ХАЙРЛИ ҲАРАКАТ – ЯШИЛЛИККА БАРАКАТ
Маълумки, бундан беш йил аввал мамлакатимизда “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида кенг кўламли кўчат экиш тадбирлари, яшил ҳудудларни кенгайтириш, шаҳар ва қишлоқлар, қир-адирлар, дала ва даштларда янги-янги дарахтзорларни барпо этиш ҳаракати авж олган эди. Ҳозирга келиб ушбу эзгу тадбир ўз самарасини кўрсата бошлади.
Бугун “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси қаторига “Менинг боғим” давлат дастури доирасидаги тадбирлар ҳам қўшилди. Хусусан, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси бошланганидан бери мамлакатимизда икки минг гектардан ортиқ майдонда салкам 950 та яшил боғ ва жамоат парклари бунёд этилди. Вилоятлар, шаҳар ва туманларда янгидан 47 та “Янги Ўзбекистон” массивлари қурилди. Биргина ўтган йилнинг баҳор мавсумида мамлакатимиз бўйлаб 136 миллион туп дарахт ва бута кўчатлари экилди. Давлат ўрмон фонди ерларидаги 126 минг гектар майдонда ўрмон барпо этиш ва қайта тиклаш ишлари амалга оширилди. Орол денгизининг қуриган туби ва Оролбўйи минтақасида қарийиб 125 минг гектар майдонда яшил қопламалар ташкил этилиб, 1,5 минг гектар майдонда ўрмонлар барпо этилди. Бундан ташқари ўрмон хўжаликлари томонидан яшил ҳудудлар етишмаётган 1024 маҳаллага 808 минг туп, экология жамғармаси томонидан таълим муакссасаларига 409 минг туп, тиббиёт ташкилотларига 493 минг туп кўчатлар етказиб берилган. Шундай қилиб, ўтган беш йилдавомида мамлакатимизда “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида экилган дарахт ва бута кўчатларининг умумий сони салкам 1 миллиард тупга яқинлашди.

Давлатимиз раҳбари томонидан шу йил 25 мартда имзоланган “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига асосан эндиликда биргина Сурхондарё вилоятида 10 минг гектарда “Яшил макон”, Сирдарёда 84 километрли “Яшил девор” барпо этилади. Қорақалпоғистонда 1 миллион гектар, Навоий ҳамда Бухорода 300 минг гектардан, Хоразмда 85 минг гектар чўл ҳудудида янги ўрмонзорлар яратилади. Шунингдек, юртимиз ҳудудларида камида 100 гектар майдонда ботаника ва дендрология боғлари, 20 тадан соя-салқин сайр кўчалари ташкил қилиш белгилаб қўйилган.Янада муҳим жиҳати, орадан кўп ўтмай, яъни шу йил 7 апрель куни Президентимиз яна бир муҳим ҳужжат – “Менинг боғим” лойиҳаларини шакллантириш ва амалга оширишда жамоатчилик ва халқ вакилларини иштирокини кенгайтиришга оид чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонга имзо чекди. Унга кўра, эндиликда мамлакатимизда яшил боғлар яратиш бўйича аҳоли ва депутатлар иштирокини янада кенгайтирилади. Хусусан, “Менинг боғим” дастури доирасидаги лойиҳани молиялаштириш учун Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг ҳар бир депутатига ҳам ўз округида яшил ҳудуд, яшил боғ яратиши учун 412 миллион сўмдан маблағ ажратиладиган бўлди. Шунингдек, “Очиқ бюджет” ахборот порталидаги танловда ғолиб бўлмаган камида битта “Менинг боғим” лойиҳасини депутатлар томонидан тегишли сайлов округидаги сайловчилар манфаатлари ва ҳудуднинг экологик ҳолатидан келиб чиқиб, ғолиб деб эълон қилиш амалиётини йўлга қўйилади.

