СУВЛИ-БОТҚОҚ ҲУДУДЛАР МУҲИМ ЭКОТИЗИМ

СУВЛИ-БОТҚОҚ ҲУДУДЛАР МУҲИМ ЭКОТИЗИМ

Табиатда ўрмон ва тоғлар, чўл ва текисликлар билан бир пайтда сувли-ботқоқли ҳудудлар ҳам учрайди. Ўзига хос бутун бир экотизим ҳисобланган бундай манзиллар ўз навбатида алоҳида эътиборга, муҳофазага муҳтож. Шу боис ҳар йилн 2 феврал санасида дунё миқёсида Бутунжаҳон сувли-ботқоқ ерлар куни нишонланади.

 

Мазкур сана 1971 йилда Эроннинг Рамсар шаҳрида қабул қилинган “Сувли-ботқоқ ҳудудлар тўғрисида”ги халқаро Конвенция билан боғлиқ бўлиб, сувли-ботқоқ ерлари табиатнинг бебаҳо бойлиги эканлигини эътироф этишга қаратилган. Чунки, сувли-ботқоқ ҳудудлар биологик хилма-хилликни сақлаш, иқлимни тартибга солиш, сув ресурсларини муҳофаза қилиш ҳамда инсон ҳаёти учун муҳим бўлган экотизим хизматларини таъминлашда алоҳида аҳамиятга эга. Ушбу ҳудудлар кўплаб ўсимлик ва ҳайвон турларининг яшаш макони бўлиб, табиий мувозанатни сақлашда муҳим ўрин тутади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 31 майдаги “Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги фаолиятини самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида мамлакатимиз аҳолисида экологик онг ва экологик маданиятни мустаҳкамлаш ҳамда ривожлантириш муҳим вазифа этиб белгиланган. Унга кўра, экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши масалаларига бағишланган муҳим саналар бўйича тадбирларни календар режа асосида республика бўйлаб юқори савияда ташкил этиш вазифаси юклатилган. Жумладан, Бутунжаҳон сувли-ботқоқ ерлари кунини нишонлаш доирасида ташкил этиладиган тарғибот-ташвиқот тадбирлари, давра суҳбатлари, очиқ дарслар ва экологик акциялар аҳолининг, айниқса ёшларнинг табиатга масъулиятли муносабатини шакллантириш, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, уларни асраш ғояларини кенг тарғиб этишга хизмат қилади.  

drozhbitka-svina-0

1971 йилда Каспий денгизининг жанубий соҳилида жойлашган Эронинг Рамсар шаҳрида “Халқаро аҳамиятга эга бўлган, асосан сувда сузувчи қушларнинг яшаш жойлари ҳисобланган сув-ботқоқ ҳудудлари тўғрисида”ги халқаро Конвенцияга кўра, унга аъзо бўлган 160 давлатнинг ҳар бирида   ҳеч  бўлмаганда битта Рамсар ерини яратиш  Конвенцияга қўшилишнинг асосий шарти ҳисобланган. Шунингдек, Ўзбекистонда ҳам Рамсар ерлари борлигини кўпчилик билмаса керак. Хусусан,   Бухоро вилоятидаги Денгизкўл 2001 йилда Рамсар рўйхатига киритилган Ўзбекистон ҳудудидаги биринчи сув ҳавзаси ҳисобланади. Етти йилдан сўнг бу рўйхатга Айдар-Арнасой кўллар тизими ҳам қўшилди.

Мазкур ҳудудлар ичимлик суви манбаи бўлиш билан бир қаторда биологик хилма-хиллик барқарорлигини таъминлаш ва қишлоқ хўжалиги ерларининг ҳосилдорлигини оширишга ҳам хизмат қилади. Бундай ҳудудлар гидрологик режимнинг асосий регулятори саналади ва ер ости сувлари даражасини бир маромда ушлаб туради ҳамда тупроқ эрозиясини бартараф этади. Шу билан бирга, Денгизкўл халқаро ҳамда миллий аҳамиятга эга. У сувда сузувчи қушлар мониторинги учун муҳим муҳофаза объекти ҳисоланади. Бу ерда қушларнинг 170 дан ортиқ турини, хусусан, “Ўзбекистон Республикасининг «Қизил китоби»га киритилган 24 турдаги ва Табиатни муҳофаза қилиш Халқаро уюшмаси рўйхатига киритилган 2 турдаги қушларни учратиш мумкин. Қиш мавсумида мазкур кўл учиб ўтувчи қушлар учун қулай яшаш макони бўлиб хизмат қилади.  

1089370225_0_0_1280_720_1920x0_80_0_0_5120301537c1e64b55925339bed76c9b

Рамсар рўйҳатига киритилган иккинчи объект – Айдар-Арнасой кўллар тизими бўлиб, унинг таркибига Тузкон, Арнасой кўллари ва Айдаркўл киради. Уларда 200 турдан ортиқ сувда сузувчи ва сув ҳавзаси атрофида яшовчи қушларни учратиш мумкин. Бу эса, ўз навбатида, ҳудудда илмий-тадқиқот ишларини олиб боришга имкон беради. Акватория сувларида балиқларнинг 22 тури, судралиб юрувчиларнинг 7 тури яшайди.

Сувли-ботқоқ ҳудудларининг экологик ҳолати улардан барқарор фойдаланишни таъминлаш мақсадида ҳукуматимиз томонидан “2008-2015 йилларда Айдар-Арнасой кўллар тизимидан самарали фойдаланиш бўйича ҳаракатлар Дастури”қабул қилинган. Амалга оширилган чора-тадбирлар натижасида ҳозиргача бу ҳудудда 150 дан ортиқ балиқчилик корхонаси ташкил этилди, балиқ овлаш ҳажми йилига  4,5 минг тоннадан 6,5 минг тоннага ошди. Шу билан бирга, 4 та овчилик хўжалиги тузилган.

1030776197_0_76_2800_1659_1920x0_80_0_0_1649595f81bc31b8ce7e425e12604cab

Бугунги кунга келиб, сувли-ботқоқ ҳудудларини муҳофаза қилиш ҳамда улардан оқилона фойдаланиш бўйича бир қатор ижобий натижаларга эришилди. Сувли-ботқоқ ҳудудларида мониторинг ва ҳудуд муҳофазаси ташкил этилиб, мазкур ҳавзалардан барқарор фойдаланиш бўйича чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқиб  тасдиқланган.

Республиканинг муҳим сув ҳавзаларини ўрганиш ва мониторингини юритишга доир ишлар давом этмоқда. Сувли-ботқоқ ҳудудлари тўғрисидаги Конвенцияга асосан бу ҳудудларда балиқлар билан бирга сувда яшовчи қушларнинг  турмуш тарзи ҳам ўрганилади ва бунинг учун етарли шароит яратиш  кўзда тутилган. Умуман олиб айтганда, сувли-ботқоқ ҳудудлар муҳофазаси табиатнинг муҳим бир ажралмас қисмини асраб-авайлаш билан бирга ана шу манзиллардаги биохилмахилликни таъминлашда муҳим асос бўлиб хизмат қилади. 

 

Гулноза Тўхтасинова,

Фарғона вилояти экология ва иқлим 

ўзгариши бош бошқармаси матбуот котиби.