ЁШ ЭКОЛОГЛАР ҒОЛИБ

ЁШ ЭКОЛОГЛАР ҒОЛИБ

Ўтган куни Ўзбекистон Экологик партияси Олтинкўл тумани Кенгашининг "Ёш экологлар қаноти" раислари ҳамда "Ўзбектелеком" акциядорлик компанияси Андижон шаҳар филиали ёшлари ҳамкорлигида спортнинг мини-футбол тури бўйича беллашув ўтказилди. Мусобақа кутилганидан кўра қизғин  ва муросасиз курашларга  бой бўлди. 

 

Ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, шунингдек, спортнинг  мини-футбол турини оммавийлигини оширишни  мақсад қилган мазкур тадбирда спортсевар ёшлардан ташкил топган жамолар иштирок этдилар. Учрашув, кутилганидек,  қизғин курашлар остида ўтди. Ўйиннинг кечишига кўра  жамоалар майдонга шунчаки эмас, балки фақатгина ғалаба иштиёқида тушганликларни кўрсатди. Чунки, рақиб дарвозасига киритилган ҳар бир голнинг тезкор жавоблари мувозанатни тиклаш баробарида мусобақага ўзгача мазмун бағишлади. 

photo_2025-07-26_22-04-42

Пировардида алоқачи йигитлардан ташкил топган "Маҳаллий ёшлар" жамоаси ўзининг жисмоний имкониятлари юқори даражада эканлигини кўрсатди. Тезкор ва чаққон ҳаракат, кутилмаган комбинациялар "Партия фаоллари"ни салгина шошириб қўйгани ҳам бор гап. Лекин, ёш экологлар ҳам мини футболда яхшигина тажрибага эга эканлигини намоён қилди. Шиддатли ҳужумларга қарши ақлли ҳамда тактикавий жавоб орқали кутилган натижага эришилди. Мусобақа охирида умумий ҳисоб 3:2 кўринишини олди. Ёш экологлар ғалаба гаштини суришди.

photo_2025-07-26_22-04-41

Ғолиблар мазмунли ўйин учун тенгдошларига самимий миннатдорчилик билдирдилар. Шунингдек, ўзаро суҳбат асосида спортнинг саломатликни сақлаш борасидаги аҳамияти, соғлом турмуш тарзига эришишда атроф-муҳитни  муҳофаза қилишга ҳисса қўшиш, хусусан, ёшлар орасида экологик маданиятни юксалтириш  хусусида ҳам мунозара юритилди. Чунки, табиатни асраш, унинг неъматларидан оқилона фойдаланиш бугунги ёш авлоднинг муҳим вазифаларидан бири саналади. Келажак учун жавобгарлик ҳиссини англаш эса эртанги кунимизни ҳам нурафшон бўлишига хизмат қилади. 

Мусобақа якунида ҳар икки жамоа бундай мусобақаларни доимий тарзда ўтказиб боришга келишиб олдилар. Чунки, маҳорат мана шундай беллашувларда сайқалланади, доимий жисмоний ҳаракат эса соғлом авлод камолотининг асосидир. Энг муҳими, у юртимиз ёшларини бир мақсад йўлида бирлаштиради, "Янги Ўзбекистон"ни барпо этиш йўлидаги кучлар жипслашади.    

 

Сардорбек  Азимходжаев,  

Ўзбекистон Экологик партияси   

Олтинкўл тумани Кенгаши раиси.