ТАБИАТ БОҒЛАРИ –ТАБИАТ МЎЪЖИЗАЛАРИ

ТАБИАТ БОҒЛАРИ –ТАБИАТ МЎЪЖИЗАЛАРИ

Мамлакатимизда табиатни муҳофаза қилиш, табиий ҳудудларни, миллий боғларни асраб-авайлаш, муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар тизимини кенгайтириш ва ривожлантириш бугуннинг муҳим вазифаларидан биридир. Давлатимиз раҳбари томонидан жорий йил 25 мартда имзоланган “Овжазсой – Мовий тоғлар”, “Писком”, “Фарғона” миллий табиат боғларини ташкил этиш ва “Поп” миллий табиат боғи ҳудудини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори айни йўналишдаги яна бир муҳим қадам бўлди.    

 

Ҳозирги кунда мамлакатимизда 7 та давлат қўриқхоналари, 2 та давлат биосфера резервати, 12 та миллий табиат боғи, 12 та давлат буюртма қўриқхоналари, 6 та табиат ёдгорликлари, 3 та ёввойи ҳайвонларни кўпайтириш бўйича питомниклар мавжуд. 2030 йилгача бўлган даврда Ўзбекистон Республикасининг атроф- муҳитни муҳофаза қилиш концепциясига кўра, муҳофаза этиладиган ҳудудлар  мақомига эга бўлган бундай манзилларни ривожлантириш асосий стратегик йўналишлардан бири сифатида қайд этилган. Концепция доирасида тадбирлар натижасида юртимизда муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар майдони деярли 15 фоизга етказилди. Аслида бу кўрсаткич 2017 йилда атиги 5,2 фоизни ташкил этарди, холос. 

“Овжазсой – Мовий тоғлар”, “Писком”, “Фарғона” миллий табиат боғларини ташкил этиш ва “Поп” миллий табиат боғи ҳудудини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорга асосан эндиликда Тошкент вилоятининг Оҳангарон туманидаги Оҳангарон ўрмон хўжалигининг “Овжазсой”  участкасидаги 9,2  минг гектар майдонда давлат муассасаси шаклидаги “Овжазсой Мовий тоғлар”, Бўстонлиқ туманидаги Бурчмулла давлат ўрмон хўжалигининг 156,7  минг гектар майдонида  давлат муассасаси шаклидаги “Писком”миллий табиат боғини ташкил қилиш, Наманган вилоятининг Мингбулоқ ва Поп туманларида 33,6 минг гектар давлат захира ерлари ҳамда Поп ихтисослаштирилган давлат ўрмон хўжалигининг 91,2  минг гектар ер майдони ҳисобига “Поп”  миллий табиат боғи ҳудудини 125,3  минг гектарга кенгайтириш белгилаб қўйилди.  

1695226640_2-35
 

Шунингдек, ушбу ҳужжатга асосан  вилоятимизда ҳам “Фарғона” миллий табиат боғи” ташкил этилади. Вилоятнинг Ўзбекистон ва Сўх туманларидаги 13,9  минг гектар давлат захира ерлари ҳамда Фарғона ҳамда Қўқон давлат ўрмон хўжаликларининг 8,9  минг гектар ер майдонлари ҳисобига умумий майдони 22,9  минг гектардан иборат давлат табиатни муҳофаза қилиш муассасаси шаклидаги “Фарғона” миллий табиат боғи ташкил этилади.   

Ўзбекистон Республикаси Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси ҳузуридаги “Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар департаменти” давлат муассасаси “Овжазсой — Мовий тоғлар”, “Писком”, “Поп” ва “Фарғона” миллий табиат боғларининг муассиси ҳисобланади. Ушбу миллий табиат боғларининг фаолияти Тошкент, Фарғона ва Наманган вилоятларининг маҳаллий бюджети, Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитасининг Умуммиллий экологик муаммоларни бартараф этиш давлат мақсадли жамғармаси маблағлари ва қонунчиликда таъқиқланмаган бошқа манбаалар ҳисобидан молиялаштирилади.  

Бундан кейин миллий табиат боғлари ҳудудидаги муҳофаза тадбирлари янада кучайтирилади. Хусусан, ҳар қандай капитал қурилиш ишларини амалга ошириш, автотранспорт воситаларини  киритиш ва ов қилиш таъқиқланади. Бундан фақатгина махсус ва ёнғинга қарши автотранспорт воситалари мустасно. Шунингдек, ноёб табиат, фауна ва флора билан танишиш истагидаги фуқароларга белгиланган тартибда пиёда сайр қилишга, табиат гўзалликларидан баҳра олишга рухсат берилади. “Овжазсой Мовий тоғлар”, “Писком” миллий табиат боғларидан ташқари ҳудудларда зарур туристик инфратузилма  ва туристик хизматлар ташкил қилиш мумкин.  

  e8aac67fa988b1cc000fb12703812c77
 

Мазкур қарорда шунингдек, табиат ёдгорликлари бўлган “Ёзёвон” ва “Мингбулоқ” оқ қумларини ҳам сақлаб қолиш кўрсатиб ўтилган. Чунки, ушбу ёдгорликлар асл табиий кўринишга эга кам сонли экоҳудудлардан ҳисобланади. Қумликлар орасидаги  фауна, флора  вакиллари ғоят ранг-баранг  ва уларни шундайлигича сақлаб қолиш долзарб масала. Хусусан, ҳозирда “Ёзёвон” табиат ёдгорлиги ҳудудида учрайдигани бир қатор судралиб юрувчилар -  Штрауха юмолоқбоши, Саидалиев тақир юмалоқбоши, Фарғона қум калтакесаги, зирҳли геккон, Рустамовнинг сцинксимон геккони сингари калтакесаклар ташқи омиллар таъсирида йўқолиб кетиш  хавфи остида қолган. Ушбу калтакесак турлари дунёнинг бошқа бирор жойида учрамайди. Бундан ташқари бу ерда ноёб ҳашаротлар, кулранг эчкиэмар, илонларнинг бир нечта турлари мавжуд. Сувсизлик ва ўта иссиқ  шароитларга мослашган кўпгина чўл ўсимликлари ҳам учрайди.     

0a6226b17bb24800ec6101fe499fd0f3

Қувончли жиҳати шундаки,  Президентимиз томонидан имзоланган ушбу ҳужжат – “Овжазсой – Мовий тоғлар”, “Писком”, “Фарғона” миллий табиат боғларини ташкил этиш ва “Поп” миллий табиат боғи ҳудудини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарор мамлакатимиз табиатининг бетакрор манзилларини муҳофаза қилиш, кенгайтириш борасидаги муҳим дастуриламал бўлди. Унинг ижроси доирасидаги тадбирлар келгусида миллий табиат боғларининг мамлакат ҳаётидаги муҳим ўрнини яна бир бора кўрсатиб беради. Она табиатимиз, унинг ранго-ранг манзаралари, табиий бойликларини ҳимоя қилиш юзасидан олиб борилаётгани ишлар самарадорлигини оширишга хизмат қилади.  

 

Зуфаржон Валиев,  

Фарғона вилояти экология ва иқлим ўзгариши   

бош бошқармаси “Био мерос” умуммиллий   

лойиҳасини амалга ошириш, биохилмахилликни   

асраш ва кадастрини юритиш бўлими бошлиғи.