ЭКОЛОГИК МАДАНИЯТ — БАРҚАРОР ЖАМИЯТ
Бугун жамиятда экологик маданиятни юксалтириш барқарор ривожланиш ҳамда соғлом турмуш тарзининг бош омилидир. Шу боис давлатимиз раҳбари томонидан жорий йил 15 майда имзоланган “2030 йилгача бўлган даврда аҳолининг экологик маданиятини юксалтириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарорда бу борадаги асосий йўналишлар белгилаб берилган.
Аҳамиятли жойи шундаки, ҳозирда жойларда мазкур қарор ижроси изчил давом эттириляпти. Хусусан, Концепциянинг тегишли бандида кўрсатилганидек, аҳолининг экологик маданиятини юксалтиришда маҳаллий вакиллик ва ижро органлари ҳамда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг ролини кучайтириш борасида қатор вазифалар белгилаб олинган. Яъни, шу кунгача маҳалламизда Ўзбекистон Экологик партияси фаоллари, депутатлар ҳамда эковолонтёрлар ҳамкорлигида ҳар ойда бир маротаба «Маҳаллани чиқиндидан холи ҳудудга айлантирамиз» шиори остида акциялар, ташвиқот тадбирлари ўтказиб бориляпти. Аҳолининг экологик маданиятни юксалтириш юзасидан манзилли тарғиботни амалга ошириш, аҳолига экологияга оид қонун ҳужжатлари мазмун-моҳиятини етказиш, табиатни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг ҳар қандай бузилишига нисбатан муросасиз муносабатни шакллантиришга қаратилган тарғибот ишларини олиб бориш, уларни қонун ҳужжатларидаги жавобгарлик чоралари юзасидан хабардорлигини ошириш юзасидан қатор тадбирлар, амалий учрашувлар ўтказиб бориляпти.
Амалдаги ойдан улар қаторига яна бир муҳим тадбир қўшилди. Яъни, Президентимизнинг юқорида номи қайд этилган қарорига асосан мамлакатимизда август ойи “Аҳолининг экологик маданиятини юксалтириш ойлиги” деб эълон қилинди. Мазкур ойлик доирасида бутун мамлакат бўйлаб экология соҳасида қатор амалий тадбирлар ўтказилш кўзда тутилган. Яъни, экологик тарғибот ва таълим ишлари кучайтирилади. Бунда партия фаоллари ва депутатлар жойларда давом этаётган “Долзарб 90 кунлик” доирасида мактабгача таълим муассасалари ва умумтаълим мактаблари жамоалари билан ҳамкорликда ўқувчилар орасида “Табиат ва биз”, “Табиат болалар нигоҳида” шиорлари остида турли ижодий ва амалий танловларни ташкил этадилар. Бундан ташқари маҳалла ва меҳнат жамоаларида аҳолининг экологик маданиятини юксалтиришга хизмат қилувчи экологик акциялар ҳамда маънавий тарғибот тадбирлари ўтказилади.
Шунингдек, фаолларимиз Концепция ижроси доирасида мактабгача таълим муассасаларида намуна асосида экологик бурчаклар ташкил этиш, тарбияланувчилар ўртасида «яшил» транспорт туридан фойдаланишни тарғиб қилиш бўйича барқарор кўникмаларни шакллантириш мақсадида болалар веломарафони ўтказиш, болажонлар учун экологик маданият асосларини шакллантиришга қаратилган она табиатни асраб-авайлаш, унга нисбатан меҳр-муҳаббат туйғуларини кучайтириш мавзуларида томошалар ва саҳна кўринишларини ташкил этиш борасида амалий кўмак берадилар.
Умумтаълим мактабларида эса ҳар бир мактабда экологик бурчак, экологик боғлар ташкил этиш, уларга нисбатан қўйиладиган талабларни белгилаш, экологик тарғиботни амалга оширишнинг замонавий шаклларини жорий этишда мактаб жамоасига амалий кўмак берилади.
Бугун бу борадаги дастлабки ҳаракатлар бошлаб юборилди. Ўзбекистон Экологик партиясининг Норин туманиг Кенгаши раиси Абдураҳим Ирисов, халқ депутатлари Наманган вилояти Кенгаши депутати Расулжон Тўйчиев ҳамда бошқа партия фаоллари жойларда бўлиб экологик маданият ойлигинининг аҳамияти, уни ташкил этишнинг амалий асослари, зарур маълумот ва тарғибот материаллари билан таъминлаш борасидаги давра суҳбатлари, учрашувлар ташкил қилишмоқда. Табиийки, бу ташаббус партиямиз фаолларининг нафақат аҳолининг экологик маданиятини юксалтириш, балки соғлом жамият ва мусаффо табиатга эришиш йўлидаги ҳаракатлари самарадорлигини таъминлайди. Негаки, биз — келажак учун масъулмиз, яшил тараққиёт, тоза ҳаво ҳамда соғлом табиат бизнинг саъй ҳаракатимизга, шу мақсад йўлидаги ҳамжиҳатлигимизга боғлиқ.
Ҳабибулла Тўраев,
халқ депутатлари Норин тумани
Кенгаши депутати.