Фармонга кўра, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Ташаббусли бюджет жараёнларида парламент назоратини амалга ошириш бўйича комиссияси томонидан мазкур жараёнларни мувофиқлаштириш, “Менинг боғим” лойиҳаларнинг молиялаштирилиши ва амалга оширилиши устидан парламент назоратини олиб боришни ташкил этиш тўғрисидаги таклифлари маъқулланиб, бу борадаги тартибга кўра, 2026/2027 йилги мавсумдан бошлаб “Менинг боғим” лойиҳалари доирасида яшил боғлар ва яшил жамоат паркларини ташкил қилиш учун ҳар йили Давлат бюджетидан ажратиладиган маблағларни тақсимлаш қуйидаги тартибда амалга оширилади. Яъни, 60 фоиз маблағлар — “Очиқ бюджет” ахборот портали орқали жамоатчилик фикри асосида шаклланган лойиҳаларни молиялаштириш учун, 40 фоиз маблағлар — депутатлар томонидан тегишли сайлов округида ғолиб бўлмаган, лекин сайловчилар манфаатларини инобатга олган ҳолда ғолиб деб эълон қилинган лойиҳаларни молиялаштириш учун йўналтирилади. Порталда депутатлар ташаббуслари асосида молиялаштириладиган лойиҳалар учун алоҳида саҳифа ташкил этилиб, шу турдаги барча лойиҳаларнинг жамоатчилик учун очиқ рўйхати юритилади ва депутатлар томонидан ғолиб деб эълон қилинган лойиҳалар порталдаги “Депутат ташаббуси” саҳифасига электрон рақамли имзо билан тасдиқлаш орқали киритилади ҳамда бу лойиҳаларни молиялаштириш учун асос ҳисобланади.

“Менинг боғим” лойиҳалари учун ер участкалари рўйхатини шакллантиришда биринчи навбатда тегишли туман ва шаҳарлар марказидаги, аҳоли доимий гавжум бўлган ҳудудлардаги ҳамда кўп хонадонли уйлар атрофидаги бўш турган ер майдонларига эътибор қаратилади. Лойиҳалар доирасида яшил боғлар ва яшил жамоат паркларини ташкил этиш учун ажратилган ер майдонларидан бошқа мақсадларда фойдаланиш тақиқланади. Тегишли лойиҳа етарлича овоз йиға олмаганда, депутат томонидан ғолиб деб эълон қилиш учун етарли асослар бўлмаганда ёки лойиҳа қиймати ажратилган суммадан кам бўлган тақдирда, иқтисод қилинган маблағлар “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида манзилли кўкаламзорлаштириш инвестиция дастуридаги, шу жумладан, тегишли ҳудуддаги бошқа лойиҳаларга йўналтирилади. Ер майдонларига қўйиладиган талаблар доирасида зарур инфратузилмани яратиш туман ва шаҳар ҳокимликлари зиммасига юклатилади.
Шунингдек, ғолиб лойиҳалар доирасида яшил боғлар ва яшил жамоат паркларини яратиш, парваришлаш, ўсимликлар касаллиги ва зараркунандаларга қарши курашиш тадбирлари Ўрмон ва яшил ҳудудларни кўпайтириш, чўлланишга қарши курашиш агентлиги тизими ташкилотлари томонидан амалга оширилади. Экилган дарахт ва бута кўчатларини парваришлаш, касаллик ва зараркунандаларга қарши курашиш тадбирларини ташкил этишда тегишли туман ва шаҳар ободонлаштириш бўлимлари шартнома асосида тасдиқланган лойиҳа-смета ҳужжатлари доирасида жалб қилинади.
Қувонарли жиҳати шундаки, “Яшил макон” ҳамда “Менинг боғим” лойиҳалари мазмун ва мақсад жиҳатидан бир-бирини тўлдирадиган эзгу ҳаракат ҳисобланади. Бу хайрли қадам келгусида Она табиат муҳофазаси, атрофимиздаги борлиқни яшилликка буркашда муҳим асос бўлиб хизмат қилади.
Иброҳимжон Саидов,
Фарғона вилояти экология ва иқлим
ўзгариши бошқармаси Бешариқ тумани
бўлими бошлиғи.