БИОХИЛМА-ХИЛЛИКНИ САҚЛАШ МУҲИМ ВАЗИФА
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти биохилма-хиллик комиссияси ҳисоботига кўра бугунги кунда ер юзидаги ҳайвон ва ўсимликларнинг 40 фоиздан ортиғи йўқ бўлиб кетиш арафасида турибди. Агар вазият шу даражада қоладиган ёки тезлашадиган бўлса, у ҳолда яқин ўн йилликда кўплаб ҳайвон ва ўсимлик турлари йўқолиб кетади. Бу муаммо устида курраи заминда яшаётган ҳар бир инсон ўйлаб кўриши керак. Чунки, она еримизда биохилма-хиллик йўқолар экан, глобал экологик муаммолар пайдо бўлиши шубҳасиз.
Айни йўналишда мамлакатимизда қатор тадбирлар белгиланган. Хусусан, “2019 – 2028 йилларда Ўзбекистон Республикасида биологик хилма-хилликни сақлаш стратегияси” муҳим ҳужжат ҳисобланади. Унинг ижроси доирасида юртимиздаги муҳофаза қилинадиган табиий майдонлар мамлакат ҳудудининг 12 фоизига етказилади. Орол денгизининг қуриган тубида олиб борилаётган ўрмонлаштириш ишлари янда кенгроқ қулоч ёзиб, унинг умумий майдони 1 миллион икки юз минг гектар бўлади.
Жумладан, ҳайвонот дунёсининг ноёб вакилларига бўлган эътибор кучаяди. Бухоро ихтисослаштирилган “Жайрон” питомнигида жайронлар бош сони 1000 га етказилиши таъминланади.
Янада муҳими шуки, эндиликда замонавий геоахборот технологиялари асосида биохилма-хилликнинг давлат мониторинги ва давлат кадастри ягона ахборот маълумотлар базаси ишга туширилиб, ҳар йили 2 миллион гектар майдонда табиий яйловлар ва пичанзорлардаги ўсимликлар геоботаник текширувдан ўтказилмоқда. Шу билан бирга биохилма-хилликни сақлаб қолиш масалалари иқтисодиётнинг барча тармоқларига интеграция қилинаётир. .
Маълумотларга кўра кейинги беш аср давомида саноат ривожланиши ва атроф-муҳитнинг ифлосланиши туфайли ёввойи табиатда ҳайвонларнинг 320 дан ортиқ тури йўқ бўлиб кетган. Бундай аянчли вазиятни ўсимликлар дунёси мисолида ҳам кўриш мумкин. Таассуфки, бизнинг юртимиз табиати ҳам бу борадаги қатор йўқотишлардан ҳоли эмас. Галдаги асосий вазифа – биохилма-хилликни сақлаш учун ҳар бир юртдошимизнинг бу ҳақдаги билимларини ошириш, етарлича тарғибот олиб бориш ва табиатга нисбатан муносабатни кескин равишда ижобий томонга ўзгартириш ҳисобланади.