ЁШЛАР ВА ТАБИАТ

ЁШЛАР ВА ТАБИАТ

Инсоният олдида турган энг долзарб муаммолардан бири  экологик барқарорлик ва хавфсизликни таъминлашдан иборат. Зеро, бугунги кунда табиатни асраш,  атроф-муҳит мусаффолигини сақлаш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, экологик онгни шакллантириш, ривожлантириш ва юксалтириш, шунингдек,  экология соҳасидаги тадбирлар самарадорлигини ошириш ғоят муҳим аҳамият касб этмоқда. 

 

Бунинг учун аввало фуқаролар, хусусан, ёшларнинг экологик онги ва маданиятини юксалтириш билан боғлиқ масалаларни тадқиқ қилиш, уларнинг атроф-муҳит софлигини таъминлашдаги масъулиятини янада ошириб бориш талаб этилади. Негаки, инсон  азалдан табиатнинг бир бўлаги сифатида Аллоҳ инъом этган неъматлардан ўз эҳтиёжини доимий равишда, керагича қондириб келган. Аммо, бугунги кунда бу эҳтиёжларнинг ошиб бориши ва исрофгарчиликка йўл қўйилиши кўплаб муаммоларни келтириб чиқарди. Айниқса, табиат мувозанатининг бузилишида антропоген таъсирларнинг ошиб бораётганини алоҳида таъкидлаш жоиз. Чунки, инсоният тараққиётининг бугунги босқичида илм-фан, техника шу даражада ривожландики, бу ядро ва қуёш энергияси, кимё саноатининг ривожлангани, ишлаб чиқаришнинг автоматлаштирилиши, ахборот технологияларининг ривожланиши ҳамда бошқа янада мураккаб соҳаларининг ўзлаштирилиши билан характерланади. Шу билан бирга табиатнинг ер ости ва ер усти бойликларидан соф иқтисодий утилитар-меркантил манфаатлар йўлида фойдаланиш “табиат-жамият-инсон” тизимидаги муносабатларнинг кун сайин бузилишига, бу эса ўз навбатида ақл бовар қилмас янги экологик муаммоларни келтириб чиқармоқдаки уларни бартараф этиш бугунги кунда инсоният олдидаги энг долзарб вазифадир. 

photo_2025-08-07_17-14-06

Бунинг учун  аввало ўсиб келаётган ёш авлоднинг экологик тарбиясига алоҳида эътибор қаратилмоғи лозим. Экологик саводхонлик ва маданият, аввало, оиладан бошланади. Экологик дуёнқарашни шакллантиришнинг негизи оиладаги тарбияга боғлиқ. Агар бу масала оилада тўғри йўлга қўйилмаса, уни мактабларда, кейинги таълим босқичларида ҳамда меҳнат жараёнларида қарор топтириш қийин бўлади. Экологик таълим ва тарбия тизимини болалар боғчаларида, умумтаълим мактабларида, олий таълим ва ундан кейинги  босқичларида ҳам давом эттирилиши зарур. Бу борада Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 15 майдаги  “2030  йилгача бўлган даврда аҳолининг экологик маданиятини юксалтириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарорида аниқ ва равшан белгилаб берилган. Ушбу ҳужжатга кўра экологик маданиятни юксалтириш тадбирлари ҳаттоки меҳнат жамоалари, давлат идоралари, ўзини ўзи бошқариш ташкилотларида ҳам режали тарзда олиб борилади.

photo_2025-06-16_21-12-33

Таълим тизимида экологик маданиятни шакллантириш ўқув машғулотлари ҳамда дарсдан ташқари машғулотларда, синфдан ташқари ўтказиладиган тадбирларда, экскурсиялар вақтида амалга оширилади. Бунда ўқувчилар ўртасида "Табиатни асраш - Ватанни асраш", "Табиатни эъзозлайлик" “Қушлар бизнинг дўстимиз”, “Гуллар байрами”, "Табиат ва инсон", "Экология ва инсон" каби мавзуларда баҳс ва суҳбатлар уюштирилади. Хусусан, табиат қўйнига саёҳатлар, экологик йўналишдаги тўгараклар фаолияти, шу мазмундаги кечалар ўтказиш ўқувчилар хотирасида узоқ сақланади.   

photo_2025-06-13_20-34-14-1

Қарорга кўра, аҳолининг турли қатламлари, талабалар ва ёшлар ўртасида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида “Янги дарахт – янги нафас” республика экочемпионати, ҳар ойда бир маротаба «Маҳаллани чиқиндидан холи ҳудудга айлантирамиз» шиори остида акциялар, ташвиқот тадбирлари ўтказилади.  Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Ёшлар ишлари агентлиги, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги эса Экология вазирлиги билан биргаликда «Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида»ги  Қонунда   белгиланган барча турдаги таълим муассасаларида экология ўқувининг мажбурийлиги ҳақидаги талабни тўлақонли рўёбга чиқариш мақсадида амалдаги ўқув йилидан бошлаб илмий фаолиятга оид давлат дастурлари доирасида бажариладиган илмий лойиҳалар танловида аҳолининг экологик маданиятини юксалтиришни илмий-амалий жиҳатдан тадқиқ этишга оид мавзуларни ҳар йили эълон қилиб бориши белгиланган. Шунингдек, олий таълим муассасалари талабалари томонидан Ўзбекистон эковолонтёр талабалари ҳаракати ташкил этилади.    

photo_2025-05-29_18-04-01

Сирасини айтганда, ёшларнинг экологик маданиятни юксалтиришда “Табиат-жамият-инсон” тизими муносабатларини мувозанатга келтириш борасидаги тадбирлар,  табиий бойликлардан оқилона фойдаланиш, табиатни асраб-авайлашга оид ғоялардан унумли фойдаланиш мақсадга мувофиқ. Зеро, маънавий қадриятларимиз асосида фарзандларимизнинг онгига атроф-муҳитни озода тутиш, ҳавонинг ифлосланишига йўл қўймаслик, мамлакатимиз табиатини, ҳайвонот ва ўсимлик дунёсини асраш каби тушунчаларни сингдириб бориш нафақат бугунги жамият, балки келажак учун ҳам ғоят муҳим вазифадир.  

 

Сардорбек Азимходжаев,  

Ўзбекистон Экологик  партияси  

Олтинкўл туман Кенгаши раиси.