МАЗМУНЛИ ТАШРИФ, МАҚСАДЛИ ТАКЛИФЛАР

МАЗМУНЛИ ТАШРИФ, МАҚСАДЛИ ТАКЛИФЛАР

Маълумки, бугун маҳаллий ва халқаро оммавий ахборот воситаларида  Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Қоғоғистон Республикасининг Остона шаҳрида бўлиб ўтган Минтақавий экологик саммитдаги иштироки, мазкур тадбир ҳамда Оролни қутқариш халқаро жамғармаси таъсисчи раҳбарлари кенгаши мажлисидаги нутқлари нафақат Марказий Осиё давлатлари, балки бутун дунёда қизиқиш уйғотди. Унга турли соҳа мутахассислари, олим ва сиёсатчилар, экологлар ижобий муносабат билдирмоқда.    

 

Президентимиз саммитдаги ўз нутқида  таъкидлашича, глобал исиш суръатларининг тезлашиши натижасида Марказий Осиё минтақасида ҳарорат икки баробар тезроқ кўтарилмоқда ҳамда минтақа музликларининг қарийб учдан бир қисми йўқолди. Ёғингарчилик тартибининг беқарорлиги кузатилиб, сув ресурслари танқислиги ортмоқда, ер майдонларининг 80 миллион гектари аллақачон деградацияга учради. Бугунги форумда “Марказий Осиё экологик бирдамлиги” декларацияси, шунингдек, БМТ тузилмалари билан яқин шерикликда амалга ошириладиган, 2030 йилгача мўлжалланган Ҳаракатлар дастурининг қабул қилиниши умумий ишимизга муҳим ҳисса бўлиб қўшилиши алоҳида эътироф этилди. 

Ўзбекистон экологик барқарорликни шакллантириш бўйича аниқ мақсадли ва тизимли чора-тадбирларни амалга оширмоқда, дея сўзини давом эттирди Президентимиз. Яъни, мамлакатда “Яшил макон” лойиҳаси доирасида қарийб 1 миллиард туп дарахт ва бута экилди.  Орол денгизининг қуриган тубида 2 миллион гектардан ортиқ майдонда ўрмонзорлар барпо этилиб, янги “яшил белбоғ”лар яратилмоқда. Бизнинг ташаббусимиз билан БМТ Бош Ассамблеясининг “Ўрмонлаштириш ва ўрмонларни тиклаш бўйича ҳаракатлар ўн йиллиги” резолюцияси қабул қилинди.  

photo_2026-04-22_14-07-52

Сувни тежаш борасидаги кенг кўламли саъй-ҳаракатлар натижасида биз йилига 10 миллиард куб метр сувни иқтисод қилмоқдамиз.  Генерация қувватларимизда “яшил” энергетика улуши аллақачон 30 фоизга етди, жорий ўн йилликнинг охирига бориб эса 50 фоиздан ошади. Биз Париж битими бўйича зарарли чиқиндиларни 35 фоизга камайтириш мажбуриятини муддатидан олдин бажардик ва олдимизга янги мақсад – уларни 2035 йилгача икки баробар қисқартириш вазифасини қўйдик.  

Давлатимиз раҳбари шунингдек, нутқи давомида минтақадаги экологик муаммоларнинг ечимига ижобий таъсир этадиган қатор таклифларни ўртага ташлади. Жумладан,  атмосфера ҳавосининг сифати ёмонлашаётган шароитда “Марказий Осиёнинг тоза ҳавоси” давлатлараро консорциумини таъсис этиш минтақа аҳолиси саломатлигини ҳимоя қилишда муҳимлиги,   Ўзбекистондаги Яшил университет ҳузурида фаолият юритаётган Чўлланишга қарши курашиш, қурғоқчиликнинг олдини олиш ҳамда қум ва чанг бўронлари ҳақида барвақт огоҳлантириш марказига минтақавий мақом бериш,технологик ўтиш жараёнларини тезлаштириш учун “Марказий Осиё яшил савдо йўлаги”ни шакллантириш,  Марказий Осиё иқлим лойиҳаларининг ягона инвестиция портфелини яратиш,   Марказий Осиё атроф-муҳитидаги ўзгаришларнинг ягона минтақавий атласини яратиш,  биологик хилма-хилликни сақлаш учун “Марказий Осиё Қизил китоби”ни биргаликда ишлаб чиқиш,  иқлим кун тартиби ва экологик маданиятни илгари суриш учун экологик таълим ва ёшларни фаол жалб этиш сингари ўта долзарб ва муҳим таклифлар шулар жумласига киради. Бундан ташқари Экологик кун тартибини илгари суриш доирасида шу йилнинг 31 май – 5 июнь кунлари Самарқандда Глобал экологик фонднинг саккизинчи ассамблеяси, сентябрь ойи охирида эса Сувни тежаш бўйича бутунжаҳон форуми бўлиб ўтиши ҳам таъкидлаб ўтилди.

photo_2026-04-22_14-07-47

Давлатимиз раҳбарининг Оролни қутқариш халқаро жамғармаси таъсисчи раҳбарлари кенгаши мажлисидаги нутқида ҳам яна бир қатор ташаббуслар илгари сурилди.  Хусусан, Жамғарманинг фаолиятини ривожлантириш ва модернизация қилиш,  Жамғарма кун тартибини Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Маслаҳат учрашувлари қарорлари билан уйғунлаштириш, Жамғарма дастур ва лойиҳалари самарадорлигини ошириш, Жамғарманинг устувор дастурлари учун мавжуд таъсирчан молиялаштириш воситаларидан фойдаланиш, Жамғарма ва бошқа минтақавий тузилмалар ўртасида фаол ҳамкорликни йўлга қўйиш, халқларимизнинг сувга ҳаёт манбаи сифатида эҳтиёткорлик билан муносабатда бўлиш борасидаги кўп асрлик анъаналарини қайта тиклаш сингари таклифлар ана шулар жумласидандир. 

Шунингдек, давлатимиз раҳбари томонидан 2026-2036 йилларни “Марказий Осиёда сувдан оқилона фойдаланиш бўйича амалий ҳаракатлар ўн йиллиги” деб эълон қилиш ва минтақа мамлакатларида Сув ҳафталикларини мунтазам ўтказиб боришга қаратилган ташаббуси илгари сурилди.  

Дарҳақиқат, Остонада бўлиб ўтган Минтақавий экологик саммит Марказий Осиё минтақасида атроф-муҳит муҳофазаси, экологик маданиятни ривожлантириш, мавжуд минтақавий муаммоларга ҳамкорликда ечим излаш борасида муҳим аҳамиятга эга. Президентимиз нутқи ва унда билдирилган аниқ таклифлар эса айни йўналишдаги ҳал  қилувчи ўрин тутади.  

 

Алишер Аҳмедов, 

Фарғона вилояти экология ва иқлим 

ўзгариши бош бошқармаси бошлиғи.