“СОҲИЛ” – ОРОМБАХШ МАНЗИЛ

“СОҲИЛ” – ОРОМБАХШ МАНЗИЛ

Жаннатмонанд диёримизнинг ҳар гўшаси ўзгача чиройга эга. У хоҳ қир- адир, хоҳ тоғу-тошлар бағри ва ёинки дала-даштлар бўлсин бир-бирини такрорламайдиган мафтункор кўриниши бор. Боғу-гулзорларини таърифлашга эса асти ҳожат йўқ. Қувончли жиҳати  шуки, бунёдкор замондошларимиз меҳнати билан юртимизнинг ҳар гўшаси янада обод, янада кўркам ва оромбахш бўлиб бораётир.   

 

Тарихда ўз ўрнига эга Ахсикент Наманган вилоятининг Тўрақўрғон туманида жойлашган. Қадим ва маҳобатли  Сирдарё бўйида ястанган бу манзилнинг ўтмиши ғоят бой ва қизиқарли. У тўққизинчи, ўнинчи асрларда Фарғона водийсининг маркази – пойтахти бўлган. Ҳозирда Ахсикент Наманган  вилояти туризм салоҳиятини оширишда ноёб объект ҳисобланиб, у ерда кенг қамровли қайта тиклаш, таъмирлаш ишлари олиб бориляпти. Ўрганишлар натижасида Ахсикент нафақат тарихий обида, балки ўзида 15 хил туризм маҳсулотини таклиф этадиган марказ бўлиш имкониятига эга, деган хулосага келинди. Бу ерда тарихни севадиганлар учун археологик топилмалар, очиқ осмон остидаги музейлар мажмуаси, Сирдарё балиқлари ресторанлар тармоғи, Водий ноёб қўлёзмалар кутубхонаси, зиёрат туризми объектлари, Чуст пичоғи, қиличлари устахоналари, Қўқон ипак қоғози маркази, Ахси кулолчилик устахоналари, Этно-мода маркази, камончилик, чавандозлик ва бошқа миллий ўйинларни ўз ичига олувчи этно-спорт марказларини ташкил этиш ҳаракати бошланган.  Бу тадбирлар давлатимиз раҳбарининг бундан тўрт йил аввал Ахсикент ёдгорлигига ташрифидан  сўнг бошланган.   

CZ3B2989

CZ3B3021

Бу тадбирлар давлатимиз томонидан амалга оширилаётган бўлса, наманганлик замондошларимиз ҳам бу ҳудудни экотуризм  манзилига айлантириш учун ўз ҳиссаларини қўшишга бел боғлашган. Мана шу эзгу мақсад йўлидаги ҳаракат ўз натижасини бера бошлади. Ўтган бир йил давомида Сирдарёнинг ўнг соҳилида, Ахсикент тарихий объектидан сўнг узунлиги қарийб икки километр масофада “Соҳил” дам олиш маскани барпо этилди. Тумандаги “Ахсикент соҳили” масъулияти чекланган жамияти жамаоси Сирдарё қирғоғида аввало мамлакатимизда давом этаётган “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасида фаол иштирок этишни мақсад қилишди. Бунинг учун дарё ёқалаб қирғоқдан тепага қараб 100-150  метргача бўлган ҳудуд бир текис тозалаб чиқилди. Чунки, айни ерлар авваллари қаровсизлик натижасида бегона ўт босиб ётар, одамлар томонидан тартибсиз қурилган чайла, айвонлар жойлашган бўлиб, вақтинчалик чорва боқиш мақсадида ишлатиларди. Мингбулоқ-Тўрақўрғон автойўлидан ўтган баъзи “эпчил” ҳайдовчилар бу ерга сира иккиланмай  қоп-қоп ахлат ташлаб кетишар эди.   

CZ3B3028
  CZ3B3058
Дастлаб  мана шу ҳудуд, умумий майдони ўттиз гектаргача бўлган жойни бошдан охир бир текис тозалаб чиқилди. Атрофни қоплаган бегона ўтлар, тартибсиз экилган дарахт ва буталар йиғиштириб олинди. Кейинги навбат соҳил бўйлаб “Яшил белбоғ” ташкил қилиш лойиҳасига берилди. Унинг доирасида режали тарзда экзотик ва манзарали  дарахтлар экиш бошланди. Бу билан бир вақтнинг ўзида ўша икки километрга яқин масофада дарё қирғоғига сел ва сув тошқинига қарши харсангтошлар ётқизилди. Соҳил ёқалаб кенглиги  уч-тўрт метр бўлган саломатлик йўлаклари барпо этилди. Йўлакнинг икки томонига ҳам манзарали дарахтлар, дарахтлар орасида анвойи гуллар жойлаштирилди. Шу тариқа “Соҳил”  дам олиш масканидаги қурилиш-бунёдкорлик ишлари авж олди. Ўтган бир йиллик қисқа вақтда маскан ҳудудига миллионлаб манзарали дарахтлар ва гул кўчатлари экилдики, бугун улар ял-ял яшнаб соҳилга бетакрор чирой бағишлаяпти. Ҳудуд бўйлаб ҳаракатланишни таъминлайдиган йўл эса юқори сифат билан асфальтланди. Бундай текис ва равон йўлларни авваллари киноларда кўриш мумкин эди, холос. Шу боис унда ҳаракатланаётган электроскутерлар дам олувчиларни маскан бўйлаб кўнгилли сайр қилишига хизмат қиляпти.   

