ДАРАХТЛАР ДУНЁНИ ҚУТҚАРАДИ
Иқлим ўзгаришлари бугун дунёдаги энг муҳим глобал муаммо саналади. Унинг асосида ер юзидаги ҳароратни доимо мўътадил сақлаб турадиган дарахтзорлар, ўрмонларга нисбатан нохолис муносабат ётади. Кейинги юз йилликда ўрмонларни шавфқатсиз кесилиши, чексиз яшил майдонларга қирон келтирилиши айни дамда инсоният бошига қатор фалокатларни ёғдиряпти.
Мутахассисларнинг маълумот беришича, ҳозирги кунда ҳар йили курраи заминда 13 миллион гектаргача ўрмонлар кесиб юбориляпти. Таққослаш учун айтганда, бу бутун бошли Англия давлатининг ҳудудига тенг. Шунингдек, 70 миллион гектарга яқин ўрмонлар ёнғинлардан зарар кўряпти. Ўша йўқотилаётган ўрмонзорлар ҳавога чиқарилаётган зарарли тутун ва чангларнинг 18 фоизини ушлаб қолиши мумкинлигини ҳисобга олсак, ҳар йили инсоният қанчалик тоза ҳавони бой бераётганлиги аниқ бўлади. Бошқачароқ айтганда, шунча майдон йил давомида дунё бўйича барча автомобилларнинг ҳавога чиқараётган карбонат ангдридни тутиб қолади. Шунингдек, 85 фоиз катта-катта шаҳарларнинг ичимлик суви манбаи ана шу ўрмонлардан келади ва йил сайин бу борадаги танқисликнинг қанчалар ортиб бораётганлигини ҳам тушуниш мумкин.
Шундай экан, бугун дарахт ва ўрмонларни кесиш эмас, уларнинг ўрини тезкорлик билан тўлдириш талаб этилади. Бу борада мамлакатимизда давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан хайрли ташаббус – “Яшил макон” умумиллий лойиҳасини эълон қилиниши айни муддао бўлди. Даставвал умумиллий ҳаракати саналган бу тадбир бугунга келиб давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди. Тўғри-да, эндиликда бизга ўз бағридан барча неъматларни берган табиат, унинг яшил белбоғини асраб-авайлаш, оқилона фойдаланиш борасида ижобий ўзгариш қилинмас экан, эртага кеч бўлади.
Мамнуният билан таъкидлаш жоизки, бугун “Яшил макон” умумиллий лойиҳасида бизнинг Хонобод шаҳридаги Тошохур ўрмон хўжалиги жамоаси ҳам фаол иштирок этмоқда. 5300 гектарлик ҳудудимиз асосан қайрағочзорлар, симохзорлар, ёнғоқзорлардан иборат. Бундан ташқари қишлоқ хўжалиги ажратилган ерларимиз ҳам бор. 100 гектар майдонда эса ихотазор ташкил қилиноқда. Бунинг учун етарли миқдорда кўчатлар парвариш қилиняпти.
Бизнинг фаолиятимизда камёб дарахт кўчатлари етиштириш асосий йўналишлардан бири. Хорижий давлатлар, асосан Туркиядан кўпгина манзарали дарахт турларини олиб келганмиз. Оқ қайин, голубой ель, кист дарахти кўчатлари ана шулар сирасига киради. Бундан ташқари Андижон давлат ўрмон хўжалиги томонидан вилоятимизнинг адирлик ҳудудларида катта майдонларда хандон писта боғлари ташкил қилиняпти. Айнан писта кўчатлари ҳам бизнинг хўжалигимизда етиштириляпти.
Тошохур ўрмон хўжалиги жамоаси “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси ижроси доирасида ҳам кенг кўламли ишлар олиб боришяпти. “Яшил белбоғ”лар яратиш, маҳалла ва гузарларни, дам олиш масканлари ҳамда йўл, кўча бўйларини соя-салқин, яшил ҳудудга айлантириш учун 12 000 тупдан зиёд турли манзарали ва мевали кўчатлар етказиб берилди. Бу ишда салкам ўттиз кишилик жамоамизнинг Шавкатбек Ҳолматов, Бахтиёржон Қурбонов ва Абдуллажон Абдувалиев сингари табиатсевар, дарахтларга меҳр қўйган жонсарак ходимлари фидойилик кўрсатиб меҳнат қилишмоқда.
