан, атроф-муҳит муҳофазасига ҳисса қўшиш, экологик маданиятни юксалтириш, экология ва саломатлик мавзусидаги очиқ мулоқотлар кўзланган самарани бермоқда.
Ўтган куни Ўзбекистон Экологик партияси Марказий Кенгаши ташаббуси билан Наманган вилоятида ташкил этилган "Аёллар экофоруми"да туманимиз вакиллари ҳам иштирок этдилар. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Ёшлар парламенти аъзоси, Ўзбекистон Экологик партияси Олтинкўл туман Кенгаши "Экология ва саломатлик" аёллар клуби раиси Сафинози Мамиржонова мазкур анжуманда мамлакатимизда экологик барқарорликни таъминлаш орқали аҳоли, хусусан аёллар саломатлигининг сақлаш борасидаги ўзининг қатор таклиф ва мулоҳазаларини илгари сурди. Айни масалада бошқа вилоятлардан келган партиядошлари билан ўзаро тажриба алмашишга хизмат қилувчи давра суҳбатининг энг фаол иштирокчиларидан бири бўлди.
Мазкур тадбир давомида Ўзбекистон Экологик партияси Олтинкўл туман Кенгаши "Экология ва саломатлик" аёллар клуби томонидан биринчи ярим йилликда амалга оширилган ишлар сарҳисоби, шунингдек, келгусида амалга оширилиши лозим бўлган муҳим устувор вазифалар ҳақида маълумотлар берилди.
Бугун эса Сафинози Мамиржонова ташаббуси билан бир гуруҳ партиямиз фаоллари Олтинкўл туманининг “Оқтепа” маҳалла фуқаролар йиғинига ташриф буюрдилар. Бу ерда улар маҳалла ёшлари билан ҳамкорликда “Экологик тоза ҳудуд” шиори остида плоггинг акциясини ўтказдилар. Акция доирасида қишлоқ ҳудудидан ўтувчи “Андижон-Наманган” катта автомагистрал йўли четлари, маҳалла кўчалари ва гузарларидаги баъзи чиқиндилар йиғиштириб олинди. Маҳалла аҳолиси ва ёшлар орасида чиқиндиларни дуч келган жойга ташламаслик, уни сараланган ҳолда махсус чиқинди йиғиш пунктларига олиб бориш зарурлиги, атроф-муҳит тозалиги саломатлигимизнинг бош омили эканлиги ҳақида атрофлича тушунтириш берилди.Хусусан, айни масалада давлатимиз раҳбари томонидан жорий йил 15 майда имзоланган “ 2030 йилгача бўлган даврда аҳолининг экологик маданиятини юксалтириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида” қарори ва шу асосда қабул қилинган Концепциянинг мазмун –моҳияти, мақсад ҳамда вазифалари ҳақида батафсил маълумот берилди.
Шунингдек, Ўзбекистон Экологик партияси Олтинкўл тумани Кенгаши фаоллари жойларлда аҳоли вакиллари томонидан билдирилаётган турли мурожаатларга ўз вақтида муносабат билдирмоқдалар.Қисқа фурсатларда мурожаат мазмуни, мақсади ўрганилиб, ваколат ҳамда имконият доирасида ижобий ҳал қилиш чоралари кўриляпти. Жумладан, ўтган куни Олтинкўл туманининг "Мақсад" маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида истиқомат қилувчи фуқаро Шоҳрух Комилов ҳозирда оғир бетоб эканлигини, моддий етишмовчилик сабаб керакли дори воситаларини харид қила олмаганлигини баён этиб, туман Кенгаши депутатларига мурожаат этди.
Мазкур мурожаатга асосан “Чаққон” ва “Эркин” округидан халқ депутатлари туман Кенгаши депутатлиги сайланган Худоберди Райимжонов, Шаҳноза Мамадалиева ва бошқа фаоллар биргалашиб мурожаатчининг ҳолидан хабар олинди. Шу ернинг ўзида малакали шифокорлар жалб этилиб, фуқаро тиббий текширувдан ўтказилди. Тайинланган муолажа талабларига кўра зарур дори-дармонлар фаоллар томонидан олиб келинди ва мурожаат ўзининг ижобий ечимини топди. Бундан мамнун бўлган фуқаро эса партиямиз фаолларига ўзининг самимий миннатдоорчилигини билдирди.
Сардорбек Азимходжаев,
Ўзбекистон Экологик партияси
Олтинкўл тумани Кенгаши раиси.