ДАРАХТЛАР – БИЗНИНГ ДЎСТИМИЗ
Ёзнинг бугунги жазирамаси ҳар қандай тирик жонни соя-салқинга, баҳаво манзилларга чорламоқда. Хусусан, аксарият юртдошларимиз ҳозирда тоғлар бағридаги ўрмонларга, қалин дарахтзорларга ёки икки соҳили сўлим бўлган дарёлар бўйидан манзил топган. Бу ўз навбатида дарахтларнинг инсонлар ҳаётида нақадар муҳим ўрин тутишига рад этиб бўлмайдиган мисолдир.
Шу ўринда дарахтларни биз – инсонларнинг дўсти, деган ибора ўзининг амалий тасдиғини топади. Чунки, биргина вояга етган дарахт ўз соясида бир неча инсонни қуёшнинг тик нуридан ҳимоя қила олади. Дарахтзорлар ораси, ўрмонларда эса бу имконият янада кенгроқ кўламни касб этади. Афсуски, биз бу ҳаётий ҳақиқатни доим ҳам етарлича англай олмаймиз ёки унга нисбатан эътиборсиз бўламиз. Натижада дарахтлар ҳимояси, уларни парваришлаш, сонини кўпайтиришга етарлича аҳамият бермаймиз. Одамлардаги ана шу эътиборосизлик йигирма биринчи асрга келиб улкан йўқотишлар, миллионлаб гектар ҳудудлардаги ўрмонларнинг аёвсиз кесиб юборилишига олиб келди. Оқибати эса иқлим ўзгаришлари, ер юзида ҳароратнинг йил сайин кўтарилиб боришига сабаб бўлди.
Келинг, амалий мисолларга ўтамиз. Янги асрнинг дастлабки йилларида қатор мамлакатларда дарахтларни шавфқатсиз кесиш оқибатида ҳар йили ер юзидаги 10 миллион гектаргача бўлган ўрмонлар йўқ қилинган бўлса, ҳайриятки, кейинги йилларда бундай тартибсизликка қарши кураш натижасида унинг кўлами ярмигача камайди. Аммо, 5 миллион гектарлик йўқотиш ҳам бу кичик миқдор эмас. Жумладан, ўтган йили биргина Бразилиянинг ўзида 3,26 миллион гектар ўрмонлар кесиб юборилди. Ундан кейинги ўринларда эса 510 минг гектарлик кўрсаткич билан Ангола, 469 минг гектар дарахтзорларни йўқ қилган Танзания ва 309 минг гектар ўрмонларга қирон келтирган Камбоджа, салкам 300 минг гектар ўрмонидан айрилган Перу давлатлари жойлашган. Айнан тропик минтақаларда жойлашган мазкур давлатлар эндиликда бошқаларга нисбатан янада иссиқ ҳароратдан, иқлим ўзгаришидан кўпроқ зиён кўрмоқда.

Қувончли жиҳати шундаки, йил сайин ортиб бораётган йўқотишлар эндиликда уларнинг ўрнини тўлдириш билан боғлиқ тадбирлар билан алмаша бошлади. Бошқачароқ айтганда ўрмонларнинг тириклик занжиридаги беқиёс аҳамиятини тушуниб етган давлатларда янги ўрмонлар барпо этиш, аввалги ҳудудлар ўрнини тўлдириш бўйича кенг кўламдаги амалий ишлар олиб бориляпти. Хусусан, бу борадаги тадбирларда Хитой Халқ республикаси энг катта ташаббус кўрсатди. Ўтган йили бу мамлакатда 1,6 миллион гектар майдонда янги ўрмонлар барпо этилди. Чексиз ўрмонлар ҳудуди саналган Россия Федерациясида эса бу миқдор 840 минг гектарга етказилди. Майдон жиҳатидан Россиянинг биттагина вилоятига тўғри келадиган 27 та Евриттифоқ давлатларида эса 208 минг гектар янги дарахтзорлар ташкил этилди.
Бу борада мамлакатимизда ҳам эътиборга лойиқ амалий ишлар бажариляпти. Хусусан, биргина “Яшил макон” умумиллий лойиҳаси доирасида юртимизда ҳар йили 200 миллион тупгача дарахт ва бута кўчатлари экиляпти. Мазкур ҳаракат бошланганидан бери ўтган даврда 2 минг гектардан зиёд майдонда 942 та яшил боғ ва яшил жамоат парклари, 47 та массивда “Янги Ўзбекистон боғлари” барпо этилди. Республиканинг тоғ, чўл ва адирларида 256 минг гектар ўрмон ташкил қилинди. Оролнинг қуриган тубида 2 миллион гектардан зиёд майдонда яшил қопламали ҳимоя ўрмонзорлари яратилди. Шамол ва қум-чанг бўронлари зарарли таъсирининг олдини олиш мақсадида 33 та туманда 60 километрли “яшил белбоғ” ҳосил қилинди. Ўтган йилда Хўжайли, Янгибозор, Ғиждувон, Балиқчи ва Оҳангарон туманларида йилига 5,5 миллион туп манзарали дарахт кўчатлари етиштириш имконини берадиган замонавий кўчатхоналар ишга туширилди. Бунинг натижасида республикамиздаги яшиллик даражаси 8 фоиздан салкам 15 фоизгача ошди.

Дарахтлар нафақат бизга соя-салқинлик беради, балки тўкин дастурхон, бири-биридан тотли мева-чевалар манбаи ҳамдир. Ундан ташқари дарахтзорлар табиатдаги углерод баланси, тоза ҳавони таъминлаб беради. Шунингдек, ўрмонларнинг умумий илдиз тизими тупроқ эрозиясининг олдини олади. Дарахтзорлардаги микроиқлим эса ўсимлик ва ҳайвонот олами ҳаёти, улар орасидаги биохилмахилликни асраб қолишда муҳим омил бўлиб хизмат қилади.
Айни кунларда мамлакатимизда дарахтларни муҳофаза қилиш, уларни ёз жазирамасидан ҳимоя қилиш мақсадида қатор агротехник тадбирлар олиб бориляпти. Хусусан, уларнинг атрофини юмшатиш, асфальт ва бетон қопламалардан озод этиш, тунги ва тонгги вақтларда қондириб суғориш ташкил этилган. Шу тариқа одамларни иссиқ ҳарорат ва жазирамадан сақлайдиган дарахтларга муносиб жавоб – ўзгача меҳр кўрсатиляпти. Истагимиз, бу борадаги тадбирларда барча юртдошларимиз фаол иштирок этса табиат олдидаги фарзандлик бурчимизни холисона адо этган бўлардик. Чунки, дарахтлар бизнинг энг яқин дўстимиз ҳисобланади.
Абдувоҳид Нўъмонов,
Фарғона вилояти экология ва иқлим
ўзгариши бош бошқармаси Қўштепа
тумани бўлими инспектори.