ЧЎЛЛАНИШ – ЖИДДИЙ ЭКОЛОГИК МУАММО
Чўллар инсоният ҳаёти учун зарур шароитга эга бўлмаса-да, уларнинг ўзига хос экотизими, фауна ва флораси бор. Кейинги йилларда табиатга нисбатан нохолис муносабат натижасида иқлим ўзгариб боряпти, юзага келаётган қурғоқчилик натижасида унумдор ва лалмикор ерларда чўлланиш даражаси ортиб боряпти.
Ташвишли жиҳати шундаки, сув ва сув ресурсларидан кўр-кўрона фойдаланиш қурғоқчиликка, унумдор ерлар деградациясининг кучайишига олиб келяпти. Олимларнинг таъкидлашича, ҳозирда ҳар йили дунё бўйлаб 17 миллион гектар, 1 дақиқада эса 25 гектар ҳосилдор ер чўлга айланиб бормоқда. Сўнгги 300 йил ичида чўлланиш ер юзининг 87 фоизида ўз белгиларини намоён этган. Шундан 54 фоизи ў тган 100 йил ичида содир бўлган. Бундай жараён Жануби-шарқий Осиё ва Африка мамлакатларида ҳамон давом этаётир. Агар вазият шу алфозда давом этса, 2050 йилга бориб ер юзасининг 95 фоизи яроқсиз ҳолга келиши мумкин , деган ҳавотир бор.
Бундан ташқари, ер юзида 1,5 миллиарддан зиёд одамлар ҳанузгача тоза ичимлик сувидан фойдалана олмаётган бир пайтда чўлланиш ва қурғоқчилик, сув танқислигини янада кучайтирмоқда. 2050 йилга бориб 3 миллиарддан ортиқ аҳоли ичимлик суви таъминотида оғир вазиятга дучор бўлади. Натижада, бу муаммо кўплаб одамларни сувсиз ерларни тарк этишга мажбур қиляпти. БМТ маълумотларига кўра, 2030 йилга бориб ерлар деградацияси оқибатида бутун дунё бўйлаб 150 миллиондан зиёд кишининг миграциясига олиб келиши мумкин. Бундай миграция ва танқислик, ўз навбатида, турли зиддият ва беқарорликларни ҳам келтириб чиқариши ҳам эҳтимолдан ҳоли эмас.

Шу боис 1994 йилда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан чўлланиш ва ер деградациясига қарши кураш тўғрисидаги конвенция ишлаб чиқилди ва у барча аъзо давлатлар томонидан имзоланди. Шу йили ўтказилган БМТ Бош Ассамблеясининг 49-сессиясида 17 июнь – Бутунжаҳон чўлланиш ва қурғоқчиликка қарши кураш куни сифатида эълон қилинди ва шундан буён ушбу сана дунё миқёсида алоҳида эътибор билан нишонланмоқда.
Маълумки, чўлланиш ва қурғоқчиликнинг олдини олиш масаласида мамлакатимизда ҳам қатор амалий тадбирлар олиб бориляпти. Шунга қарамай асосий майдонининг 70 фоизи чўл ва ярим чўлдан иборат бўлган Ўзбекистонда чўлланишнинг олдини олиш юзасидан бажарилиши зарур вазифалар салмоқли. Негаки, биргина Орол денгизининг таназзули юртимизда салкам олти миллион гектар майдонда Оролқум чўлини пайдо бўлишига олиб келди.
Чўлланиш жараёнининг ёмон оқибатларидан бири шуки, миллионлаб гектар унумдор ерлар ўз ҳосилдорлигини йўқотиб боряпти. Бу ўз навбатида озиқ-овқат хавфсизлиги, сув таъминоти, биологик хилма-хиллик ҳамда аҳоли турмуш даражасига салбий таъсир кўрсатмоқда. Ушбу муаммонинг ечими эса тезкор ва амалий ҳаракатларга боғлиқ. Хусусан, чўлланишга қарши курашиш учун сув тежовчи технологияларни жорий этиш, яшил ҳудудларни кенгайтириш, тупроқ унумдорлигини сақлаш ва экологик маданиятни юксалтириш муҳим аҳамият касб этади. Табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш эса экологик барқарорлик ва келажак авлоднинг ҳаёт фаровонлигини таъминлашда асосий омил бўлиб хизмат қилади.

Шунингдек, давлатимиз раҳбари томонидан 2019 йил 22 февралда имзоланган “Ўзбекистон Республикасида чўлланиш ва қурғоқчиликка қарши курашиш бўйича ишлар самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросига янада жиддий эътибор қатариш лозим. Чунки, ушбу ҳужжат мамлакатимизда чўлланиш ва қурғоқчиликка қарши курашиш ишлари самарадорлигини оширишга хизмат қилмоқда. Бундан ташқари, ерлар деградацияси ва чўлланиши, шу жумладан ерларни тиклаш, рекультивация ва мелиорация тадбирлари, яйловлардан алмашлаб фойдаланиш, уларни сақлаш ва фитомелиорациялаш, қишлоқ хўжалиги экинларини алмашлаб экиш, ўрмонлар ва ихотазорлар барпо қилиш жараёнлари чўлланишни олдини олишнинг муҳим асоси ҳисобланади. Айниқса, ҳар йилнинг баҳор ва куз мавсумида бутун мамлакатимиз бўйлаб ўтказилаётган “Яшил макон” умумиллий лойиҳаси асосидаги амалий тадбирлар, шаҳар ва қишлоқларда барпо этилётган яшил ҳудудлар, яшил боғларга экилаётган дарахт ва бутлар сони йил сайин кўпайиб боряпти. Бу тадбирлар ўз навбатида нафақат чўлланишининг олдини олади, балки юртимизни янада обод ва кўркам маконга айлантиради.
Тўхтасин Умаров,
Фарғона вилояти экология ва иқлим ўзгариши
бошқармаси Тошлоқ тумани бўлими бошлиғи.