ТАБИАТНИНГ ЎЗИ ТАБИБ

ТАБИАТНИНГ ЎЗИ ТАБИБ

Мамлакатимиз флораси жуда ҳам бой. Улар орасида кишилар саломатлиги учун аҳамиятли бўлган қатор ўсимлик  турлари учрайди. Мазкур доривор гиёҳлар кимёвий дорилардан фарқли ўлароқ касалликни даволашда кўпроқ самара беради. Энг муҳими инсон танасига  салбий таъсир ўтказмайди. Қолаверса, турли препаратлар учун миллионларни сарфлаш ҳам шарт эмас.   

 

Олимларнинг таъкидлашича, ҳозирда Ўзбекистон ҳудудида тўрт ярим минг турга яқин ўсимликлар бўлиб, уларнинг мингдан зиёди дориворлик хусусиятига эга.  Аслида бошқа ўсимликларда ҳам табиат, жамият ва тириклик учун етарлича фойдали жиҳатлар бўлган ҳолда уларни тўла тадқиқ этиш  инсоният учун қатор имкониятлар эшигини очади. Биз эса қуйида Сизга таниш, атрофимизда униб-ўсаётган доривор ўсимликларнинг айримлари ҳақида тўхталиб ўтамиз. 

Улардан бири ширинмия ўсимлигидир. Ширинмия доривор ўсимлик сифатида жуда қадим замонлардан маълум. Хитой халқ табобатида бу ўсимлик эрамиздан 3000 йил аввал турли хил ҳасталикларни даволашда қўлланилган. Шунингдек, ширинмия ўсимлигининг шифобахш хусусиятлари борасида ҳинд ва тибет табобатида ҳам маълумутлар учрайди. Ўрта асрларнинг машҳур олим ва табиби, буюк бобокалонимиз Абу Али ибн Сино ўзининг даволаш амалиётида ширинмиянинг ер остки қисмларидан жуда кенг миқиёсда фойдаланган. Жумладан ошқозон ичак яраларини, ўпка ва нафас йўллари касалликларини даволашда шунингдек, пешоб ҳайдовчи доривор восита сифатида ишлатилган. монавий табобатда ҳам бу ўсимликнинг ўрни беқиёс бўлиб, фармацевтика саноати корхоналарида қайта ишланиб турли хил дори воситалари ишлаб чиқарилмоқда. 

glycyrrhiza_glabra_2-1

Яна бир шифобахш ўсимлик бу -  жийда ҳисобланади. Жийда   – жийдадошлар (жийдагуллилар оиласи)га  мансуб кўп йиллик ўсимлик ҳисобланади. У энг қадимий ўсимлик бўлиб, жуда қадим замондан экилиб келинади. Дунёнинг ҳамма давлатларида ўстирилади. Ватани  Ўрта ва Марказий Осиё, эрамиздан аввалги 6 – 10 асрларда Шарқий Туркистондан буюк ипак йўли бўйлаб доривор жийда Хитой ва Ҳинди – хитой ўлкаларига, эрамизнинг илк  асрларда Греция орқали Европага тарқалган.  Жийда ўсимлигининг 40 тури мавжуд бўлиб, шундан Ўзбекистонда  4 тури: доривор нон жийда,  кумушсимон жийда, қизил қандак, чўли қандак навлари кўпроқ экилади. Бу ўсимлик 60 – 80 йил яшайди, 100 – 140 йиллик жийдалар ҳам ҳаётда учраб турибди.  

img_8108-1

Жийданинг меваси  истеъмол қилинади, қуритилиб,  қайта ишланади.  Инсонлар бу ўсимликнинг илдизи, танаси, танасидаги қалин пўстлоғи, танасидаги елими, шохи, новдаси, барги, гули, ғўраси, мевасидан  ҳамда данагидан фойдаланишади. Озиқ – овқат саноатида, фармацевтикада, медицина ва халқ табобатида кенг ва кўпроқ ишлатилади.  Ҳар хил  қайнатмалар ва димламалар, 18 дан ортиқ рецептлар асосида дори воситалари тайёрланади. Жийда озиқавий ва доривор ўсимлик бўлиб, унинг меваси углеводларга бой, 10 фоиз оқсил, тузлар, алкалоидлар, полисахридлар, мураккаб эфирлар, флавонгликозидлар, феноллар, фенол кислаталар, кетонлар, фенилэфирлар, пиримидлар, стероидлар, терпенлар, флавонидлар, терпеноидлар ва гликозидларни ўзида сақлайди. Ўсимликнинг  гуллари биологик актив моддаларга бой. Ўсимликнинг елими антиоксидант, жароҳатларни тузатувчи, ялиғланишга қарши таъсирлари аниқланган.