ЮРТ ПОКЛИГИ ҚАЛБ СОФЛИГИ ДЕМАКДИР
Ҳозирда бутун дунёга катта хавф солаётган глобал экологик муаммолардан бири бу – чиқиндилар масаласидир. Чунки, инсонларнинг кундалик эхтиёжи қанчалик ортиб боргани сари унинг натижасида юзага келаётган чиқиндилар тури ҳам, миқдори ҳам тезкор кўпаймоқда. Бунинг замирида эса яна биз ўзимиз – инсонларнинг лоқайдлиги, эътиборсизлиги ётади.
Бугунга келиб дунё аҳолиси қарийиб 8 миллиард кишига етди. Шунча одамнинг кундалик ҳаётида пайдо бўлаётган чиқиндиларнинг кўламини ҳисоблашнинг ўзи муаммо. Олимлар берган м аълумотларга қараганда, ҳар бир одам йилига атроф-муҳитга бир тоннагача ахлат ташларкан. Бу бутун бошли Эльбурс тоғининг майдонига тенг. Шу кунгача чиқиндиларнинг 900 га яқин турлари қайд этилган бўлиб, ҳар йили уларнинг ҳажми 3 фоизга кўпаймоқда. Хусусан, суюқ ва қаттиқ чиқиндилардан ташқари ҳар йили табиат бағрига 2 миллион тоннага яқин электрон чиқиндилар улоқтириляпти. Мисол учун, биргина мобил алоқа воситаси 500 тадан 1000 тагача турли қисмлардан ташкил топган. Уларнинг кўпчилиги заҳарли оғир металлар қўрғошин, симоб, кадмий ва бошқа хавфли кимёвий моддаларни ўз ичига олади. Ўзбекистонда эса иқтисодий-ижтимоий ўсиш ҳисобига йиллик чиқиндилар миқдори 7 миллион тоннага етиб, йилига 2 фоиздан ўсиб бормоқда. Демак, чиқиндилар нафақат атроф-муҳитни ифлослайди, балки заҳарли ва бошқа хавфли жиҳатлари билан тириклик учун жиддий ҳалокат белгиси ҳисобланади.
Шу боис ҳам мамлакатимизда чиқиндилар муаммосига алоҳида эътибор қаратилган. Бу борада қабул қилинган қонуний ҳужжатлар, давлатимиз раҳбари имзолаган фармон ва қарорлар, ҳукуматимиз қарорларида чиқиндилар билан ишлаш механизмининг ташкилий асослари кўрсатиб ўтилган. Хусусан, Ўзбекистон Республикасининг 2002 йил 2 майдаги “Чиқиндилар тўғрисида”ги қонуни, 2024 йил 4 январдаги “Чиқиндиларни бошқариш тизимини такомиллаштириш ва уларнинг экологик вазиятга салбий таъсирини камайтириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги ва шу йили 26 сентябрдаги “Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳаларида очиқликни таъминлаш ҳамда бошқариш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонлари ва бошқа меъёрий ҳужжатларга кўра жойларда чиқиндиларни бошқариш борасида қатор амалий ишлар қилинди.
Шунингдек, Президентимиз томонидан 2025 йил 7 март куни имзоланган «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиш хизматларини кўрсатиш соҳасида тўлов интизомини мустаҳкамлашга қаратилган қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида»ги қонунга кўра, электр энергиясини етказиб берувчи қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиш хизматлари учун мажбурий тўловлар бўйича қарздорлиги мавжуд бўлган истеъмолчилар SMS орқали хабардор қилинганидан кейин мазкур қарздорлик бартараф этилгунига қадар улардан электр энергияси учун тўловларни қабул қилишни вақтинчалик чеклаш ҳуқуқига эгалиги белгилаб қўйилди.
Бугун мамлакатимизда чиқиндилар билан ишлашнинг битта асосий йўли бор. Бу ҳам бўлса аҳолининг экологик маданиятини ошириш, уларга табиатни муҳофаза қилиш соҳасидаги қонунларни атрофлича таништириш, аҳоли ўртасида кенг кўламли тарғибот-ташвиқот ишларини олиб боришдир. Қачонки юртдошларимиз ота-боболаримиз каби кўча ва сувга ахлат ташламасликни виждон амри деб билмас эканлар ижобий ўзгаришга эришиш қийин. Бунинг учун маҳалла ва жамоатчилик фаоллари, соҳага алоқатор тизимлар вакиллари амалий ишларни кучайтиришлари лозим.
