ТАБИАТ ҚЎЙНИГА САЁҲАТ
Ҳар қандай одамда атроф-муҳитга, борлиққа муҳаббат болаликдан шаклланади. Чунки, мурғак қалблар ҳар нарсага қизиқувчан, интилувчан бўлади. Шу маънода табиатни асраб-авайлаш, унга меҳрли бўлиш, экологик маданиятни шакллантиришни боғчадоноқ бошлаш лозим. Бу борада халқ депутатлари Наманган вилояти Кенгаши депутати Расулжон Тўйчиев катта тажрибага эга.
Расулжон Тўйчиев узоқ йиллар халқ хизматида бўлди. Ёшлар ташкилоти, маҳаллий бошқарув органларида ишлаб тажриба орттирди. Қўлидан келганича ҳамқишлоқларнинг узоғини яқин, оғирини енгил қилди. Қишлоқ ҳаётининг барча жабҳаларида фаол бўлди. Ишдан бўш пайтларида Қорадарё яқинида мўъжазгина боғ яратди.Мана бир неча йилдирки, турли мевалар экилган мазкур боғ ўз мевалари билан эл дастурхонини безаяпти. Халқ депутатлари Наманган вилояти Кенгаши депутати сифатида ҳам жамоат ишлари, ҳам боғ парваришига бирдек улгураётган қаҳрамонимиз қатор ташаббусларни ҳам илгари суради.
Жумладан, ўтган куни у қишлоқдаги “Ёш ниҳоллар” хусусий мактабгача таълим ташкилотига ташриф буюрди. Тарбиячи опалар билан маслаҳатлашиб, болажонлар учун мазмунли, ғоят қизиқарли тадбирга қўл урилди. “Табиат қўйнига саёҳат” деб номланган ушбу тадбир давомида мактабгача таълим муассаса тарбияланувчилари Қорадарё соҳилига яқин ҳудуддаги ўсимликлар олами, ҳайвонот дунёси вакиллари билан яқиндан танишдилар. Расулжон Тўйчиев уларга Она табиат неъматлари, нима учун уларни қадрлаш, асраб-авайлаш зарурлиги, юртимизда давом этаётган “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси, унинг зарурати, аҳамияти ҳақида атрофлича гапириб берди.
Дарҳақиқат, Ўзбекистон Республикасида Экологик таълимни ривожлантириш Концепциясига кўра, бундай машғулотларда асосий эътибор ўрта, катта ва мактабгача тайёрлов гуруҳлари учун сайрда бўлиб ўтадиган жонсиз ва жонли табиат тушунчаларини уйғотишга йўналтирилади. Бунда, ер юзида, шу жумладан, юртимизда йўқолиб бораётган ва камёб турдаги ўсимлик ва ҳайвонот дунёси ҳамда уларни асраб-авайлаш масаласига алоҳида урғу берилади. Мактабгача таълим тизимида тарбияланувчиларнинг экологик онги уларнинг кўзига яққол ташланадиган атроф табиий муҳит (ер, сув, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси) билан «Она табиат» мавзусида очиқ ҳавода таништирув соатлари ўтказиш, расмлар чиздириш, атроф олам ҳақидаги шеърларни ёд олдириш, машқларни бажартириш ва турли мавзудаги ўйинларни ташкил этиш орқали шакллантирилиши белгилаб қўйилган.
Табиат қўйнига саёҳат давомида болажонлар депутат барпо қилган боғдаги мевалардан ҳам татиб кўрдилар. Шунингдек, Расулжон Тўйчиев мактабгача таълим ташкилоти тарбияланувчиларига ҳам болажонларни табиатга муҳаббат руҳида тарбиялашда Ўзбекистон Республикасининг Экологик таълимни ривожлантириш Концепцияси асосида иш ташкил қилиш юзасидан ўзининг амалий тавсияларини бериб ўтди.
Пировардида боғча тарбиячи ва тарбияланувчилари ғоят қизиқарли ўтган саёҳат учун депутатга чуқур миннатдорчилик билдирдилар.
Абдураҳим Ирисов,
Ўзбекистон Экологик партияси
Норин тумани Кенгаши раиси.