CZ3B3033

CZ3B3014
Тадбиркорлар ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш билан бир пайтда экотуризмни ривожлантиришга хизмат қиладиган бино ва иншоотлар қурилишини ҳам бошлаб юборишганди. Натижада бугун ҳудудда саломатлик йўлакларидан ташқари спортнинг бир неча тури билан шуғулланишга имкон берадаган спорт-соғломлаштириш  ва дам олиш маскани фаолият бошлади. Бу ерда бир кунда тўрт юз нафаргача бўлган дам олувчилар спорт билан шуғулланиши, замонавий стадионга кириб мини футбол ўйнаши мумкин.     
 

CZ3B2978

CZ3B3061
Спорт мажмуасидан сўнг жойлашган табиий экоҳудуд  дам олувчиларга салқин ва баҳаво жойда жонли табиат билан ёлғиз қолиб хордиқ чиқаришга, гўзаллик, яшилликдан баҳра олишга чорлайди. Дарё томондан келаётган салқин шаббода эпкини, тобора кўкка бўй чўзаётган дарахт япроқларининг майин шивирлаши билан қўшилиб ҳаёт симфониясини куйлайди, гўё. Шаҳар ва унинг шовқини, турмуш ташвишлари, иш билан боғлиқ масалаларнинг барчаси унутилиб, ҳақиқий маънодаги эркинликни туйган инсоннинг нафақат мияси, асаби, балки бутун танаси мириқиб тин олади.   

CZ3B3055

CZ3B2996

Ундан кейинги навбат гастрономик туризм масканига. “Соҳил”   дам олиш масканида ўз ишини устаси бўлган ошпазлар жам бўлган. Мириқиб дам олаётган саёҳатчилар бу ерда ўзлари истаган таомни буюртма қилса бўлади ёки ўзлари тайёрлаб олишади. Шунингдек, бу ерда керагича полиз ҳамда мева-сабзавотларни ҳам сотиб олиш мумкин. Дарё ёқалаб жойлашган енгил конструкциялари дам олиш шаҳобчалари, айвонлар, ўттизга яқин сўри ва тапчанлар меҳмонлар ихтиёрида. Бундан ташқари ҳудудда оилавий дам олувчилар учун барча шароитларга эга коттежлар ҳам қурила бошланди. Улардаги шароит катта-катта шаҳарлардаги ҳар қандай юлдузли меҳмонхоналардан ҳам қулай. Энг муҳими тинч ва осуда, тоза ҳаво, ажойиб манзара, экзотик кўриниш ва табиат билан уйғунлик.  Аслида экотуризмнинг бош мақсади ҳам шу ҳисобланади.   

CZ3B2933

CZ3B2955

“Соҳил”  дам олиш масканининг  яна бир эътиборга лойиқ жиҳати бор. Бу ерда дам олувчилар қадим ва улуғвор Сирдарё бўйлаб катерларда саёҳат қилиши мумкин. Хориждан келтирилган тўртта катта-катта қайиқларнинг ҳар бири бирданига ўзига 10-12 одамни сиғдира олади. Катернинг тезлиги, унинг ортидан қолаётган тўлқинлар  шовқини, икки томондаги соҳилнинг ажабтовур манзараси ҳар қандай одамга ўзгача завқ – адреналин бағишлайди. Шунинг учун бўлса керак, ушбу экотуризм дам олиш маскани  халқимиз орасида тездагина ном таратди  ва кун сайин гавжумлашиб боряпти. Лойиҳа доирасида бир кунда 2  минг кишининг дам олиши мўлжалланган масканда ҳали бунёдкорлик ишлари давом этади. Бугуннинг ўзида кунига салкам уч минг сайёҳни жалб этаётган ушбу манзилда қўшимча қоттежлар, катталар ва болалар учун ўйин майдонлари, интерактив аттракционлар, гуллар боғи, амфитеатр ва аквапарк,  капсула дам олиш хоналари, ресторанлар қурилади. Ўз-ўзидан уларга хизмат қилувчи юзлаб қўшимча иш ўринлари ташкил этилади. Энг муҳими, ушбу масканга, мазкур ҳудудга туристлар оқими кескин кўпайиши учун муносиб шароит яратилмоқда.  

CZ3B2973

CZ3B3022
Мухтасар қилиб айтганда, бугун  “Соҳил”  дам олиш маскани нафақат Наманган вилояти, балки бутун Фарғона водийсининг экотуризм йўналишидаги асосий объектига айланиб улгурди. Бу ерда дам олган бир кунингиз керак бўлса ҳафталар, ойга татийди. Йўқ, бу муболаға эмас, айни ҳақиқат. Ишонмайсизми? Унда келинг, кўринг, ишонч ҳосил қилинг! Негаки, “Соҳил”  ҳақиқий маънодаги оромбахш манзил!..  

Абдукарим Қувватов,  

муҳаррир.