ШУҲРАТ АКАНИНГ “ШУҲРАТ”И
Ўтган куни давлатимиз раҳбарининг “Тадбиркорлар куни муносабати билан соҳа вакилларидан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида”ги фармони эълон қилинди. Унга кўра Андижон вилояти, Асака туманидаги “Барака ҳамкор парранда” хусусий корхонаси раҳбари, Ўзбекистон Экологик партиясидан халқ депутатлари Асака тумани Кенгаши депуутатлигига сайланган депутат Шуҳратбек Алиев “Шуҳрат” медали билан тақдирланди. Бу эътироф нафақат тадбиркорни, балки унинг сафдошлари, хусусан Ўзбекистон Экологик партияси фаолларини ҳам ғоят мамнун қилди.
Бунинг ўзига хос сабаб бор. Чунки, Шуҳратбек Алиев тадбиркорлик билан бир пайтда сайловчилари ҳурматини қозониб келаётган депутатларимиздан бир саналади. Унинг номзоди ўтган йил куздаги сайловларда 9-Ниёзботир сайлов округидан кўрсатилган ва халқ депутатлари туман Кенгаши депутатига айланганди.
Шуҳрат ака бугун айни навқирон ёшда. Олтмиш ёшини меҳнат билан ошган тадбиркор 2012 йил бошида ўз бизнесини йўлга қўйганди. Йўналиш сифатида парранда наслчилигини ривожлантириш, ундан гўшт ва тухум етиштиришни кўпайтириш танлаб олинди.Товуқхона комплекси Асака тумани, Ниёзботир қишлоғи тепасидаги адирликлар орасида, Меҳнатобод маҳалласи ҳудудида бунёд этилди. Мавжуд 159 гектар майдоннинг 58 гектарига бино ва иншоотлар жойлаштирилди.
Йиллар ўтиши билан корхона жадал ривожланиб борди. Ишлаб чиқаришда асосан замонавий технологиядан фойдаланилди. Наслчиликни ривожлантириш учун хориждан, Венгриядан жўжалар келтирилди. Улар талаб даражасида парвариш қилингани сабаб тездагина самара берди. Корхонада бугун жами 877 минг бош товуқ павариш қилинаётган бўлса, уларнинг 298 минг боши тухум, 530 минг боши гўшт йўналишига мослашган. Ҳар иккисининг йиллик умумий миқдори 4 770 000 бошни ташкил қилади.
Аҳамиятли жойи шундаки, паррандачилик корхонасининг ривожланиб бориши асносида бу ерда ишловчилар сони ҳам ортиб боряпти. Ҳозирда “Барака ҳамкор парранда” хусусий корхонасида 225 нафар ишчи-хизматчилар меҳнат қилаётган бўлса, улар орасида ўз ишининг устаси бўлган мутахассислар кўпчиликни ташкил қилади. Айни дамда йиллик ишлаб чиқариш, мос равишда даромад миқдори ҳам ортиб боряпти. Бунинг учун кейинги уч йиллик фаолиятни таҳлил қилиш етарли бўлади. Яъни, 2022 йил якунига кўра корхонада 9,1 миллиард сўмлик 3 миллион бош жўжа, 15,9 миллиард сўмлик тухум, 32,9 миллиард сўмлик 2,9 минг тонна гўшт етиштирилган бўлса, 2003 йилда бу миқдор 10 миллиард сўмлик 4,2 миллион бош жўжа, 16,7 миллиард сўмлик 17, 269 минг дона тухум, 46,9 миллиард сўмлик 3,4 минг тонна гўшт ишлаб чиқаришга эришилган. Ўтган 2024 йилда эса жўжалар сони 5,7 миллион бошга, тухум миқдори 32,6 мингтага, гўшт етиштириш эса 5,7 минг тоннани ташкил қилди. Булардан олинган умумий даромад миқдори эса 118,7 миллиард сўмга етди.
