ОБОД ЮРТГА БАЙРАМЛАР ЯРАШАДИ

ОБОД ЮРТГА БАЙРАМЛАР ЯРАШАДИ

Мамлакатимиз мустақиллигининг ўттиз тўрт йиллик тўйи олдидан “Обод ва файзли маҳалла – юрт кўрки” шиори остида ўтказилган умумхалқ хайрия ҳашари Андижон вилоятининг шаҳар ва туманларида галдаги ободончилик тадбирларига йўл очиб берди. Айни тадбирларда вилоят экология, атроф-муҳитни асраш ва иқлим ўзгариши бошқармаси ходимлари ҳам фаол иштирок этмоқдалар.    

 

Байрам олдидан Андижон  вилоят экология, атроф-муҳитни асраш ва иқлим ўзгариши бошқармаси ходимлари, тизимдаги ташкилотлар вакиллари, эковолонтёрлар  ва атроф-муҳит муҳофазаси жонкуярлари ҳисобланган бир гуруҳ табиатсеварлар вилоят марказидаги Чўлпон номли боғда жам бўлдилар. Тез орада улар боғ ҳудуди ва унга ёндош кўча ва гузарларни ободонлаштириш тадбирларини бошлаб юборишди.    

photo_2025-08-23_10-11-48 (2)

Ҳашарчилар даставвал ҳудудни турли чиқинди ва пластик идишлардан тозаладилар. Шундан сўнг атрофдаги дарахтларга шакл берилди ва оқланди. Тадбирда ҳозир бўлган санитар-тозалов корхоналарининг махсус автомашиналари эса тўпланган чиқинди ва шох-шаббаларни тездагина йиғиштириб олишди.   

photo_2025-08-23_10-11-52

–Халқимиз азалдан орасталик, ободончилик ишларига катта аҳамият қаратиб келади, - дейди Андижон  вилоят экология, атроф-муҳитни асраш ва иқлим ўзгариши бошқармаси  ходими  Қосимхўжа Норхўжаев. –Жумладан, истиқлол байрами арафасида бу каби тадбирлар янада кучаяди. Чунки, обод юртга байрамлар ярашади. Шуни ҳисобга олган ҳолда табиат муҳофазаси учун масъул ходимлар – экологлар ҳам вилоятимиз бўйлаб давом этаётган ободонлаштириш ишларида фаол қатнашмоқдалар. Вилоятнинг энг чекка ҳудудлари, Хонободдан Улуғноргача бўлган манзилларда кенг қамровли орасталик тадбирлари ўтказиляпти. Бундай эзгу ишларнинг марказида туриб сезиларли ҳисса қўшаётганимиздан мамнунмиз.  

photo_2025-08-22_11-15-09

Мустақиллигимизнинг 34 йиллиги арафасида ўтказилган ҳайрия ҳашарида Андижон вилоятидаги етти мингдан зиёд кўчалар, 84 зиёратгоҳ, 975 та қабристон тозаланиши, вилоят бўйича 196,2 гектар майдон ободонлаштирилиши, 2727,6 тонна чиқинди чиқариб ташланиши, 49,4 километр арик ва лотоклар, 1 минг 901 та спорт майдончаси тозаланиши режалаштирилган бўлиб, бу тадбирлар уюшқоқлик билан ташкил этилди. Ҳар бир маҳалла ҳудудидаги ер майдонлари ободонлаштирилиб,  ариқ ва лотоклар тозаланди, чиқиндилар чиқариб ташланди, дарахтлар оқланиб, шакл берилди.  Бу тадбирлар пировардида истиқлол байрами тантаналарига ўзгача шукуҳ бағишлайди.  

 

Лочинбек Исомиддинов,  

Андижон  вилоят экология, атроф-муҳитни   

муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси   

матбуот хизмати раҳбари.