МИНГ ДАРДГА ДАВО НЕЪМАТ
Табиат бағрида инсонлар учун кўплаб фойдали неъматлар учрайди. Улардан бири бетакрор мўъжиза — асалдир. Бу табиий маҳсулот ёқимли ҳиди, ширинлиги, минг дардга шифо эканлиги билан қадрланади. Чунки асалнинг таркибида инсон организми учун ниҳоятда фойдали ва шифобахш бўлган юздан ошиқ модда — ферментлар, минерал тузлар, микроэлементлар, органик кислоталар, витаминлар мавжуд.
Асалнинг шифоси шундаки, у инсоннинг қон таркибини яхшилайди, иммунитетни кўтаради, кучли қувват манбаи ҳисобланади, организмни эрта қаришдан сақлайди. Бу билан у болалар, камқонли кишилар, ҳомиладор аёллар, қариялар организми учун беҳад фойдали. Асалдаги айрим дармондори ва шифобахш моддалар бошқа ҳеч бир озуқада учрамайди.
Тиб илмининг султони Абу Али и бн Сино таъбирича, навқиронликни сақлаб қолиш учун асал истеъмол қилиб туриш керак. Айниқса, ёши улғайиб қолганларга у бебаҳо шифо ва қувват манбаидир. У шамоллаш, ҳолсизлик, асаб тўқималари касалликларида яхши даво бўлади. Айниқса, озиб кетиш, ич қотиши, ошқозон-ичак яралари касалликларини даволашда, мияни озуқалантиришда асқотади.
Замонавий тиббиётда ҳам асалдан турли касалликларни даволашда кенг фойдаланилмоқда. Даволаш косметикаси, радиация туфайли пайдо бўладиган нур касалликларида ҳам асал беминнат ёрдамчидир.

Ширин нектарни тўплаш учун асаларилар ҳар хил ўсимликларга қўнишади. Ана шу қўнган гулларига қараб асалнинг нави аниқланади. Турли навдаги асал соғлиқ учун фойдали. Аммо айрим навлари муайян хасталикларда самаралироқ ҳисобланади. Хусусан, жўкадан олинган асал шамоллаш ва яллиғланишларда тавсия этилса, маржумакдан олинган нектар камқонлик, жигар ва буйрак касалликларида фойдали ҳисобланади. Кунгабоқардан олинган асал бронхиал астмада наф берса, дала қирқбўғини асаб тизимини тинчлантириб, уйқуни яхшилайди, каштандан йиғилган асал кучли табиий антибиотик бўлиб, сафронинг туриб қолишига чек қўяди, иштаҳани яхшилайди ва томирларни мустаҳкамлайди.
Асални овқатдан бир-бир ярим соат олдин ёки овқат егандан уч соат ўтгач истеъмол қилиш тавсия этилади. Уни ширчой, сут ёки ширгуруч билан еган фойдалироқ. Асални қайноқ сув ёки чойга аралаштириб ичиш тавсия қилинмайди. Чунки эллик даражадан юқори иссиқ сувга солинган асал таркибидаги фойдали минералларни йўқотади.

Барча нарсанинг меъёри бўлгани каби асалнинг ҳам ози ширин, албатта. Катта ёшдагилар бир кунда 100-150 граммдан, ёш болалар эса 30-40 граммдан ортиқ асал емаганлари маъқул. Аммо уни ўзбошимчалик билан ҳар ким ўзича қўллаши, болаларни даволашда ишлатиши хатарли оқибатларга олиб бориши мумкин. Одатда, асал болаларга чой қошиқда овқатланишдан бир соат олдин, шунингдек, овқатланишдан икки-уч соат кейин берилади. Шунда боланинг аъзолари мустаҳкамланиб, иштаҳаси очилади.
Асал шунчаки ширинлик эмас, фойдали маҳсулот бўлиб қолишини истасангиз, тўғри фойдаланиш ва сақланиш қоидаларига ҳам амал қилинг. Сақлаш учун энг мақбул ҳарорат -0 дан +10 даражагача. Нолдан паст ҳароратда айрим фойдали витамин ва аминокислоталар парчаланади. Иссиқ об-ҳаво эса асалнинг таъми, ранги ва ҳидига таъсир кўрсатиши мумкин. 40 даражадан ортиқ ҳароратда қиздирилган асалнинг деярли барча шифобахш хусусиятлари йўқолади ва у оддий ширинликка айланиб қолади. Асални рухланган темир ҳамда эман ва игнабаргли дарахтдан тайёрланган идишларда сақлаш ярамайди. Энг мақбули қоронғи ва салқин жойда турган шиша ёки сопол идиш ҳисобланади.
Табиий асал вақт ўтиши билан, албатта, криссталланади ва сал қорайиши мумкин. Бироқ фойдаси камаймайди. Агар қишда суюқлигича қолса, демак, унга термик ишлов берилган ёки шифобахшлик хусусиятини йўқотган бўлади.