НАЗОРАТ ЯНАДА КУЧАЯДИ

НАЗОРАТ ЯНАДА КУЧАЯДИ

Фарғона    вилояти    прокуратураси    ҳамда    вилоят    экология, атроф-муҳит муҳофазаси ва иқлим ўзгариши бошқармаси томонидан “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида  экилган кўчатлар парвариши доимий назоратга олинган. Бу борада олиб борилаётган тадбирлар ҳолати маҳаллалар кесимида  таҳлил қилинмоқда.   

 

Ўрганишдан асосий мақсад эндиликда фақатгина кўчатни экиб қўйиш билан чекланиб қолган, унинг парвариши, ривожланиши учун зарур бўлган агротехник тадбирларга етарли эътибор қаратмаган ташкилот ва масъулларнинг ҳаракатини қонуний асосда баҳолашдан иборат.   

Жараён эндигина бошланди, аммо, ҳозирданоқ натижалар унчалик ёқимли эмас. Сабаби, ҳудудларда кўкламда экилган дарахтларни ўз вақтида суғормаган, талаб даражасида парвариш қилмаган, зараркунандаларга қарши ишлов бермаган 15 нафар мутасаддиларга  Ўзбекистон Республикаси Маъмурий Жавобгарлик тўғрисидаги Кодексининг 79-моддасига асосан  тегишли баённомалар расмийлаштирилди. 

photo_2025-05-07_21-59-24

Очиғини айтиш лозим. Айнан шу тадбирга алоҳида масъулият билан ёндошаётган корхона ва ташкилотлар, маҳалла фуқаролар йиғинлари ҳам бор. Хусусан, бугун  кунлар бирданига исиб кетган паллада дарахтларга ҳар доимгидан кўра кўпроқ сув керак. Бу масалада  вилоят    экология , атроф-муҳит муҳофазаси ва иқлим ўзгариши бошқармаси мутахассиларининг жойларда олиб борган тарғиботи ўз самарасини берди. Фарғона шаҳри маҳаллаларида кўчатларни суғориш бўйича ташаббускор гуруҳлар тузилди. Иш самарадорлигини ошириш учун “Яшил макон” умумиллий лойиҳаси доирасида экилган кўчатларни асосан тунда, ҳаво салқин пайтда суғориш ташкил қилиняпти. Бу биринчидан сув сарфини камайтиради, иккинчидан ниҳолларга кундузгидан кўра кўпроқ манфаат беради. Ўтган туннинг ўзида ташаббускор гуруҳларнинг Фарғона шаҳар ободонлаштириш бошқармаси ходимлари билан ҳамкорликдаги ҳаракати натижасида шаҳарнинг марказий  кўчаларидаги 500 тупдан зиёд кўчатлар  “оби ҳаёт” билан қондирилди.

photo_2025-05-07_09-52-01 (2)

Хўш, мамлакатимизда нима учун дарахтларни кўпайтириш сиёсати тобора чуқурлашиб бормоқда? Чунки, улар биз учун тоза ҳаво манбаи ҳисобланади. Барча жойда бўлгани каби Фарғона вилоятида ҳам ўтказилаётган “Тоза ҳаво ойлиги” тадбирларидан кўзланган мақсад ҳам шу. 2025 йилнинг 10  апрелидан 10 майигача давом этадиган ушбу тадбир давомидаа    вилоят    экология , атроф-муҳит муҳофазаси ва иқлим ўзгариши бошқармаси ходимлари ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари билан ҳамкорликда шаҳарнинг қатор кўчаларида жойлашган йўл-патрул пунктларида йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ходимлари билан бирга автомобилларнинг техник  меъёрларини назоратдан ўтказишмоқда.   

 

photo_2025-05-07_21-58-36
Махсус ускуналар ёрдамида текширувдан ўтказилган автотранспорт воситасидан чиқаётган тутун миқдори белгиланганидан зиёда бўлса унинг ҳайдовчисига нисбатан тегишли баённома расмийлаштирилади  ва жаримага тортилади.  Демакки, бугун ҳар бир шахсий автомобиль эгаси  ва барча ҳайдовчилар ўзи бошқараётган техниканинг доимий соз бўлиши учун алоҳида эътибор қаратиши керак. Бошқачароқ айтганда, тоза ҳаво аввало танга даво. Қолаверса тоза ҳаво табиат учун ҳам, жамият учун ҳам бирдек зарур ва аҳамиятлидир.   

Жамшид Алишеров,  

Фарғона вилояти экология, атроф-муҳит 

муҳофазаси ва иқлим ўзгариши бошқармасининг 

ўрмон  ва муҳофаза этиладиган ҳудудларни

ривожлантириш ҳамда “Яшил макон” лойиҳасини 

ташкиллаштириш шўъбаси ходими.