СИҲАТ ТИЛАСАНГ, КЎП ЕМА...
Аждодларимиз хўп билиб айтишган: “Сиҳат тиласанг кўп ема, иззат тиласанг кўп дема”. Бу нақл айни ҳозирги кунимизга мос тушади. Чунки, бугун шифокорларга мурожаат қилаётган беморларнинг аксарияти соғлом турмуш тарзининг оддий қоидаларига риоя қилишмайди. Бетартиб, пала –партиш, тез-тез ва меъёридан ортиқча овқатланиш киши организмини жиддий муаммоларга дучор қилмоқда.
Бутунжаҳон Соғлиқни Сақлаш Ташкилоти маълумотларига кўра, йигирма биринчи асрнинг бошида инсонлар орасида учраётган касалликларнинг ўн беш, йигирма фоизига атроф-муҳитнинг ифлосланиши сабаб бўлган. Афсуски, бу кўрсаткич ҳозирга келиб деярли ўттиз фоизгача етди. Қолаверса, соғлом турмуш тарзига керагича эътибор қаратмаслик бу борадаги вазиятни янада жиддийлаштирмоқда. Бугун атрофга қарасангиз, емакхоналар, ошхона-ю-чойхоналар сони кундан-кунга ортиб боряпти. Бозорларда эса озиқ-овқатнинг турини санаб адо қилиб бўлмайди. Бу албатта тўкинчилик, фаровон ҳаёт белгиси. Лекин, ҳар қандай таомнинг меъёридан ортиғи бу – зарар, саломатлик учун катта хавф демакдир. Қолаверса, жойларда емакхоналар билан параллел равишда дорихоналар сони ҳам ортиб боряпти.
Шу боис бугун Пахтаобод тумани тиббиёт бирлашмасида аҳоли саломатлигини сақлаш, тиббий хизмат кўрсатиш сифатини оширишда айнан шу масалага, яъни соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишга алоҳида эътибор қаратиляпти. Туманимизда салкам икки юз ўн минг нафар аҳоли истиқомат қилаётган бўлса, уларга малакали тиббий хизмат кўрсатиш учун тиббиёт бирлашмаси тизимидаги 2605 нафар тиббиёт ходимлари ўз билим ва салоҳиятини ишга солишяпти. Хусусан, 443 нафари шифокор , 1124 нафар ўрта тиббиёт ходимлари ва 316 нафар кичик тиббий ходимлар бугун туну-кун эл хизматида.
Ҳозирда Пахтаобод туман тиббиёт бирлашмаси тизимида 9 та 330 ўринли хирургия, терапия, болалар, реанимация, юқумли касалликлар, перинатал маркази, М аданият бўлими, Қабул эмержент бўлими, диагностика бўлимлари даволаш бўлимлари ҳамда ва 14 та бирламчи тиббий санитария ёрдами муассасалари , 36 та ма ҳ алла тиббий пунктлари фаолият олиб бормоқда. Улар томонидан 5196 нафар 1 ёшгача бўлган болалар, 72610 нафар 1-18 ёшли болалар , 69284 нафар 18-40 ёшгача бўлган а ҳ оли вакиллари ҳамда 60226 нафар қирқ ёшдан катта бўлган туман аҳли қамраб олинган.
Шифокорларимиз, шунингдек ўрта тиббиёт ходимлари ўз фаолиятида тиббий хизмат кўрсатиш билан бирга аҳоли ўртасида тиббий маданиятни юксалтириш, соғлом турмуш тарзига амал қилишнинг аҳамияти ҳақида доимий тарғибот-тушунтириш ишларини олиб боришмоқда. Хусусан, жорий йилнинг ўтган олти ойи мобайнида туманда салкам ўн беш мингта ана шундай тадбирлар ўтказилди. Уларнинг 974 таси умум таълим мактаблари, 624 таси м актабгача таълим муассасалари, 26 таси касб -ҳ унар мактаблари, 4200 таси тиббиёт муассасалари, 8797 таси мавжуд корхона ва ташкилотлар, маҳалла фуқаролар йиғинларида ташкил этилди. Мазкур тадбирларнинг асосий қисми, яъни 9944 таси аҳоли ўртасида тиббий маданиятни шакллантириш, соғлом турмуш тарзи ҳамда тўғри овқатланишни ташкил қилишга қаратилган.
Бугун айни йўналишдаги тадбирлар янада кучайтирилган. Негаки, ёзнинг иссиқ кунларида тўғри овқатланишга алоҳида эътибор қаратиш лозим. Хусусан, полиз маҳсулотлари истеъмолида эхтиёт бўлиш керак. Сир эмас, ҳозирги қовун ва тарвузлар таркиби ортиқча нитратларга тўйинганли боис фойдадан кўра кўпроқ зарар келтиряпти. Улардаги зарарли моддалар айниқса, болалар ўртасидаги касалликларни ортишига хизмат қиляпти. Шунингдек, катта ёшдаги инсонларнинг овқатланиш меъёри ҳам алоҳида эътиборга олишини керак. Кун тиғидан сақланиш, кўпроқ суюқлик ичиш талаб этилади. Керагидан ортиқ таомланиш, айниқса ёғли овқатлар бугун ҳар қандай одам учун жиддий ташвиш келтиради. Бундай ҳолат аввало овқат хазм қилиш органларига зарар етказса, кейинчалик юракни ҳам қийин аҳволга солиб қўяди. Шу боис ҳозирда жойлардаги тиббиёт муассасаларида соғлом турмуш тарзи бўйича бурчаклар ташкил қилинган. Унда саломатлик учун фойдали бўлган маҳсулотлар билан бирга кишилар соғлигига акс таъсир кўрсатадиган газли ичимликлар, таркибида ортиқча ёғ ва зарарли моддалар тўплаган маҳсулотлар намуналари жойлаштирилган.
Айни пайтда тажрибали шифокорларимиз, патронаж ҳамширалари маҳалалларда, хонадонларда бўлиб аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, тиббий маданият асослари ҳақида доимий суҳбатлар кўламини кенгайтиришмоқда. Бу пировардида касални даволашдан кўра олдини олишга хизмат қилади.
Яна бир муҳим жиҳат. Бугун тиббий маданиятни юксалтириш, тўғри овқатланишни ташкил этишда асосан органик ўғитлар асосида етиштирилган маҳсулотлардан фойдаланиш муҳимдир. Мева, сабзавот ҳамда полиз маҳсулотларини минерал ўғитлар билан етиштиришдан тезда воз кечиш керак. Йиллар давомида нитратга тўйинган тупроқ, ариқларда оқиб келаётган сув таркибидаги зарарли моддалар етиштирилаётган маҳсулотлар сифатига салбий таъсир кўрсатяпти. Бахтга қарши бозорларда сотилаётган қатор озиқ-овқатлар таркиби ҳам тўла табиий эмас. Бугунги экологик вазият шу тариқа соғлигимиз учун аввало ўзимиз қайғуришимиз даркорлигини тақозо этяпти.
Унутманг, кишилик жамиятидаги энг катта бойлигимиз бу – соғлигимиз ҳисобланади. Шундай экан, уни асранг, қадрига етинг!
Бахтиёржон Нозимов,
Пахтаобод тумани тиббиёт
бирлашмаси бошлиғи.