Хонобод асли мамлакатимизнинг энг сўлим, гўзал ва бетакрор шаҳарларидан бири. Қуёш даставвал шу ердан бош кўтаради. Унинг ҳарорати Кампирровотдан тортиб Хонтоққача, Фозилмондан тортиб Султонободгача бўлган ҳудуддаги турфа дарахтларга ўзгача чирой бахш этади. Шаҳар кўчаларидаги оққайинлар, игнабаргли дарахтлар ҳар қандай кишини ўзига мафтун этади. Ундан чиқадиган мусаффо ҳаво минг дардга даво. Фахрли жиҳати шундаки, ана шу дарахтлар ҳам айнан бизнинг ўрмон хўжалигимизда етиштирилган.
Яна бир янгилик. Юртбошимизнинг бу галги Андижонга ташрифи ғоят самарали, қатор янгиликларга бой бўлди. Хусусан, эндиликда Кампирраввот туризм қишлоғига айлантириладиган бўлди. Режага кўра 92 гектар майдонда яшил ҳудудлар, дам олиш масканлари, соя-салқин парклар ташкил этилади. Умумий овқатланиш масканлари, сервис хизмати шаҳобчалари фаолият бошлайди. Қўшимча тарзда қатор меҳмон уйлари қурилади. Туризм қишлоғидаги яшилликни таъминлаш учун Тошохур ўрмон хўжалиги жамоаси бутун масъулиятни ўз зиммасига олади. Яъни, ходимларимиз Кампирраввот туризм қишлоғида 4 та яшил парк ташкил қилади. Бу паркларга ҳудуд иқлимига мос манзарали дарахтлар танлаб олинади. Уларни етказиб бериш, экиш ва парвариш қилишда ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ташкилотлари, қурилиш компаниялари билан ҳамкорликда ишлаймиз. Шу тариқа мавжуд имкониятимиз, куч ва салоҳиятимиз, ғайрат-шижоатимизни нафақат Хонобод шаҳри, балки, бутун мамлакатимизни янада обод, кўркам ва мафтункор қилишга сарфлаймиз.
Шу ўринда ҳар бир юртдошимизни кўчат экиш, яшил ҳудудларни кўпайтиришда фаол бўлишга чақирамиз. Негаки, дарахтлар нафақат тоза ҳаво манбаи, балки ҳаёт фаолиятимиздаги бошқа йўналишларда ҳам кўп асқотади. У қурилиш, мебелсозлик, қоғоз ишлаб чиқариш, саноатда ва кемасозликнинг асосий хом ашё базаси саналади. Агар ҳовлингиз ёки кўчангизга бир йил кўчат эксангиз, йиллар давомида унинг соясидан баҳра оласиз. Бошқачароқ айтганда, дарахтлар, хусусан, ўрмонлар бугун бутун дунёни ўйлантираётган глобал муаммо – иқлим ўзгаришларининг олдини олишда асосий манбаа ҳисобланади. Олимларнинг таъкидлашича, агар йил сайин ўрмонларни кенгайтириб борилса, маълум бир вақт ўтиб ер юзидаги илиб бораётган ҳароратни ўз меъёрига қайтариши мумкин. Ҳавони зарарли чиқиндилардан тозалайди. Ҳақиқий маънода Она заминнинг ўпкаси вазифасини бажариб беради. Шундай экан, мана шундай хайрли тадбирдан четда қолманг, дарахт экинг – дилингиз қувнайди, дарахт экинг –кўнглингиз яшнайди, дарахт экинг – умрингиз узоқ бўлади.
Салоҳиддин Сиддиқов,
Тошохур ўрмон хўжалиги бошлиғи,
халқ депутатлари Хонобод шаҳар
Кенгаши депутати.