ЧИҚИНДИ — ДАРОМАД МАНБАИ

ЧИҚИНДИ — ДАРОМАД МАНБАИ

Бугунги кунда мамлакатимизда чиқиндиларни қайта ишлаш ва уларни самарали бошқаришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.  Бунинг асосий мақсади — атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, ресурслардан оқилона фойдаланиш ҳамда экологик муаммоларни камайтиришдан иборат.  


Аслида чиқиндилар масаласи бундан ярим аср аввал дунё миқёсида энг ташвишли глобал экологик муаммога айланиб улгурган. Янги аср арафасида эса нафақат ер юзи, балки дунё океанининг катта қисми ҳам чиқиндилар билан тўлди. Бу ҳам қуруқликда, ҳам сувда тирик жонзотлар ҳаёти учун  катта хатарни юзага келтирди.  Дунё уммоншунос олимларининг маълумот беришича, бугун биргина Тинч океанидаги чиқинди билан  билан қопланган кенгликлар деярли Россия ҳудудига тенглашиб қолди. Бошқачароқ айтганда, чиқиндилар Тинч океанидаги 20 квадрат километр майдондаги  тўртта катта оқим – Калифорния, Шимолий экваториал, Куроисо ва Шимолий Тинч океани йўналишлари бўйлаб соат стрелкаси тартибида айланиб юрибди.Ташвишли жиҳати, бу чиқиндилар миқдори юз миллионлаб тонналарни ташкил қилади. Янада аниқроқ айтганда, ҳар йили дунё бўйлаб инсонларнинг ҳаёт тарзи оқибатида ташкил бўладиган маиший ва қаттиқ чиқиндиларнинг  миқдори 2 миллиард тоннани ташкил қилмоқда. Бу кўрсаткич 2050  йилга бориб 3,4 миллиард тоннага етиши мумкин. 

images-20

Шу боис аллақачон ривожланган давлатларда бу ҳалокатнинг оқибатларини юмшатиш мақсадига хизмат қилувчи амалий ҳаракатлар бошлаб юборилган. Хусусан, Япония, Германия, Австрия  каби давлатларда чиқиндиларнинг олтмиш фоизгача бўлган қисмини қайта ишлаш  йўлга қўйилган. Янада аҳамиятлиси, қайта ишланган маҳсулотлар ўзининг юқори  сифати сабаб тўғридан-тўғри бошқа давлатларга экспорт  қилинмоқда.

Бу борада мамлакатимизда ҳам  амалий тадбирлар олиб бориляпти. Жумладан, ҳозирда Ўзбекистонда йилига 14 миллион тонна чиқинди ҳосил бўлади ва унинг атиги  5 - 8 фоизи қайта ишланади, холос. Чиқинди полигонлари 7 миллион тоннадан зиёд иссиқхона газларини атмосферага чиқади, 43 минг тонна заҳарли фильтратлар ер остига сингади. Мазкур чиқиндиларни қайта ишлаш кўламини ошириш, уларнинг табиатга таъсирини камайтириш ва  шу орқали яхшигина фойда олиш мумкин. Бунинг учун      Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси томонидан хорижий инвесторлар билан ҳамкорликда қатор лойиҳалар ишлаб чиқилди ва амалга оширилмоқда. 

Жумладан, Фарғона вилоятида  ҳам  бу борада аниқ натижалар бор. Ҳозирги кунда вилоятда 37 та чиқиндиларни қайта ишловчи корхоналар фаолият юритмоқда. 2023 йилда 357 минг тоннадан ортиқ чиқиндилар сараланиб, қайта ишланди ва қайта ишлаш даражаси 41 фоизга етказилди. Шунингдек, вилоятда 18 та чиқинди полигонлари фаолият юритмоқда ва уларнинг бошқаруви такомиллаштирилмоқда.  Ноқонуний чиқиндихоналарни бартараф этиш, чиқиндиларни белгиланган жойларга ташлашни назорат қилиш бўйича мунтазам тадбирлар олиб борилмоқда.  

Муҳими, маиший чиқиндиларнинг катта қисми — тахминан 80 фоизи органик моддалардан иборат бўлиб, улардан ўғит ва энергия манбаи сифатида фойдаланиш имкони мавжуд.  Шунингдек, пластик, шиша, металл каби материалларни қайта ишлаш орқали катта миқдорда энергия тежалади.  

f1526c03a86bc1744bf2bc291e8a245b
Бугунги кунда эски автомобиль шиналарини қайта ишлаш, пластик идишларни йиғиб, қайта ишлаш корхоналарига етказиш каби ишлар ҳам кенг йўлга қўйилган.  Бу эса атроф-муҳит ифлосланишини камайтиришга хизмат қилмоқда.  
Шунингдек, аҳоли ўртасида чиқиндилар билан муносабатда экологик маданият талабларига риоя қилиш муҳим вазифадир. Чунки, маиший ва қаттиқ чиқиндиларни белгиланган жойга, уларнинг турига қараб жойлаштириш қайта ишлаш жараёнини енгиллаштиришга ёрдам беради. Сараланган чиқинди ўз таркибига кўра белгиланган тартибда қайта ишланади  ва даромад манбаига айланади. Бу ҳар бир юртдошимиздан бирозгина эътибор, салгина ҳафсала талаб этади, холос. 

Хулоса қилиб айтганда, чиқиндиларни саралаш ва қайта ишлаш — бу фақат экологик эмас, балки иқтисодий жиҳатдан ҳам муҳим йўналишдир. Бу борада барчамизнинг фаол иштирокимиз жуда муҳим. 

 

Иқболой Қўзибоева,

Фарғона вилояти экология ва иқлим 

ўзгариши бош бошқармаси  “Чиқиндидан 

ҳоли ҳудуд” умуммиллий лойиҳасини амалга

ошириш ва чиқиндилар соҳаси бўйича 

бош  мутахассиси.