САДА — КЎРКАМ ВА ФОЙДАЛИ ДАРАХТ
Мамлакатимиздаги дарахтларнинг кўп қисми республиканинг тоғ олди ва тоғли ҳудудларида ўсади. Бунинг асосий сабаби турли релъеф зоналарига бўлиниши ва бу ерда ҳар бир баландлик зонаси ўзига хос иқлими ҳамда шароитлари билан ифодаланади. Текислик ва пасттекисликларда аҳоли томонидан экилган ва парвариш қилинадиган дарахтлар учрайди. Мевали ҳамда манзарали бу дарахтлар ҳам озиқ-овқат, ҳам саноат учун бирдек фойдалидир.
Сада улар орасида кам учрайдиган дарахтлардан бири ҳисобланади. Аммо, бугунги экологик вазиятда уни кўпайтириш, юртимиз бўйлаб кенгроқ тарқалишига шароит яратиш керак. Чунки, Садақайрағочнинг барг ва шоҳлари қалин бўлганлиги боис у шунчалик кўпроқ ҳавони тозалаш хусусиятига эга. Яна бир аҳамияти сифатида кўркам кўриниши, каттагина майдонга соя бера олишини таъкидлаш мумкин. Кези келса, битта Сада тагида юз нафаргача инсон бемалол салқинлайди. Айниқса, уларни вилоятимизнинг сўлим ва хушманзара манзиллари, зиёратгоҳ ва дам олиш масканлари ҳудудида кўпайтириш экотуризм ривожига ҳисса қўшади.
Фикримизнинг далили сифатида Андижон туманидаги Дўнгқишлоқ маҳалласида ўсаётган шундай дарахтларни таъкидлаш мумкин. Ҳозирда улар кўпчилик эътиборини тортаётир. Бу ҳақда матбуот ва ижтимоий тармоқларда ҳам қайта-қайта хабарлар жойлаштирилаётганлиги мазкур дарахтларни келиб кўриш истагида бўлган юртдошларимиз сонини ортишига хизмат қиляпти.
Маҳалладаги Сада дарахтларининг умумий сони 10 туп. Энг каттасининг тана айланаси 2 метрга тенг. Шоҳларининг узунлиги 27, бўйи эса 20 метрни ташкил этади. 33 ёшли бу дарахт йил сайин янада каттариб, бўйига ҳам энига ҳам ўсиб бормоқда.
Таъкидланганидек, юртимизда бу дарахтларга бўлган қизиқиш тобора ортиб боряпти. Шу боис вилоят экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси ходимлари томонидан ушбу дарахтларга табиат ёдгорликлар бериш, сонини кўпайтириш ҳамда муҳофаза қилиш юзасидан қатор амалий ишлар бажарилмоқда.
Лочинбек Исамуддинов,
Андижон вилояти вилоят экология,
атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим
ўзгариши бошқармаси матбуот хизмати раҳбари.