БУГУН – АВТОМОБИЛСИЗ КУН
Кундан –кунга дунё миқёсида ҳаракатланаётган автомобиллар сони ортиб боряпти. Бу бир томондан яхши, лекин масаланинг иккинчи томонига қарайдиган бўлсак, ана шу транспорт воситаларининг ҳар бири атиги бир соатлик ҳаракати давомида табиатга ўртача 2 - 3 килограммгача карбонат ангдрид газини чиқаради. Шу боис кейинги йилларда экологик соф транспорт масаласи глобал долзарб муаммога айланди.
Аҳамиятли жиҳати шундаки, амалий тадбирлар натижасида атроф-муҳитга зарар етказмайдиган автомобиллар – электромобиллар сони ҳам кўпайиб боряпти. Аммо, уларнинг миқдори ҳали унчалар салмоқли эмас. Демак, ҳозирда фойдаланишда бўлган транспорт воситаларидан ҳавога чиқаётган зарарли газ миқдорини имкон қадар чеклаш, бунинг учун автомобилнинг техник созлигини таъминлаш, зарур бўлмаган ҳолларда улардан фойдаланишни кескин қисқартириш зарур.
Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан жорий йил 25 мартда имзоланган “Атмосфера ҳавоси сифатини яхшилашга қаратилган “Тоза ҳаво” умумиллий лойиҳасини амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонни бу борадаги муҳим қадамлардан бири сифатида таъкидлаш мумкин. Унга кўра, 2026 йилнинг 1 майидан бошлаб ҳар ойнинг 10 ва 25-саналарида мамлакатимизда “Автомобилсиз кун” ва “Автомобилсиз ҳафта” акциялари ўтказиб борилиши белгиланган. Ушбу фармон ижроси юртимизда атроф-муҳитни асраш, ҳавонинг ифлосланишини камайтириш, аҳоли ўртасида соғлом турмуш тирзини рағбатлантириш ва экологик маданиятни юксалтиришга хизмат қилади. Чунки, шу кунларда фуқаролар бир кунга бўлса-да ўз шахсий автомобилларидан фойдаланмайди. Унинг ўрнига саломатлик асоси бўлган пиёда ёки велосипедда юришга ўтадилар, манзили узоқ бўлган тақдирда эса жамоат транспортига чиқиши мумкин бўлади.

Мазкур тадбирни ўтказиш давомида асосий масъулият давлат ташкилотлари ва идоралари ходимлари зиммасига тушади. Чунки, айнан улар учун акция ўтказиладиган кунларда хизмат автотранспорт воситаларидан фойдаланиш қатъиян тақиқланади ва шу орқали бошқа юртдошларимизга намуна бўлишлари талаб этилади. Яна бир жиҳати, ушбу саналар иш кунларига тўғри келганда давлат хизматчилари ҳайдовчиларнинг иш ҳақи сақлаб қолинади. Аксинча бўлган тақдирда, яъни давлат фуқаролик хизматчилари томонидан “Автомобилсиз кун” ва “Автомобилсиз ҳафта” акцияси доирасида хизмат автотранспорт воситаларидан фойдаланиш улар томонидан одоб-ахлоқ қоидаларининг бузилишига тенглаштирилди. Белгиланган талабларга риоя этмаслик давлат органлари ва ташкилотлари раҳбарларини, улар раҳбарлик қилаётган ташкилотларда фаолият юритаётган давлат фуқаролик хизматчиларини интизомий жавобгарликка тортиш учун асос бўлади.

Шунингдек, “Автомобилсиз кун” акцияси доирасидаги тадбирларда вазирлик ва идоралар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, таълим муассасалари ҳамда кенг жамоатчиликнинг фаол иштироки муҳим. Қўшимча тарзда мазкур саналарда жойларда экологик маданиятни оширишга қаратилган тарғибот тадбирлари, оммавий юришлар ва жамоатчилик акциялари ташкил этиш кўрсатиб ўтилган ва бу борада ўтказилаётган тадбирлар ҳам ўз самарасини бермоқда.

Шу ўринда ушбу тадбирларга асос бўлган мисолларга ҳам тўхталиб ўтиш жоиз. Яъни, мутахассисларнинг таъкидлашича, битта автомобил то эскириб яроқсиз ҳолга келгунича атрофга ўз оғирлигига нисбатан 50 баробардан ортиқ миқдорда зарарли газ чиқаради. У 15 минг километр масофа учун 2 тонна ёқилғи сарфлаб ҳавога 30 тонна чиқинди ташлайди. Бу чиқиндиларнинг 700 килограмми ис гази, 400 килограмми азот оксидлари, 230 килограмми углеводород ҳиссасига тўғри келади. Бошқачароқ айтганда, бир автомобилнинг бир кунлик тўхтовсиз ҳаракати ўртача катталикдаги дарахтнинг бир ой давомида ишлаб чиқарадиган кислородини йўққа чиқаради. Энг асосийси, автомобиллардан чиқаётган зарарли моддаларнинг ҳавони ифлослаши натижасида ҳар йили дунё бўйича 7 миллион одам вафот этади.

Мазкур мисоллардан кўриниб турибдки, атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш, унга транспорт воситаларидан ташланаётган чиқиндилар миқдорини камайтириш долзарб масала. Шу боис Фарғона вилояти экология ва иқлим ўзгариши бошқармаси ходимлари, шаҳар ва туман бўлими инспекторлари, экополиция мутахассислари томонидан жойларда қатор тушунтириш-тарғибот тадбирлари олиб бориляпти. Меҳнат жамоалари, маҳалла ва гузарлар, ўқув муассасаларида аҳолининг, хусусан ёшларнинг экологик маданиятини юксалтириш юзасидан амалий учрашувлар, тадбирлар ташкил этиляпти. Албатта, бу саъй-ҳаракат атроф-муҳит мусаффолигини таъминлашда кутилган самарани беради.
Баҳодир Жўраев,
Фарғона вилояти экология ва иқлим ўзгариши
бошқармаси “Тоза ҳаво” умуммиллий лойиҳасини
амалга ошириш ва атмосфера ҳавосини муҳофаза
қилишни таъминлаш шўъбаси бошлиғи,
Рустам Юсупов,
бўлим бош мутахассиси.