МАЪРИФАТ – ЖАҲОЛАТ КУШАНДАСИ
Бугун Фарғона шаҳридаги “Great Silk Road Hotel” меҳмонхонасида республика Журналистларни қайта тайёрлаш маркази ва Европа хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти томонидан амалга оширилаётган медиасаводхонлик дастури доирасида “Ёшлар медиа саводхонлиги – радикаллашув ва терроризмга қарши курашишда самарали восита” мавзусидаги тренинг ўз ишини бошлади.
Ушбу тадбирда фарғоналик журналистлар, блогерлар ҳамда ҳудуддаги нодавлат ташкилотлари вакиллари иштирок этмоқда. Мазкур тренинг ёшларнинг медиа саводхонлигини ошириш орқали уларда радикаллашув ва терроризмга нисбатан аниқ билим ва тушунчаларни шакллантириш, бу борада жамоатчилик, нодавлат ташкилотлари, айниқса оммавий ахборот воситалари имкониятларидан кенгроқ фойдаланиш мақсадига йўналтирилган. Негаки, бугунги ахборот асрида дунё бўйлаб кенг ёйилган бутунжаҳон ўргимчак тўрида нафақат ёшлар, балки аҳолининг барча қатламларини чалғитаётган, ўз домига тортаётган зарарли иллатлар, нотўғри маълумотлар, тўғридан-тўғри зўравонликка, радикаллашувга, терроризмга ундовчи жирканч чақириқлар истаганча топилади. Ёшларнинг медиа саводхонлигини ошириш эса уларда мазкур иллатларга нисбатан маънавий иммунитет, мафкурафий ҳимоя қобиғини шаклантиради.
Шундан сўнг Фарғона вилояти прокуратураси вакилининг “Ёшлар ўртасида радикаллашув ва терроризмни олдини олишда прокуратура органларининг ўрни ва амалиёти” мавзусидаги маърузаси эшитилди. Нотиқнинг таъкидлашича, ҳозирда вилоятда айни йўналишда қатор амалий ишлар бажариляпти. Аммо, шунга қарамай ёшлар орасида жиҳодга, турли ноқонуний оқимларга тарғиб қилувчи манбаалар таъсирига тушиб қолаётганлари ҳам йўқ эмас. Демак, бугун ҳар бир йигит қизни медиа саводхонлигини ошириш бўйича амалий ишлар кўламини, алоқадор ташкилотлар ҳамкорлигини кучайтириш талаб этилади.
Тренингнинг дастлабки иш кунида “Рақамли асрда медиа саводхонлик ва танқидий фикрлаш, дезинформация мисоллари”, “Журналистика ва рақамли инфратузилма, киберхавфсизликнинг ҳуқуқий асослари, Ўзбекистонда киберхавфсизлик тенденциялари, вируслар ва киберҳужумлар, ахборот маконида экстремизм таҳдидлари, деструктив контент тарқатиш усуллари ва қарши курашиш” мавзуларидаги маъруза ва тақдимотлар иштирокчилар диққат марказида бўлди.
Айтиб ўтганидек, медиа саводхонликни ошириш, нотўғри хабарларга нисбатан танқидий фикрлаш, ахборот маконидаги маълумотларнинг асл мақсадини англаб етиш учун аввало ёшларимизнинг билимини кучайтириш, салоҳиятини мустаҳкамлаш талаб этилади. Айниқса, йигит-қизларимизнинг ҳуқуқий саводхонлигини оширишга ҳам алоҳида эътибор қаратиш зарур. Бу борада мамлакатимизда қабул қилинган амалдаги қонунлар – 2015 йил 15 декабрдаги “ Терроризмга қарши кураш тўғрисида”ги ҳамда 2018 йил 30 июлдаги “Экстремизмга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонунлари тарғиботига ҳам етарлича аҳамият бериш керак. Чунки, ушбу қонунларда терроризм ва экстремизмнингг асл кўриниши, мақсади, ғояси ва ижтимоий хавфи ва уларга қарши кураш ҳақида аниқ кўрсатиб ўтилган.
-Ўзбекистон Республикасининг “ Терроризмга қарши кураш тўғрисида”ги Қонунида терроризм тушунчаси яққол таърифлаб берилган, - дейди тадбир иштирокчиси, Фарғона вилояти экология, атроф муҳитни асраш ва иқлим ўзгариши бошқармаси ахборот хизмати бошлиғи Гулноза Тўхтасинова. – Яъни, терроризм – сиёсий, диний, мафкуравий ва бошқа мақсадларга эришиш учун шахснинг ҳаёти, соғлиғига хавф туғдирувчи, давлат суверенитетини, ҳудудий яхлитлигини бузишга, хавфсизлигига путур етказишга, қуролли можаролар чиқаришни кўзлаб иғвогарликлар қилишга, аҳолини қўрқитишга, ижтимоий-сиёсий вазиятни беқарорлаштиришга қаратилган, Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексида жавобгарлик назарда тутилган зўрлик, зўрлик ишлатиш билан қўрқитиш ва бошқа жиноий қилмишлар демакдир. Бу ўринда экстремизм, радикаллашув ҳам шахснинг маънавий қиёфасидаги қусурлар, маърифий билимлар етишмаслиги оқибатида юзага келади. Демакки, қонунларимизни пухта ўқиб-ўрганиш ҳам медиа саводхонликни оширишнинг энг мақбул ечимлардан биридир.
Тренингни биринчи иш куни кечга қадар давом этади. Унда қатнашчилар галдаги мавзулар – маълумотларни визуал шаклда тақдим этиш борасида инфографика воситалари ёрдамида амалий машғулотлар ўтадилар. Аёллар ва ёшлар орасида радикаллашувни ёритиш бўйича медиа кўникмаларни ривожлантиришнинг ахлоқий меъёрлари юзасидан ижтимоий тармоқлардаги кейслар муҳокама қилинади ҳамда медиа саводхонлик бўйича Журналистларни қайта тайёрлаш маркази сайтидаги янги платформа тақдимоти ўтказилади.
Абдукарим Қувватов,
сайт муҳаррири.