ТАБИАТНИ СЕВИНГ – БАХТЛИ БЎЛАСИЗ!
Бугун инсонларнинг бахтли яшаши учун нима керак? Бу саволга ҳар кимнинг ўзича жавоби бор ва улар турлича талқин қилинади. Аммо, Happy City Index халқаро ташкилотининг хулосаларига кўра, бахтли ҳаёт учун аввало мусаффо табиат, атроф-муҳит тозалиги ва экологик жиҳатдан қулай транспорт тизими бўлиши зарур. Бунга эришиш учун нафақат табиатни асраб-авайлаш, балки уни чин дилдан сева олиш ҳам керак.
Happy City Index томонидан анъанавий тарзда эълон қилинадиган йиллик рейтинг натижаларига кўра, Дания пойтахти Копенгаген 2025 йилда дунёдаги энг бахтли шаҳар сифатида қайд этилган.Мутахассисларнинг фикрича, бу шаҳарнинг пешқадамлиги янгилик эмас, балки бу ерда йиллар давомида олиб борилган аниқ сиёсий ва ижтимоий қарорлар натижасидир. Ушбу шаҳар юқори даражада барқарор ривожланишга эга бўлиб, атроф-муҳит тозалиги, экологик жиҳатдан ривожланган транспорт тизими ва шаҳар аҳолисининг саломатлиги учун қулай инфратузилма билан ажралиб туради. Негаки, Копенгагендаги саёҳатларнинг деярли 70 фоизи велосипед ва жамоат транспорти орқали амалга оширилади.
Иккинчи ўринни Швейцариянинг Цюрих шаҳри қўлга киритди. Ушбу шаҳар иқтисодий жиҳатдан барқарорлиги, юқори сифатли соғлиқни сақлаш тизими ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўйича олиб борилаётган илғор сиёсатлари билан шу ўринга лойиқ кўрилди. Учинчи ўринни Сингапур шаҳри эгаллади ва у ўз-ўзидан Осиёнинг энг бахтли шаҳрига айланди. Бунга сабаб сифатида шаҳардаги юқори сифатли таълим тизими, ишсизликнинг йўқлик даражасидаги паст кўрсаткичлари ва аҳолининг ижтимоий фаоллиги кўрсатилди.
Кучли бешликдан Даниянинг Орхус ва Бельгиянинг Антверпен шаҳарлари ҳам жой олишди. Рейтингнинг кейинги ўринларини Швециянинг Стокгольм, Тайванинг Тайпей, Германиянинг Мюнхен, Нидерландиянинг Роттердам ҳамда Канаданинг Ванкувер шаҳарлари банд этишди.
Энг қизиқ ва ачинарли жиҳати, Марказий Осиё шаҳарлари бу рейтингда ҳаттоки 200 талик рўйхатга ҳам кира олмаган. Чунки, рейтинг шартларига кўра бахтли шаҳар бўлиш учун фақат юқори даромад ёки қулай иқлимнинг ўзи етарли эмас, балки шаҳарнинг инфратузилмаси, соғлиқни сақлаш тизими, экология ва ижтимоий ҳамкорлик йўналишларидаги аниқ ва мукаммал сиёсат зарур бўлади.
Демак, бугун бахтли ҳаёт кечиришимиз учун нафақат ўз орзуларимиз ва хоҳиш иродамизга интилишимиз, балки табиат муҳофазаси тадбирларини кучайтиришимиз, яшаб турган шаҳримиз, маҳалла ва кўчамизни обод қилишимиз керак бўлади. Хусусан, экологик маданиятни юксалтириш, жойларда дарахтзорлар, яшил ҳудудларни кенгайтириш зарур. Зеро, юртимиз табиати, унинг шаҳар ва қишлоқлари ўзгача чирой, манзара ва тароватга бой. Уни янада обод қилган сари бахт пиллапояларидан юқори кўтарилиб бораверамиз.