ТАБИАТГА МУҲАББАТ МЕВАСИ

ТАБИАТГА МУҲАББАТ МЕВАСИ

Асака адирларининг қуйи қисми сув чиқаришга осон бўлгани боис йиллар давомида қишлоқ хўжалигида кенг фойдаланиб келинган. Аммо, унинг юқорисига кўтарилганингиз сари сап-сариқ дашт бағрига кириб борасиз. Минглаб гектар майдонлар сувсизликдан қақраб ётибди. Унда-бунда учрайдиган дарахтларни ҳисобга олмаганда гўёки, бу ерда яшашнинг асло имкони йўқ.   

 

Аммо, асакалик табиатсевар Отабек Нуриддинов бу фикрни бутунлай йўққа чиқарди. Яшаш қийин, машаққатли ва имконсиздек туюлган адирлар тепасида ўрмон яратишга киришди.Аниқ режалар асосида бажарилган иш натижасида чўққида учта каттагина сув ҳавзаси – сунъий кўллар барпо этилди. Галдаги вазифа ёнбағирларга сув тараш учун томчилаб суғориш тизими ўрнатиш бўлди.  Чунки, бу биринчидан сув сарфини камайтирса, иккинчидан ишчилар  меҳнатини енгиллаштиради.   

photo_2025-08-28_16-03-16

Аввало инсон меҳри, қолаверса адир тупроқлари кўпчиб тургани учунми, улар бағрига экилган биринчи дарахт кўчатлари тездагина яшил либос кийди. Ўзлашириш учун танлаб олинган 220  гектар майдон узра павлония  ўрмонлари пайдо бўла бошлади, мевали  дарахтлар, ток кўчатлари экилди. Полиз маҳсулотлари етиштириш йўлга қўйилди.  Асрлар давомида қуриб-қақшаб ётган адир чўққисида ҳаёт қайнай бошлади.  

photo_2025-08-28_16-02-53

-Аслида сувсиз текисликда ҳам деҳқончилик қилиш мушкул, - дейди Отабек Нуриддинов. – Лекин биз адирликни танладик. Чунки,  текисликдан кўра тепаликда ҳаво ҳам адир тупроғининг таркиби ҳам тоза. Энг муҳими у текисликдаги бошқа далалар каби кимёвий ўғитлар билан зарарланмаган. Мана, ўтган йили тажриба тариқасида адирда тарвуз етиштирдик. Ҳеч қандай кимёвий дори, минерал ўғит ишлатмадик. Фақатгина маҳаллий ўғит  ва алоҳида эътибор бердик. Натижаси аъло, сифатли, экологик соф маҳсулот пишиб етилди. Мазаси ҳам ғоят ширин.  

photo_2025-08-29_09-39-47

Чўққидан атроф кафтдек кўринади. Енгил шаббода бир палла бўлса-да тинмайди. Қўёш тиғида қаҳрамонимиз яратаётган ўрмон ва боғлар ям-яшил денгиз мисоли товланади. Шўх еллар  силкитаётган япроқлар, дарахт шоҳлари тўлқин мисоли ҳаракатланади. Албатта бу инсон меҳнатининг меваси, табиатга нисбатан муҳаббатнинг  натижасидир.  

photo_2025-08-28_16-02-21

-Ҳозирги шароитда, йилдан-йилга сув танқислиги кучайиб бораётган  паллада бир сотих ерни ўзлаштириш ҳам катта машаққат ҳисобланади, -дейди Андижон вилояти экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси бошлиғи ўринбосари  Ҳокимжон Мақсумов. – Хусусан, адир чўққисидаги мана бу меҳнат, шижоат ва матонат мевасига қойил қолиш керак. Бугун адирни ўзлаштириш осон кечмаяпти. Ҳар бир иш, тадбир учун жуда катта маблағ талаб этилади. Икки юз гектардан зиёд майдонга сув тармоғи тортиш,  унга кўчат олиб келиб экиш бу йиллар давомида бўладиган жараён. Лекин,  Отабек ҳеч қандай қийинчилик, муаммодан  чўчимай олға босяпти. Бу интилиш натижаси самарасини бера бошлади. Биз уни доимо имкон даражасида қўллаймиз, мададкор бўламиз. Энг муҳими  у мамлакатимизда давом этаётган  “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасининг энг етакчи ташаббускорларидан бири сифатида алоҳида эътирофга лойиқ.   

photo_2025-08-29_09-39-42

Дарҳақиқат, Отабек Нуриддинов жорий йил кўкламда ҳам адирликлар бағрига 30  минг туп дарахт кўчатларини экди. Бунинг учун 13  минг метрлик томчилатиб суғориш тармоғи тортилди. Эндиликда павлониязорлар билан ёнма-ён қайрағоч, эман каби дарахтлар ҳам экилади. Бу борада Андижон давлат ўрмон хўжалиги мутахассислари ёрдамга келишади.  

photo_2025-08-29_09-39-31

Истиқлол байрами арафасида Андижон вилояти экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси вакиллари Отабек Нуриддинов ҳузурига ташриф буюрдилар. Унинг бугунги фаолияти, ютуқлар, ечимини кутаётган муаммолар ҳақида фикр алмашилди. Табиатсевар йигитга  бошқарманинг байрам совғаси топширилди. Тўғри, совға унчалик катта эмасдир, энг муҳими эътибор ва эътироф. Бу Отабек Нуриддинов учун бугун энг зарур маънавий кўмак саналади.  

 

Лочинбек Исомиддинов,  

Андижон вилояти экология, атроф-муҳитни   

муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши   

бошқармаси матбуот хизмати раҳбари.