ҒАРОЙИБ МАНЗИЛЛАР, АЖОЙИБ МАНЗАРАЛАР

ҒАРОЙИБ МАНЗИЛЛАР, АЖОЙИБ МАНЗАРАЛАР

Сиз билан биз яшаб турган курраи замин ўзининг турфа мўъжизалари билан ҳар қандай кишини лол қилади. Хусусан, табиат бағрида бир неча асрлар, керак бўлса миллион йиллар давомида яратилган ажабтовур манзаралар унинг энг яхши меъмор, муҳандис ва дизайнер эканлигини кўрсатиб турибди. Келинг, уларнинг баъзилари билан танишиб чиқамиз.   

 

Эътиборингизга ҳавола этилаётган биринчи бетакрор манзара Америка Қўшма Штатларининг Аляска штатида жойлашган Менденхолл муз ғорлари ҳисобланади. Улар физик Томас Менденхолл номи билан аталади ва  19 километр узунликдаги  музликнинг марказида жойлашган. Бетакрор кўринишга эга бўлган бу мўъжизага ҳам табиий ҳодиса – иқлим ўзгариши ўз таъсирини ўтказаётир.Ҳар йили Аляска пойтахти Жуно шаҳри яқинида жойлашган муз массиви глобал исиш туфайли қисқариб бормоқда.  

image-15

Яна бир эътиборга лойиқ манзара сифатида Филиппиндаги Шоколадли тепаликларни мисол келтириш мумкин. Ушбу ғайриоддий геологик тузилмалар шакли бўйича ғоят бетарор. 50 квадрат километр ҳудудда 1776 тагача шундай тепаликлар мавжуд. Қуруқ мавсумда ён бағирларини қоплайдиган ўтлар шоколад-жигарранг рангга эга бўлади. Шунинг учун уларга барча севиб истеъмол қилувчи ширинлик –  шоколадли тепаликлар номи берилган.  

Без названия-7

Канадада жойлашган Ҳелмке шаршараси ҳам ҳар қандай одамни бир қарашда мафтун этади.  141 метрли Ҳелмке шаршараси  ўзининг баландлиги билан Канадада тўртинчи ўринда турса-да, гўзал кўриниши билан бошқалардан кескин фарқ қилади.  Жарлик четидан қарағай дарахтлари билан ўралган кенг тош косалар ўзгача манзара касб этса, қишда бу ерда музлаб қоладиган муз конусининг баландлиги 50 метргача  етиши мумкин.  

Без названия (1)-5

Черногория давлатидаги Тара дарёси каньони ҳам табиатнинг такрорланмас манзараларидан бирига эга. Максимал чуқурлиги 1300 метр бўлган Тара дарёси каньони Европадаги энг чуқур дарё каньонидир. Таққослаш учун, АҚШдаги Катта Каньоннинг ўртача чуқурлиги 1600 метрни ташкил қилади. Шундай қилиб, Тара ҳам орқада эмас. Даранинг узунлиги эса 82 километрга етади.   

images-8

Португалиянинг Бенагил ғори ҳам йиллар давомида кўпчиликни лол қилиб келаётган ажиб манзарага эга. Ушбу ноодатий ғор Бенагил балиқ овлаш қишлоғининг марказий пляжидан атиги 150 метр узоқликда жойлашган. Аммо унга фақат сув орқали бориш ва томоша қилиш имкониятига эришиш мумкин. Ғордаги ўйноқи нурлар, тош ва сувнинг турфа кўринишда жилоланиши унга янада бошқача қиёфа бағишлайди.   

images (1)-3

Ҳа, атрофимизни ўраб турган олам бағрида минг-минглаб шундай мўъжизалар борки, уларни томоша қила туриб қандай гўзал заминда яшаётганлигингизни англаб етасиз. Фақатгина биздан ана шу гўзалликни асраш, ҳимоя қилиш талаб этилади. Чунки, бу мўъжизаларнинг барчаси биз –  инсонлар учундир.