ЧЎЛ ЎРНИДА ГУЛЛАЁТГАН ЧАМАН

ЧЎЛ ЎРНИДА ГУЛЛАЁТГАН ЧАМАН

Улуғнор Андижон вилоятининг кенжа, қўриқ ва шароити бир қадар мураккаб туманларидан бири.Бу ҳудудда деҳқончилик қилиш, боғ яратиш бошқа ҳудудларга нисбатан икки карра кўпроқ меҳнат, эътибор талаб қилади. Шунга қарамай  чўлқуварларнинг бетиним меҳнати ўзининг самарасини бермоқда. Туман маркази, олис қишлоқлар обод ва кўркам бўлиб бораётир.

 

Бу борада  Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023  йил 23 ноябрдаги "Республикада яшиллик даражасини янада ошириш, "Яшил макон" умуммиллий лойи ҳ асини изчил амалга ошириш ор қ али экологик бар қ арорликни таъминлаш чора-тадбирлари тў ғ рисида"ги  фармони ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 30 ноябрдаги “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида амалга оширилаётган тадбирларни қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорлари муҳим дастуриламал бўлди. Ушбу ҳужжатлар ижросига алоҳида эътибор қаратган улуғнорликлар ўтган йилнинг кузи ҳамда жорий йил кўкламида туман ҳудудига 640 минг туп дарахт ва бута кўчатлари экишди. Аввалги дарахтларга ҳамоҳанг  гуркираб ривожланаётган бу кўчатлар ҳозирданоқ атрофга яшиллик бахш этяпти. Туман маркази, асосий автомобиль йўллари бўйидаги манзара кишига ўзгача завқ бағишлайди.  

CZ3B9782
“Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси ижросида барча корхона ва ташкилот вакиллари, хусусан ер эгалари ҳисобланган фермерларимизнинг меҳнатини алоҳида эътироф этиш жоиз. Айнан улар мазкур ҳаракатнинг олдинги сафида боришяпти. Чунки, йўл бўйи ва дала четларига дарахт экиш улар учун аввало қўшимча даромад келтирса, иккинчидан катта майдонлардаги қум кўчишининг олдини олади. Шу боис бўлимимиз ходимлари ҳар бир фермер хўжалиги раҳбари билан алоҳида суҳбатлашиб дарахт экишнинг аҳамияти ҳақида етарлича тушунча бериб боряптилар. Натижа эса қувонарли. Жумладан, бугун тумандаги қатор фермер хўжаликлари меҳнати билан “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида туманимизга белгиланган режа ҳар галгидан-да ортиғи билан адо этилди.   

CZ3B9783
Дарҳақиқат, Улуғнор туманидаги кўчат экиш ишлари қамрови эътиборга лойиқ. Энг муҳими юртдошларимиз дарахтлар бизнинг энг яқин таянчимиз, табиат ва жамият учун бирдек фойдали эканлигини тушуниб етишди. Шунинг учун бўлса керак маҳалла ва ташкилотларда ҳам яхшигина натижалар бор. Хусусан, тумандаги қишлоқ хўжалиги  тизими  ходимлари кузги ва баҳорги мавсумдаги “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасида фаол иштирок этишмоқда. Маҳалладаги амалий ишлар натижасида Мингбулоқ, Мингчинор  ва Оқолтин  сингари катта-катта қишлоқлар аллақачон обод ва кўркамликда шаҳардан қолишмайдиган кўринишга эга бўлди. Бу қишлоқлар,    яна бошқа қатор маҳаллаларда ҳам дарахт ва гул экиш, атрофни кўкаламзорлаштириш борасидаги тадбирлар кўлами кенгайди.   

CZ3B9784
Шунингдек, асосан текисликдан иборат бўлган туман ҳудудида табиий сақланган ҳудудлар, қумтепалар, юлғунзор ва янтоқзорлар ҳам кўп. Тупроғи асосан бўзтупроқ, кучсиз шўрланган. Бу ерда шўра, шувоқ, момоқаймоқ, қамиш, мингдевона, янтоқ, ажриқ, юлғун, оқбош, отқулоқ, қирқбўғин, ғумай, қўйпечак, ялпиз сингари ўсимликлар ўсади.  Ёввойи ҳайвонлардан эчкемар, тошбақа, тулки, қуён, илон, калтакесак, қушлардан лайлак, ўрдак, чумчуқ, сўфитўрғай, қарға, мусича яшайди.

CZ3B9775
Улуғнорда кўкаламзор ҳудудларнинг кенгайиши, дарахтзорларнинг кўпайиб бориши ўсимлик ва ҳайвонот дунёси, шунингдек, асосий йўналиш –  аграр тизимга ҳам катта фойда келтиради. Шундай экан, туманда  “Яшил макон”  умуммиллий лойиҳаси доирасидаги тадбирлар  кўлами ортиб бораверади. Бир пайтлар чўл саналган ҳудудлар ўрнида эндиликда чаманзорлар барпо бўлмоқда, юртдошларимиз меҳри ва меҳнати билан гуллаб-яшнамоқда.  

Азизбек Мамадалиев,   

Андижон вилояти экология, атроф муҳит   

муҳофазаси ва иқлим ўзгариши бошқармаси  

туман бўлими бошлиғи.