ТАРҒИБОТ ТАЪСИРЧАН БЎЛИШИ ЛОЗИМ

ТАРҒИБОТ ТАЪСИРЧАН БЎЛИШИ ЛОЗИМ

Бугун экологик муаммолар дунё ҳамжамиятини ташвишга солаётган асосий масала. Чунки, кейинги йилларда рўй берган салбий ўзгаришлар бутун тирикликка, атроф-муҳитга жиддий хавф солаётир. Бунга табиат ва унинг неъматларини етарлича ҳимоя қилинмаганлиги, улардан керагидан ортиқ тарзда фойдаланаётганлигимиз сабаб бўлмоқда. 

 

Ҳеч кимга сир эмас, курраи заминимизда экологик муаммолар кун сайин кўпайиб боряпти. Ўз навбатида уларнинг салбий оқибатлари ҳам янада кенгроқ кўлам касб этяпти. Жаҳон ёввойи табиат жамғармаси, Лондон зоология жамияти ва бошқа қатор ташкилотлар ўтказган тадқиқот натижаларига кўра 1970  йилдан бери бутун дунёда ёввойи ҳайвон ва қушлар сони 3,43  минг турга, тирик сайёранинг индекси – ҳаво ва қуруқликда яшайдиган жониворлар тури 76 фоиз, ер усти ва сувда кун кечирадиганлар сони 39 фоизга камайган. Ҳар йили ер  юзида 13 миллион гектар тропик ўрмон кесилмоқда. Йўқотишлар ўрмонларни тиклаш ишларига нисбатан 10 баробар кўпдир. Ҳар куни атмосферага 60 миллион тоннага яқин карбонат ангидрид чиқарилиши дунё океанидаги сув сатҳининг кўтарилишига олиб келмоқда. 

Ҳаво таркибида карбонат ангидриднинг ошиши, чиқинди газларнинг меъёридан ортиқ ҳавога чиқариб ташланиши оқибатида иссиқхона эффекти ҳосил бўлиб, бугунги кунда жаҳон ҳамжамиятини ташвишга солаётган жиддий экологик муаммо — глобал иқлим ўзгариши юзага келди. Шунингдек, озон қатламининг емирилиши, дунё океанининг ифлосланиши, тупроқ унумдор қатламининг йўқолиб бориши, тропик ўрмонларнинг кесилиши, чўлланиш, чучук сув манбааларининг камайиши аллақачон глобал экологик муаммога айланиб улгурди.

whatsapp-image-2023_12_22-at-17.01.13

Афсуски, мамлакатимизда ҳам табиатни асраб-авайлаш, атроф-муҳит озодалигини асраш масаласида ташвишга сабаб бўладиган муаммолар йўқ эмас.  Ўзбекистоннинг энг катта экологик муаммоси Орол денгизининг қуриб бориши нафақат шу экологик фалокат ҳудуди, шунингдек, Қозоғистон, Туркманистонни ҳам қамраб олган. Aйни вақтда Ўзбекистонда 301 ўсимлик ва 184 та ҳайвон тури  Ўзбекистон “Қизил Китоби”га киритилган. Экологик барқарорликни таъминлаш  борасида ҳукуматимиз бир қатор стратегик дастурларни ишлаб чиққан. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси атроф-муҳит гигиенаси бўйича миллий ҳаракат дастури, биологик ранг-баранглик, биохилмахилликни сақлаш бўйича Миллий стратегия ва Ҳаракат режаси, Қурғоқчилик ва чўлга айланишга қарши кураш бўйича Миллий ҳаракат дастури, Aтроф-муҳит муҳофазаси бўйича Миллий ҳаракат дастури каби бир қатор режалар қабул қилинган бўлиб, улар асосида юртимиз табиатини асраб-авайлаш борасида қатор ижобий ишлар амалга оширилмоқда.  

Аммо, бу борада қилиниши лозим бўлган тадбирлар ҳам етарли. Юқорида қайд этилган муаммоларнинг юзага келишида бош сабабчи бўлган масала – экологик маданиятнинг етишмаслиги  бу борада жиддий чоралар кўришни талаб қилади. Хусусан,  Президентимиз томонидан  2025 йил 15 майда  имзоланган “2030 йилгача бўлган даврда аҳолининг экологик маданиятини юксалтириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарор ғоят муҳим қадам бўлди. Чунки, унинг асосида қабул қилинган Концепцияда мамлакатимизда экологик маданиятни юксалтиришнинг асосий вазифалари, муҳим йўналишлари  кўрсатиб ўтилган. Концепция  ва экологик маданиятни тарғиб қилишда асосий масъулият Ўзбекистон Экологик  партияси фаолларига, ижроси назорати экология вазирлигига юклатилган. 

Концепция мазмунидан кўриниб турибдики, эндиги тарғибот шунчаки олиб борилмайди. Экологик маданиятни шакллантириш, юксалтириш борасида ҳар бир тизимда бажарилиши лозим бўлган  чора-тадбирлар аниқ кўрсатиб ўтилган. Мактабгача таълим ва мактаб, ўрта-махсус, олий таълим тизимларидаги экологик маданияти юксалтириладиган фарзандларимиз миқдори аниқ сонлар билан кўрсатиб ўтилган. Экологик маданият тарғиботида маҳалла, давлат корхонаси ва ташкилотлар ходимларининг тўқсон фоизи қамраб олинади. 

Албатта, бу жиддий вазифа. Унинг ижроси учун кучли билим ва салоҳиятга эга мутахассислар, олим ва зиёлилардан иборат тарғиботчилар гуруҳи,  эковолонтёрлар зарур бўлади. Тарғибот таъсирчанлигини ошириш учун табиатни муҳофаза қилиш соҳасидаги қонуний ҳужжатлардан тортиб сўнгги экологик янгиликлар, жаҳон миқёсида рўй бераётган ўзгаришлар, уларнинг табиатга, жамиятга салбий таъсири очиқ кўрсатиб берилиши керак. Шундагина экологик маданият тарғиботи кутилган натижани беради. 

 

Абдураҳим Ирисов,

Ўзбекистон Экологик партияси 

Норин тумани Кенгаши раиси.