Жумладан, бугун Хонобод шаҳридаги “HONOBOD INTER TRANS” масъулияти чекланган жамияти ходимлари аҳолига чиқиндиларни ташиб кетиш хизмати кўрсатиш билан бир пайтда уларга чиқиндилар билан боғлиқ ишларни тартибга солиш борасида кенг қамровли тарғибот ишларини олиб бормоқдалар. Таъкидлаш жоизки, бу ташкилот санитар-тозалов хизмати кўрсатиш бўйича вилоятимиздаги намунали жамоалардан бири ҳисобланади. Корхона Хонобод шаҳридаги 15 та маҳаллага хизмат кўрсатади. Таркибида 50 нафар ходимлар меҳнат қилаётган жамоа чиқиндиларни ташиб кетишда тўртта махсус автомашинадан фойдаланди. “HONOBOD INTER TRANS” масъулияти чекланган жамияти хизматидан фойдаланадиган аҳоли сони 39 000 нафарни, ташкилотлар сони эса 230 дан зиёдни ташкил қилади. Замира Парпиева, Жамила Абдуқодирова, Ойбек Йўлдошев ҳамда Умиджон Турдиевлар ҳалол меҳнати билан нафақат жамоада, балки эл орасида ҳурмат топаётганлардан саналади.
-Кўп жойларда одамларнинг санитар-тозалов ташкилотларидан қониқмаётганлигини, уларни кескин танқид қилаётганлигини кузатамиз, - дейди шаҳардаги Хонобод маҳалла фуқаролар йиғини раиси Одилжон Содиқов. –Бизнинг маҳаллага хизмат кўрсатаётган “HONOBOD INTER TRANS” масъулияти чекланган жамиятининг фаолиятини аъло даражада баҳолаймиз. Чунки, махсус машиналар ўз вақтида, белгиланган жадвал асосида чиқиндиларни йиғиштириб кетади. Қолаверса, маҳалламиздаги олтита кўчанинг ҳар бирида бу масалани жамоатчилик назоратига олган вакилларимиз бор. Улар чиқиндиларни белгиланган жойга ташлашни назорат қилади. Маҳалламиз аҳли билан ўзаро маслаҳатлашиб, чиқинди тўплаш масканларини талаб даражасида таъмирлаш, жиҳозлаш бўйича санитар-тозалов ташкилотига амалий кўмак бериш бўйича ташаббус бошладик. Бу нафақат юрт ободлиги, балки ўзимизнинг саломатлигимиз учун ҳам фойдалидир. Чунки, пок жойда барака бўлади.
Маҳалла раисининг сўзлари эътиборга молик янгилик. Чунки, бугун бошқа жойларда ободончилик, чиқиндиларни тартибли ташиб кетиш борасида бу каби ташаббус кўрсатаётган маҳаллани учратиш қийин. Мамлакатимизнинг энг обод, сўлим ва гўзал шаҳарларидан бири бўлган Хонободдаги бу ташаббус кўнгли пок, саранжом-саришталикни севадиган юртдошларимизга хос эзгу фазилатдир. Биргина бу эмас. Хонобод шаҳрининг бошқа маҳаллаларида ҳам аҳоли санитар-тозалов ташкилотининг ишидан мамнун. Буни “Янги ҳаёт” маҳалласининг “Чаманзор” кўчасида яшовчи Бахтиёр Қуролбоевнинг сўзларидан ҳам билса бўлади:
- Атрофга қаранг, маҳалламиз саранжом-саришта, кўча четлари турфа гулар билан безанган. Бунда албатта “HONOBOD INTER TRANS” масъулияти чекланган жамияти ишчи-хизматчиларининг меҳнати мужассам. Улар ҳар сафар белгиланган жадвал бўйича чиқиндиларни олиб кетишади. Ўша пайтнинг ўзида маҳалладошларимиз чиқиндиларни кўчага олиб чиқади ва улар йўл четида кўп вақт қолиб кетмайди. Ахир юртимиз ободлиги ўзимизга боғлиқ. Бу борада барчамиз бирдек фаол бўлишимиз керак. Қолаверса, вақти-вақти билан санитар-тозалов ташкилоти ходимлари маҳаллаларга келиб чиқиндиларни ташиб кетиш бўйича қонунчиликдаги янгиликлардан аҳолини бохабар қилиб туришади. Бу биз учун ғоят фойдали бўляпти.
Дарҳақиқат, бугун аҳоли орасида атроф-муҳитни асраш, тозалик ва саранжомликка риоя қилиш, чиқиндиларни белгиланган жойларга ташлаш, ёшларимизни табиатга нисбатан меҳрли қилиб тарбиялашда катта авлод вакилларининг масъулияти катта. Чунки, биз келажак авлод, фарзандларимизга соф ва мусаффо табиатни қолдиришимиз керак. Бунинг учун ҳар куни, ҳар жойда экологик маданиятни тарғиб қилиш, ҳуқуқий саводхонликни ошириш, табиатни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонунларимизни ўқиб-ўрганишимиз керак. Шундагина юртимиз обод, манзил ва масаканлар саришта бўлади. Табиийки, юрт поклиги қалбларимизни соф қилади, дастурхонимизга қут-барака беради.
Искандарбек Мирзаев,
чиқиндиларни бошқариш ва
циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш
агентлигининг Андижон вилояти
бошқармаси бошлиғи.