“Барака ҳамкор парранда” хусусий корхонасининг бу йилги режалари ҳам чакки эмас. Биргина маҳсулот экспорти ҳажми 800 минг долларга етказилади. Асосий эътибор ишлаб чиқариш таннархини камайтиришга қаратилади. Бунда корхонада йиллик ишлаб чиқариш қуввати 18 минг тонна кучли бойитилган омухта ем тайёрлаш цехининг ташкил этилиши яхши натижа беряпти. Шунингдек, янги барпо этилган товуқхоналарда замонавий технология ёрдамида сиғим миқдори оширилди. Аввал 14 та цехда 350 минг бош товуқ боқилган бўлса, ҳозирда шунча товуқ атиги 4 та цехда парвариш қилиняпти. Бунда асосий энергия манбаии – табиий газ ва электрдан фойдаланиш кескин камаяди. Нисбатан торроқ катаклардаги товуқлар кам қимирлаш ҳисобига тезроқ семиради. Натижада 1 килограмм товуқ гўшти етиштириш аввалгига нисбатан 20 фоизга арзонлашади.Яна бир эътиборли жиҳати шундаки, эндиликда гўшт йўналишидаги наслли тухумлар корхонанинг ўзида етиштириляпти. Бунинг эвазига наслли тухумлар импортига йўналтирилаётган 1 миллион АҚШ доллари тежаб қолиняпти.
Корхонанинг озуқа базасини ривожлантириш учун ажратилган 50 гектар ердан унумли фойдаланиляпти. Кейинги йилларда атрофда бўш турган ерлардан яна 90 гектари ўзлаштирилди. Бугун бу майдонлар ҳам озуқа етиштиришнинг асосий омилига айланди. Ҳудуддаги майдонлар асосан дашт ва қўриқ, сув олиб келиш қийин бўлган адирликлар эканлиги ҳисобга олинса, бу ерда бир қарич ернинг ҳам ўзига яраша қадри бор.
Шуҳратбек Алиев элни ўйлаб, халқ дастурхонини бойитишни режа қилиб, бу йўлдаги барча машаққату-заҳматларга рози бўлиб меҳнат қилгани боис асло кам бўлмади. Ҳаракат ва ҳаражат ўзини оқлади. Эзгу мақсад рўёбга чиқди. Бугун ўзининг дадил ривожланиш йўлига тушиб олган “Барака ҳамкор парранда” хусусий корхонаси ўз фаолиятини янада кенгайтириб боряпти. Жумладан, корхонанинг Қорақалпоғистон Республикасидаги филиали ҳам тез орада ўз фаолиятини бошлайди. Бу филиалда 200 минг бош она товуқ боқилади. Вақт ўтиши билан гўшт ва тухум етиштириш миқдори ортиб боради. Мамлакатимизнинг энг чекка ҳудуди аҳолиси ҳам асакалик тадбиркорнинг маҳсулотидан баҳраманд бўлишади.
Мухтасар қилиб айтганда, ҳалол меҳнат, азму-шижоат Шуҳрат аканинг шуҳратини элга ёйди. Шунга монанд тарзда унинг меҳнати мамлакатимизнинг “Шуҳрат” медалига муносиб кўрилди. Бу рағбат, бу эътибор тадбиркор-депутатни янги марралар сари руҳлантириши табиий. Шунингдек, депутатимизнинг мазкур ютуғи унинг сафдошлари – Ўзбекистон Экологик партияси фаоллари, депутатлар ҳамда экофаолларни ҳам янада ғайрат билан ишлашга ундайди. Шундай экан, биз ҳам Ўзбекистон Экологик партияси Андижон вилоят Кенгаши номидан Шуҳратбек Алиевни юксак мукофот билан қутлаш баробарида тадбиркорлик ва депутатлик борасидаги ишларига янада ривож, ўзига эса сиҳат-саломатлик тилаймиз.
Хуршидбек Юсупов,
Ўзбекистон Экологик партияси
Андижон вилояти Кенгаши раиси.