ТАШАББУСКОР ВА ТАДБИРКОР ДЕПУТАТ

ТАШАББУСКОР ВА ТАДБИРКОР ДЕПУТАТ

Шаҳрихонда ёш ва изланувчан, ташаббускор бир тадбиркор бор. У йигитнинг исми Баҳриддин Абдунабиев. Ёшлигидан шифокор бўлишни орзу қилгани учун қаторасига  беш марта Андижон тиббиёт институтига ҳужжат топширди. Насиб қилмаган экан, кира олмади. Аммо, йигит асло чекинмади. Асака тиббиёт коллежида олган билимларини чуқурлаштира бориб олға интилди. Натижада бугунга келиб, ўз сафига юздан зиёд малакали шифокорларни бириктирган  жамоанинг раҳбарига айланди. 

 

Бир қарашда жуда қизиқ, яна бир томондан ибратли ҳаёт йўли. Чунки, ўқувчида қандай қилиб олий маълумотга эга бўлмаган тиббиёт ходими бир қанча шифокорларга бош бўлиши мумкин, деган савол туғилиши табиий. Лекин, кишида иқтидор бўлса, интилиш бўлса мақсад манзили ҳам забт этилади. Баҳриддинда ҳам шундай бўлди. Институтга кира олмагач, қизғин меҳнат қучоғига шунғиди. Шаҳрихон туман тиббиёт бирлашмасининг “Тез ёрдам”  бўлимига ишга кирди. Институтда ололмаганларини ҳаётда, амалиётга ўрганди. Қўлидан тиббиётга оид, замонавий медицинага доир янгиликларни жамлаган китоблар тушмади. Тиб илмини ўрганишга иштиёқ, соҳага бўлган муҳаббат ўз самарасини берди. Бугун гарчи маълумоти олий бўлмаса-да, кўплаб шифокорларга етакчилик қилади, уларнинг фаолиятини назорат қилиб боради. 

photo_2025-05-23_12-37-52

-Бизнинг клиникамиз “Андижон тиббиёт диагностика”  масъулияти чекланган жамият тасарруфида 2013  йилда ташкил этилган, – дейди Баҳриддин Абдунабиев. – Асосий вазифамиз касалликларни тез ва эрта аниқлаш, аниқ ташхислашга йўналтирилган. Бунинг учун клиникамиз бугунги замон талабига жавоб бера оладиган, энг сўнгги тиббий-диагностик  жиҳозлар билан таъминланган. Бу жиҳозлар Фарғона водийсида ягона бўлиб, таҳлиллар 99,8 фоиз аниқлик билан натижа беради. Бунда жараён  автоматик равишда (роботлар ёрдамида)  амалга оширилади. Мана шундай натижага эришганимиз учун Буюк Британиядаги RIQAC – тиббий таҳллиларни натижадорлигини текшириб борадиган халқаро ташкилотнинг махсус сертификатига лойиқ кўрилганмиз. Тиббий хизмат сифатининг тезкор ва юқорилиги сабаб клиникамизга мурожаат қилувчилар сони кескин ортиб боряпти. Бугун вилоятимизнинг кўпгина шаҳар ва туманлари, мамлакатимизнинг деярли барча вилоятлароида ўз филиалларимизни ташкил қилганмиз.

CZ3B0839

Тадбиркорнинг маълумот беришича, ҳозирда “Андижон тиббиёт диагностика” клиникасига ҳар куни 500 нафардан зиёд юртдошларимиз мурожаат қилишади. Андижон шаҳридаги иккита, Марҳамат, Хўжаобод, Бўстон туманларидаги филиалларда ҳаммаси бўлиб 120  нафар малакали, тажрибали шифокорлар ҳамда ўрта тиббиёт ходимлари меҳнат қилишмоқда. Улар орасида бугун ўзининг салоҳияти билан танилган олий тоифали шифокорлар – уролог-андролог Лочинбек Бурашев, Жасурбек Мамадалиев, аллерголог  Нурали Маматисақов, эндокринолог Яйрахон Қўлдошева ҳамда водийда ўз соҳасининг ягона, кучли мутахассиси бўлган врач-лаборант Наталья Стасовалар бор. 

photo_2025-05-23_12-37-50

Хизмат сифати юқори бўлган жойда унга бўлган талаб ҳам ортади. Шу боис клиника йил сайин ўз фаолиятини кенгайтириб боряпти. Шу йил мустақиллик байрами арафасида Андижон шаҳрида клиниканинг янги поликлиникасини фойдаланишга топшириш режалаштирилган. Замонавий тиббий жиҳозлар билан тўлдириладиган ушбу манзилда уролог-андролог, эндокринолог, аллерголог, терапевт, кардиолог, гепатолог, гастроэнтеролог, педиатр, гинеколог, ЛОР, офтальмолог, дерматолог каби юқори малакали шифокорлар ҳар куни 200 нафардан ортиқ беморларни қабул қилиш ва уларга малакали тиббий хизмат кўрсатиш имкониятига эга бўладилар.

