ТУРИСТЛАР ТАШРИФИ ЯНАДА КЎПАЯДИ
Фарғона шу ном билан аталувчи гўзал водийнинг бетакрор манзилларидан бири саналади. Шу боис вилоятимизга унинг чиройи ҳамда сўлим масканларини томоша қилиш, мириқиб ҳордиқ чиқариш мақсадида ташриф буюрувчилар сони йил сайин ортиб боряпти. Аниқроқ айтганда, 2024 йилда Фарғонага келган туристлар сони аввалги йилга нисбатан 1,7 баробарга кўпайди.
Бу ўз-ўзидан бўлгани йўқ. Бу борада вилоят туризм бошқармаси ҳамда алоқадор ташкилотлар томонидан қатор амалий ишлар бажарилди. Хусусан, вилоятнинг туризм борасидаги жозибадорлигини ошириш, турист ва сайёҳлар учун замонавий шароитлар яратиш, экотуризмни ривожлантириш, Фарғонанинг диққатга сазовор жойларини кенг тарғиб қилишга алоҳида эътибор қаратилди. Натижада 2024 йил давомида вилоятимизга ташриф буюрган сайёҳлар сони 3 миллион 550 нафарни ташкил этди. Уларнинг 3 миллион 75 минг нафари ички ва 475 минг нафари хорижий сайёҳлар ҳиссасига тўғри келади.
Шунингдек, вилоятимизда туризм хизматлари экспорти 147,8 миллион долларни ташкил қилди. Бир нафар сайёҳнинг вилоятимизда бўлиш муддати ўртача 4-5 кунга тўғри келди. Сайёҳларнинг вилоятдаги хизматлардан фойдаланиш учун сарфи ўртача 310 долларга тўғри келди. Бу рақамлар ўтган йилларга нисбатан сезиларли даражада ортганлиги алоҳида эътиборга лойиқ.
Шунингдек, 2024 йил давомида вилоятимизда янги 19 та туристик объектлар ташкил этилиб, уларнинг сони 361 тага етказилди. Улар сирасига 47 та меҳмонхона, 277 та оилавий меҳмон уйлари ва бошқа турдаги туризм масканлари, 37 та хостеллар киради.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 11-12 июл кунлари Фарғона вилоятига ташрифи давомида берган топшириқлари ва кенгайтирилган тарзда ўтказилган йиғилишнинг тегишли баёнига асосан вилоятдаги меҳмонхоналарга юлдуз тоифасини олиш чораларини кўриш вазифаси юклатилган. Олиб борилган амалий ишлар натижасида вилоятдаги 10 та меҳмонхона юлдуз тоифасига эга бўлди.
Бундан ташқари вилоятимизда хорижий ва маҳаллий сайёҳларни янада жалб қилиш мақсадида ўтган йил давомида йигирмадан ортиқ фестиваллар юқори савияда ташкил этилди. Маҳаллий туризм салоҳиятини хорижда тарғиб қилишга катта эътибор берилди. Жумладан, Япониянинг “Asahi TV” телеканали ва Малайзиянинг “RTM” телеканали ижодкорлари томонидан ҳужжатли фильмлар суратга олинди. Шунингдек, бугунги кунда Фарғона вилоятининг туризм салоҳиятини тарғиб қилувчи роликлар “BBC” телеканали орқали бутун Европа мамлакатлари бўйлаб эфирга узатиб борилмоқда.
Албатта, эришилган натижалар ўзимизники. Аммо, бу билан чекланиб қолмаймиз.Чунки, 2025 йил давлатимиз раҳбари томонидан “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил” иқтисодиёт йили” деб эълон қилинди. Демакки, янги йилда туризм, хусусан, экотуризмни ривожлантириш борасида янада кенг қамровли ишлар олиб борилади. Вилоятимизнинг Шоҳимардон, Еттибулоқ, Саткак ва Чимён сингари қатор диққатга сазовор жойларида хорижий ва маҳаллий сайёҳлар учун қўшимча шароитлар яратилади. Хизмат сифатини ошириш, янги-янги туризм объектларини ишга тушириш чоралари кўрилади. Табиийки, бу тадбирларнинг барчаси Фарғона вилоятининг туризм салоҳиятини оширишда бош омил сифатида сайёҳлар сонини кескин ортиб боришига хизмат қилади.
Ҳуршиджон Aҳмедов,
Фарғона вилояти ҳокими ўринбосари,
вилояти туризм бошқармаси бошлиғи.