ҲАМЖИҲАТЛИК САМАРАСИ

ҲАМЖИҲАТЛИК САМАРАСИ

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг тегишли фармойиши билан 22-23 август кунлари мамлакатимизда байрамолди ҳайрия ҳашари ўтказилди. Барча жойда бўлгани каби бу тадбир Наманган вилоятининг чекка ҳудуди - Мингбулоқ туманида ҳам уюшқоқлик билан ташкил этилди.    

 

Юртимизда анъанага айланиб қолган ушбу ҳашарда тумандаги маҳаллалар, аҳоли пунктлари, кўп квартирали тураржойлар, ҳовлилар атрофи, гузарлар, хиёбонлар, зиёратгоҳлар, қабристонлар, кўча ва йўлакларни ободонлаштириш, болалар майдончаларини тартибга келтириш, дарахтларни оқлаш ва буташ ишлари ташкил этилди.Унда ҳар бир юртдошимиз ўз хоҳиши, қалб амри билан имкон даражасида қатнашади.   

CZ3B3224

Мингбулоқ туманидаги ҳашарнинг иккинчи кунида корхона ва ташкилот ишчи-хизматчилари, аҳоли ва ёшлар вакиллари ўз ишхонаси, маҳалласи, уйлари атрофини, кўча ва гузарларни ободонлаштиришда иштирок этдилар. Жойларда ободонлаштириш натижасида тўпланган чиқиндилар махсус автомашиналар томонидан йиғиштириб олинди. Айниқса, марказий кўчалар, мустақиллик байрами арафасида фойдаланишга топшириладиган қурилиш объектларида иш кўтаринки кайфиятда ташкил қилинди.   

CZ3B3227

Хусусан, тумандаги йирик текстил лойиҳаларидан бири ҳисобланган “Artmen”  қўшма корхонси ҳудудидаги ободончилик, саранжом саришталик тадбирлари эътиборга молик бўлди. Чунки, тез кунларда ўз фаолиятини бошлайдиган мазкур қўшма корхона момиқ сочиқ ва текстил, тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқаришга мўлжалланган бўлиб, улар асосан экспортга йўналтирилади.  Ушбу лойиҳа ижроси учун  38  гектар ер майдони  ажратилган бўлиб, корхона бино ва иншоотларининг барпо этилиши учун 151 миллион АҚШ доллари сарфланди. Корхона тўлиқ ишга тушгач,  ҳар йили 62  миллион долларлик маҳсулот тайёрланади  ва хорижга сотилади.  

photo_2025-08-24_17-29-44

Энг муҳими, бу корхонанинг ишга туширилиши билан 2000  нафар мингбулоқликлар, хусусан ёшлар доимий иш ўрнига эга бўлади.  Бу қўриқ туман – Мингбулоқ учун салмоқли иқтисодий кўрсаткич ҳисобланади.  

CZ3B3230

Байрам арафасида яна бир муҳташам бино – “Инсон”  ижтимоий хизматлар марказининг туман бўлими бутунлай янгича қиёфада иш бошлайди. Қисқа даврда мукаммал таъмирланган ушбу марказда нафақат ишчи-мутахассислар, балки бу ерга ташриф буюрувчилар учун ҳам барча зарур шароитлар яратилган. Замонавий ва қулай имкониятдан фойдаланган жамоа эса аллақачон туман ҳудудидаги 250 нафар ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларга  байрам совғаларини тахт қилиб қўйишган. Ҳашар тадбирлари доирасида эса, марказ ходимлари туман  ҳокимлиги, қатор корхона ва ташкилот вакиллари билан ҳамкорликда   тумандаги  ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламлари, айниқса, эҳтиёжманд, меҳр-мурувватга муҳтож, боқувчисиз қолган кекса ва ногиронлиги бўлган фуқароларнинг уй-жой шароитларини яхшилаш мақсадида улар яшаб турган хонадонларга ташриф буюрдилар.   

photo_2025-08-22_15-14-23 (2)

Обод ва файзли маҳалла юрт кўрки” шиори остида ўтган умумхалқ хайрия ҳашарида бир қатор маҳаллалардаги йўл четлари ободонлаштирилди, айримларига бетон қопламалар босилди. Яна бир неча маҳалла кўчасига эса асфальт ётқизилди. Албатта, бу ишларда тадбиркорлар ҳам фаол қатнашдилар. Уларнинг ҳомийлиги асосида кўплаб йўл четларида пиёдалар учун хавфсиз ва қулай ҳаракатланиш имкониятлари яратилмоқда.  

photo_2025-08-22_15-14-23

Сирасини айтганда, бугун мингбулоқликлар ҳам байрам шукуҳи ила яшамоқда, ҳамжиҳатликда меҳнат ва ижод қилмоқда. Унинг олдидан ташкил этилаётган эзгу тадбирлар эса истиқлол айёмини янада мазмунли, мароқли ҳамда кўнгилли ўтишига хизмат қилади.  

 

Фахриддин Исоқов,

Ўзбекистон Экологик партияси 

Мингбулоқ тумани Кенгаши раиси.