ЎРМОНЛАР – ИМКОНИЯТ ДЕМАКДИР

ЎРМОНЛАР – ИМКОНИЯТ ДЕМАКДИР

Мутахассисларнинг таъкидлашича, Она сайёрамизда юзага келган “иссиқхона эффекти” сабаб яқин ўн йиллар ичида кўплаб ороллар  ва орол давлатлар сув остида қолиши мумкин. Иқлим ўзгариши бўйича ҳукуматлараро экспертлар гуруҳининг ҳисоботларида айтилишича, Антарктида, Арктика ва Гренландия музликларининг эриши натижасида жаҳон океанларининг суви аста-секин исийди ва сатҳи сезиларли даражада кўтарилиб боради.    

 

Мазкур йўналишда кузатишларни олиб бораётган  олимлар 2100 йилга бориб денгиз сатҳи ҳозиргидан 0,5-2 метргача кўтарилиши мумкинлигини тахмин қилишмоқда. Бу ўз навбатида кўз ўнгимизда бир қатор мамлакатларнинг сув остида қолишини англатади. Биринчилардан бўлиб сув остига Тинч ва Ҳинд океанларидаги орол-давлатлар “шўнғийди”. Бу орол-мамлакатларнинг бутунлай бўлмаса-да, қисман, айниқса, сайёҳларга мўлжалланган иншоотлари, инфратузилмалари жойлашган қисми сув остида қолиши айтилмоқда.   

222-2
Маълумотда Маршалл ороллари, Кирибати Республикаси, Тувалу, Тонга, Микронезия Федератив Штатлари, шунингдек, Кука, Атигуа, Невис ва сайёҳларнинг севимли маскани бўлмиш Мальдив оролларининг сув босиши таъкидлаб ўтилган.  Жаҳон океанлари кичик ёки катта давлатларга қараб ўтирмайди.  Хавф нафақат орол давлатларга, балки Европадаги гуллаб-яшнаётган мамлакатларга ҳам яқинлашмоқда. Олимлар бу борада Голландияни назарда тутишади. Делфт технологик университети олимлари бундан бир неча йил муқаддам бонг уриб, Нидерландиянинг сув остида қолиши муқаррар эканини айтишган ва аҳолини хавфсиз жойга кўчириш таклифини берган эди. Башоратларга кўра, Копенгаген, Антверпен, Лондон ва Венеция ҳам сув остида қолиш хавфи бўлган шаҳарлар рўйхатига киритилган.  

Осиёда Бангладеш, Бангкок, Мумбай ва Хитойнинг соҳил минтақалари, Африканинг баъзи мамлакатлари,  Австралиянинг  80 фоиз аҳолиси истиқомат қиладиган майдонлари, Америкада эса Нью-Йорк, Янги Орлеан ва Лос-Анжелес, Флорида, Луизиана, Калифорния, Нью-Жерси, Шимолий Каролина штатларида жойлашган 1400 шаҳар хавф остида қолади. Лотин Америкасидаги Уругвай ва Парагвай, шунингдек Аргентина пойтахти Буэнос-Айрес ҳам сув остида қолиши мумкин.    

ўрмон2
Ҳа, экологик  муаммолар сабаб юзага келган “иссиқхона эфекти” инсоният учун нақадар жиддий хавф эканлиги кўриниб турибди. Чунки,  олимларнинг юқоридаги тахминларида жон бор. Аммо, ҳалокатнинг олдини олиш, жилла қурса секинлаштириш мумкин. Бунинг учун голландиялик олимлар таклиф этганидек, ўрмонзорларни кўпайтириш керак. Уларнинг  фикрича, ўрмонзорлар “иссиқхона эффекти”ни пасайтириш, зарур даражада кўпайтирилганда эса йўқотиш имкониятига эга. Фақатгина ўрмонзорларгина курраи заминдаги ҳароратни ўз меъёрига олиб кела олади. Демак, ҳали имконият бор. Инсоният ундан қанчалар самарали фойдалана олса, муаммолар шунчалар тез барҳам топади.