ҲАР БИР КЎЧАТ ҲИСОБДА БЎЛАДИ

ҲАР БИР КЎЧАТ ҲИСОБДА БЎЛАДИ

Бугун бутун дунёда дарахтзорларни аёвсиз кесилиши, ўрмон яшил фондининг қисқариб кетиши глобал экологик муаммога айланди. Она табиатнинг “ўпка”си ҳисобланган дарахтлар саноат ишлаб чиқариши, транспорт воситалари ҳаракати натижасида ажралаётган зарарли газларни етарлича тозалай олмаяпти. Мамлакатимизда “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси асосида олиб борилаётган амалий тадбирлар айни масалада муқобил ечим бўла олади.    

photo_2024-01-10_11-04-33
“Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси  доирасидаги тадбирлар бир неча йил аввал бошланган бўлса-да, кутилган натижани бермаётган эди. Жойларда кўчат экиш мавсумида ўтқазилган ниҳоллар эътибор ва парвариш талаб даражасида бўлмаганли боис қуриб қолаётганди. Бу қўшимча меҳнат, ортиқча ҳаражатга сабаб бўлди. 

Шу боис давлатимиз раҳбари ушбу масалага алоҳида эътибор қаратди. 2023  йил 23  ноябрда Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан имзоланган “Республикада яшиллик даражасини янада ошириш, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини изчил  амалга ошириш орқали экологик барқарорликни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига кўра умуммиллий лойиҳани  амалга оширишнинг қўшимча имкониятлари, талаб ва қамрови аниқ кўрсатиб ўтилди. Энг муҳими, экилаётган кўчатлар сонининг ҳаққонийлиги, уни етарлича парвариш қилиш масъулияти белгилаб берилди. 

photo_2024-01-10_11-04-43
Наманган вилоятида ҳам ўтган йили “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида кенг қамровли амалий ишлар бажарилди. Фармон ижросини таъминлаш, кўкаламзорлаштириш ишларини жадаллаштириш, дарахтлар муҳофазасини янада самарали ташкил этиш бўйича 2023 йил куз мавсумида вилоят ҳудудида 6 миллион 543 минг дона дарахт ва бута кўчатлари экиш режалаштирилган бўлиб,  амалда бу миқдор 7 миллион  222  минг донага етказилди.  

Ҳар бир экилган кўчатлар экология бўлимлари инспекторлари томонидан қатъий назоратга олинди. Лойиҳа доирасида корхона ва ташкилотларда  “Яшил белбоғ”, “Жамоат парклари”, “Яшил йўлаклар”ташкил этилди. Бу манзилларга  ўтқазилган ниҳоллар  сони тегишли тартибда yashilmakon.eco электрон   платформасига киритилди.

Шунингдек, фармон ижроси доирасида Ўзбекистон Республикаси экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги томонидан бажарилган ишлар ҳаққонийлиги ўрганиш бўйича алоҳида ишчи гуруҳ тузилган бўлиб, айни вақтда ишчи гуруҳ аъзолари вилоятимиз ҳудудида экилган кўчатларни бирма-бир саноқдан ўтказишмоқда.

photo_2024-01-10_11-04-45
Чуст ва Тўрақўрғон туманларида ўтказилган ана шундай ўрганишда ўқув муассасалари, йўл қирғоқ минтақалари, тиббиёт муассасалари,  йирик саноат корхоналари атрофида ташкил этилган “Яшил белбоғ”лар ҳамда чиқинди полигонларига экилган кўчатлар саноқдан ўтказилди. Шу билан бирга 2024 йилги мавсум  учун яратилган кўчат заҳиралари ҳам ўрганилди.

Кўчатни саноқдан ўтказиш билан бир қаторда мутахассислар томонидан уларни парваришлаш доирасидаги агротехник тадбирларни тўғри ташкил қилиш, ҳар бир ниҳолга алоҳида эътибор қаратиш юзасидан зарур  кўрсатмалар бериляпти. Бу каби ўрганишлар вилоятимизнинг барча  шаҳар ва туманларида ўтказилади. 

 

 

Икромжон  Орифжанов,

Наманган вилояти экология, атроф-муҳитни 

муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши 

бошқармаси матбуот котиби.