ТОҒЛАР БАҒРИДАГИ ПИКНИК
Фарғона вилояти экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси томонидан вилоятидаги экофаоллар Кенгаши аъзолари учун Сўх туманига саёҳат ташкил этилди. Иштирокчилар тоғлар бағридаги эътиборга лойиқ манзилларда бўлдилар, халқаро экологик билимлар куни тадбирларида қатнашдилар.
Саёҳатга бошқарманинг 15 нафар экофаоллари жалб этилди. Улар Сўх туманидаги зиёратгоҳлар, экотуризм марказларига ташриф буюришди. Бундан асосий мақсад экофаоллар билан ҳамкорлик тадбирларини амалга ошириш, ёшларда Она табиатга бўлган билимларни ошириш, экологик маданиятни шакллантириш маданий ҳордиқ кўзда тутилганди.
Даставвал экофаолларга Сўх тумани ҳақида атрофлича маълумот берилди. Майдони 22472 гектардан иборат бўлган бу ҳудуд Қирғизистон Республикасининг Боткен вилоятидаги Боткен ва Қадамжой туманлари оралиғида жойлашган. Туманда 27 та қишлоқ бўлиб, аҳолиси 82 минг нафарни ташкил қилади. Аҳолининг 99 фоизи тожик миллатига мансуб. Бундан ташқари туманда қирғиз, ўзбек ва бошқа миллат вакиллари ҳам истиқомат қилади.
Икки кунлик ташриф давомида вилоятдан ташриф буюрган меҳмонлар тоғлар бағрида пикник тадбири ўтказдилар. Сўх туманининг табиати, тоғли ҳудудлардаги манзаралар ҳамда Сўх дарёси тарихи билан яқиндан танишдилар. Очиқ ҳавода, табиат қўйнида дам олиш имкониятларини намойиш этиш, табиатни асраб-авайлашни тарғиб қилиш, истироҳат боғлари ва хиёбонларда туризм хизматларига бўлган эҳтиёжни қондиришга йўналтирилган туризм фаолияти субъектларининг фаоллигини ошириш, экотуризмни ривожлантиришга эришиш пикник тадбирининг бош ғояси бўлди.
Маълумот учун, пикник - бу замонавий маънода табиат қўйнида таомланиш, гўзал манзарали жойлар, боғ, кўл бўйлари ёки ўрмонларда ташкил этиладиган дам олиш туридир.
Ташриф давомида экофаоллар туманнинг Чашма қишлоғидаги Чашма булоғи билан яқиндан танишдилар. Суви тиниқ ва мазали бу булоқдан маҳаллий аҳоли – тожик ва қирғизлар, барча сўхликлар фойдаланиб келади. Булоқ атрофида табиатнинг гард инмаган гўзаллиги ҳукмрон. «Экологик тоза ҳудуд» номига даъвогар бўлган мазкур булоқ сувининг кўп хасталикларга даво бўлиш хусусияти ҳам бор.
Шу ва бошқа маълумотлар экофаолларнинг она табиат ҳақидаги тасаввурларини бойитиш билан бирга уларга мазмунли ҳордиқ, етарлича таассурот ҳам ином этди.
Гулноза Тўхтасинова,
Фарғона вилояти экология, атроф-муҳитни
муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси
матбуот хизмати раҳбари.