CZ3B0846

-Тўғри, мен тиббиёт соҳасида олий маълумотли бўла олмадим, аммо ҳозир ҳам ҳар лаҳзада ўрганишда давом этаяпман, - дейди Баҳриддин. – Шунча ишимдан ортиб Шаҳрихон тумани “Тез ёрдам ” бўлимида навбатчиликда тураман. Энг муҳими, ўтган йиллар давомида 9 та хорижий давлатга бориб у  ердаги дунёга машҳур врачлардан замонавий тиббиёт ютуқларини ўрганиш бахтига муяссар бўлдим, тажриба алмашдим ҳамда қисқа муддатли курсларда  малакамни ошириб келдим. Хусусан, Россия, Туркия. Греция ва Таиланд сингари давлатларга бўлган амалий сафарларимда бу давлатлардаги тиббиёт ютуқларини кўриб ҳавас қилдим. Энг муҳими, ўша давлатлардаги замонавий тиббий-диагноситика жиҳозларини юртимизга, клиникамизга олиб келишга муаффақ бўлдим. Тиббий жиҳозларимиз янги ва замонавий, улардан фойдаланаётган шифокорлар эса вилоятимизнинг энг кўзга кўринган мутахассислари. Бизнинг бош ютуғимиз айнан шунда.

photo_2025-05-23_12-37-54

Баҳриддин Абдунабиев ишлаб чарчамайдиган ёшда. Ғайрати, шижоати танига сиғмайди. Шу боис кун ора маҳалла кезиб сайловчиларининг ҳузурига ошиқади. У Шаҳрихон туманидаги 21-Чўжа сайлов округидан Ўзбекистон Экологик партияси фаоли сифатида халқ депутатлари туман Кенгаши депутатлигига сайланган. Бундан аввалги муддатда ҳам айнан шу қишлоқда депутат бўлган Баҳриддинга иккинчи муддатга сайловчилар мутлақ ғолибликни муносиб кўришди. Умумий овоз миқдори саксон фоиздан ортиб кетди. Бу ўз-ўзидан бўлмади. Қишлоқ аҳли йигирмат тўрт соат давомида Баҳриддин Абдунабиевга ҳар қандай масалада сира иккиланмай мурожаат қилишади. Биринчи навбатда касб тақозоси – тиббий ёрдам масаласидаги мурожаатлар туради. Депутат уларни қисқа фурсатларда ҳал қилади. Кейингиси эса маҳалладаги ички кўчаларни асфальтлаш, ичимлик суви тортиш, ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларни қўллаб-қувватлаш  сингари муҳим  масалалар ҳисобланади. Бу борада ҳам халқ ишончи оқланди. Маҳалла сўнгги йилларда беш марта ташаббусли бюджетда ғолиб бўлди, кўчаларга  тўла асфальт ётқизилди. Ичимлик суви етиб бормаган 950  метр масофада янги тармоқ ишга туширилди ва аҳоли хонадонларига обиҳаёт кириб борди.

photo_2025-05-23_12-37-48

-Ажойиб, содда ва самимий, меҳнаткаш халқимиз бор. – дейди тадбиркор йигит. –Бу халқнинг қанча хизматини қилсанг, шунча кам. Эндиги вазифамиз аҳолининг экологик маданиятини юксалтириш, соғлом турмуш тарзига эришишга тарғиб қилишдан иборат. Чунки, мусаффо табиат қўйнида саломатлик бўлади, поклик ҳукм сурган жойда касалликка ўрин йўқ.  Бу борадаги вазифамиз аниқ. Хусусан, айни йўналишда бизга  Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025  йил 15 майдаги “2030 йилгача бўлган даврда аҳолининг экологик маданиятини юксалтириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори  ва шу асосда қабул қилинган Концепция муҳим ҳужжат ҳисобланади. Аслида атроф-муҳит муҳофазаси борасидаги қонунлар тарғиботи, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, экология ва саломатлик  борасидаги муҳим вазифалар ташвиқоти бизнинг сайловолди дастуримизда ҳам аксини топганди. Энди бу йўналишдаги тадбирлар янада кенгаяди. 

Шу аснода суҳбатимиз бўлинди. Баҳриддинниг қўл телефони устма-уст жиринглади. У томондан депутатга яна мурожаат йўлланди. Мурожаат ечимини кечиктириб бўлмайди. Тадбиркор ва ташаббускор депутат шу тариқа ишхонани тарк этиб маҳалла сари йўл олди. Ҳали  уни кун давомида бажариши лозим бўлган яна бир талай ишлар кутиб турибди. Уни қўллаётган, дуо қилиб турган сайловчилари, ёрдамидан баҳраманд бўлаётган беморларининг миннатдорчилиги йигитнинг йўлларини очиқ ва ёруғ бўлишига хизмат қиляпти. Биз ҳам Баҳриддин Абдунабиевга омад тилаймиз, юртимизда мана шундай эл хизматини юксак шараф билган ёшларимиз кўпаяверсин.

 

Неъматилло Турсунов,

Ўзбекистон Экологик партияси 

Шаҳрихон тумани Кенгаши раиси.