БУГУН – БУТУНЖАҲОН ТОЗАЛИК КУНИ

БУГУН – БУТУНЖАҲОН ТОЗАЛИК КУНИ

Чиқиндилар масаласи бугун  бутун дунё бўйлаб глобал муаммога айланиб қолди. Ҳар йили атроф-муҳитга ва сувга миллионлаб тонна ахлат ташланяпти. Ҳолбуки, ана шу чиқиндиларни қайта ишлаш, хомашё сифатида фойдаланиш мумкин. Афсуски, бу борада ҳали бажарилиши лозим бўлган тадбирлар етарли. Бугун жойларда “Бутунжаҳон тозалик куни” муносабати билан ташкил этилган тадбирларда шу ҳақда таъкидлаб ўтилди.  

 

“Бутунжаҳон тозалик куни”ни ташкил этиш ва ўтказиш ғояси даставвал  2008 йилда Эстонияда вужудга келган.  Ўша пайтда мамлакат бўйича йиғилган  50 000 нафар кўнгиллилар атроф-муҳитни чиқиндилардан тозалаш учун бир мақсад йўлида бирлашдилар. Табиийки, ушбу ҳаракат кутилган натижани берди ва йил сайин қатор мамлакатлар бўйлаб оммалашиб бормоқда. Бугунга келиб  тадбир  ер юзидаги 200 дан ортиқ мамлакатда алоҳида нишонланаётган йирик ижтимоий ҳаракатга айланди. Ўзбекистонда эса бу йўналишдаги амалий тадбирлар  2019 йилдан бошланди. Шундан бери ҳар йили “Бутунжаҳон тозалик куни”  бутун республика бўйлаб уюшқоқлик билан ўтказиб келинаётир.   

photo_2025-09-20_14-07-24

Жумладан, бугун ҳам  эрта тонгдан Андижон шаҳридаги Заҳириддин Муҳаммад Бобур номидаги маданият ва истироҳат боғида ҳудудни чиқиндилардан тозалаш учун “Ҳаёт учун жой ажратайлик” шиори остида оммавий плоггинг тадбири ташкил этилди. Андижон вилояти экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси  ходимлари, турдош ташкилотлар ҳамда 100 нафардан ортиқ табиатсевар кўнгилли ёшлар иштирокидаги мазкур тадбирда  истироҳат боғи ва Боғишамол адирликлари узра ташлаб кетилган турли чиқиндилар йиғиб олинди. 

photo_2025-09-20_14-25-33
Ўзбекистон Республикаси Президентининг  2023 йил 31 майдаги “Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги фаолиятини самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги  қарори ижроси доирасида ўтказилган мана шундай  тадбир вилоятимизнинг бошқа шаҳар ва туманларида ҳам ташкил этилди. Унда таълим муассасалари педагог-ўқувчилари, ўзини ўзи бошқариш органлари вакиллари, маҳалла фаоллари, аҳолининг турли қатламлари вакиллари, айниқса, ёшлар фаол иштирок этдилар.  

photo_2025-09-20_14-23-23

Бутунжаҳон тозалик кунини ўтказишнинг бундай тезда оммалашувига ўзига хос сабаб бор. Негаки, йилдан йилга ер юзида чиқиндилар миқдори тобора ортиб боряпти. Хусусан, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти  маълумотларига кўра, 2023  йилда бутун дунё бўйлаб атрофга ташланган ахлат миқдори 2,1  миллиард тоннани ташкил этган бўлса, бу миқдор 2050  йилга бориб 3,8  миллиард тоннага етиши мумкин.  Ҳозирда мазкур тадбирда дунёнинг 211 давлатидан 144  миллион нафар кўнгиллилар қатнашган бўлса-да, чиқиндилардан тозалаш зарурати бўлган ҳудудлар қамрови ҳам кичкина эмас. Демак, аввало атроф-муҳитни асраш, табиатни муҳофаза қилиш борасидаги билимларни  кучайтириш, аҳолдининг экологик маданиятини юксалтириш борасидаги ишларни янада кучайтириш талаб этилади. 

photo_2025-09-20_14-37-01

Шу боис Заҳириддин Муҳаммад Бобур номидаги маданият ва истироҳат боғида  ўтказилган плоггинг жараёнида фаол иштирок этган ёшлар меҳнати ташкилотчилар томонидан алоҳида эътироф этилди. Уларга  ташаккурнома ва эсдалик совғалари топширилди. 

Лочинбек Исомиддинов, 

Андижон вилояти экология, атроф-муҳитни  

 

муҳофаза  қилиш ва иқлим ўзгариши  бошқармаси  

 

матбуот хизмати раҳбари.