МАДАНИЯТ МАҲАЛЛАДАН БОШЛАНАДИ
Бугун инсонлар орасидаги ўзаро мулоқотларда “экологик маданият” жумласи тез-тез тилга олиняпти. Хўш, аслида экологик маданият нима ўзи, унга эришиш, уни юксалтиришнинг асослари қандай? Бу ҳақда шунчалар кўп таъкидлаяпмизки, у бизга нима учун зарур? Ҳаттоки, бу хусусда давлатимиз раҳбарининг “2030 йилгача бўлган даврда аҳолининг экологик маданиятини юксалтириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори ҳам қабул қилинди.
Она табиат ўзининг кўрки, таровати, ноз – неъматлари, саҳовати, мўжизакор ҳодисалари билан инсониятни доимо ҳайратга солиб келган. Атроф - муҳитнинг инсон ҳаётида тутган ўрни акс этган тарихий жараёнлар барча даврларда ҳукмдорлар ҳақидаги тарихий шахсий маълумотларнинг ўзаги сифатида тилга олин ган. Ҳар қандай тарихий тараққиёт даврларида ҳам ақл - идрок билан иш юритиш, табиатдаги ҳар бир дарахт, ҳар бир гиёҳ, ҳар бир тошнинг ўз ўрни ва вазифаси борлиги, уларга нописандлик билан қараш эса экологик ҳалокатларга олиб келишини уқтиради. Тарихий фактларга назар ташласак, Ўрта Осиё ҳудудларидаги инсонларга хос урфодатларда сувни тежаш, ерга тупурмаслик, тирик жонзотларга озор бермаслик, ўсимликларни асраб-авайлаш ҳақида зардуштийлик динининг муқаддас китоби “Авесто”да ҳам алоҳида таъкидлаб ўтилган. Бундай тартибни бузганларга қатъий жазо ҳам белгиланган. Жумладан, табиатни, унинг неъматларини, хусусан, сувни ифлос ёки исроф қилган киши 400 даррагача калтаклашга ҳукм қилинган. Аслида ҳам экологик таълим-тарбия табиат ва жамият ўртасидаги узвийликни таъминлаш, табиий барқарорликни сақлашда муҳим аҳамиятга эга. Экологик таълим-тарбия ёшларни табиатдан онгли равишда фойдаланишга, тежамкорликка ўргатади, қалбида табиатга меҳр-муҳаббат уйғотади. Табиатнинг табиий, моддий ресурсларидан ва табиий бойликларидан унумли фойдаланиш, табиатни қўриқлаш масалаларини онгли равишда ҳал этиш учун мактабгача таълим, мактаб, ўрта ва олий ўқув юртларида ўсиб келаётган ёш авлодга табиат ва уни муҳофаза этиш ҳақида экологик таълим-тарбия бериб бориш зарурдир.

Демак, бугун экологик маданият тушунчасига янада кенгроқ тўхталиб ўтамиз. Яъни, экологик маданият - бу табиатни ҳурмат қилиш, атроф-муҳитни сақлаш ва экотизимлар билан барқарор ўзаро муносабатларга қаратилган қадриятлар, билимлар, меъёрлар ва хулқ-атвор амалиётлари тизими. Бу инсоннинг ўз эҳтиёжлари ва табиат эҳтиёжлари ўртасидаги мувозанатга эришиш учун бўлган онгли истакни ифодалайди. Бунда табиат бағридаги табиий ресурсларни сақлаш, ундан оқилона фойдаланиш талаб этилади. Экологик маданиятга эришган одамлар сув, энергия ва ўрмонлар каби табиий ресурсларни сақлашга интилишади. Улар ушбу ресурсларни ортиқча истеъмол қилиш уларнинг тугашига олиб келиши мумкинлигини тушунишади. Улар табиатни ҳурмат қиладилар, ёввойи табиатни асраш ташаббусларини қўллаб-қувватлайди, браконьерликни қоралайди, экотизимларни ҳимоя қилишда ташаббускор бўлади. Бундай кишилар барқарор ҳаётга интилишади, кундалик ҳаётда кўпроқ жамоат транспортидан фойдаланишади, чиқиндиларни саралашади ва белгиланган жойларга ташлашни тарғиб қилишади, сув ва энергияни тежашади ва атроф-муҳитга минимал из қолдирадиган маҳсулотларни сотиб олишга ҳаракат қиладилар. Экологик маданият соҳиблари экологик ташаббусларни қўллаб-қувватлайдилар, табиат муҳофазаси билан боғлиқ муаммоларни ҳал қилишга қаратилган тадбирлар ва ижтимоий ҳаракатларни қўллаб-қувватлайдилар, уларда фаол иштирок этадилар.
Бизнингча, айнан шу фикрлар экологик маданиятнинг асосини ташкил қилади ва жойларда экологик маданиятни тарғиб қилишда муҳим ўрин тутади. Президентимизнинг 2025 йил 15 майдаги “2030 йилгача бўлган даврда аҳолининг экологик маданиятини юксалтириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори асосида қабул қилинган Концепция эса бу борада қонуний ҳужжат ҳисобланади. Унинг ижроси доирасида олиб бориладиган тадбирлар аҳолининг экологик маданиятини юксалтириши шубҳасиз. Шундай экан, бугун Ўзбекистон Экологик партияси фаоллари, депутатлари қатори биз ҳам маҳаллада Концепция ва экологик маданият тарғиботини бошлаб юбордик. Бунда маҳалла фаоллари, ҳудуддаги умумий ўрта таълим мактаблари ўқитувчилари, кўп йиллик тажрибага эга бўлган тарғиботчилар билимидан фойдаланамиз.
Аҳамиятли жиҳати шундаки, ҳар қандай ташаббус маҳалладан бошланади. Шунингдек, маҳалла маданият, маънавият, эзгу ташаббуслар бешиги ҳам саналади. Демакки, биз маҳалладошларимиз билан нафақат маҳалламиз, балки туманимизда экологик маданиятни юксалтириш тадбирларида фаол иштирок этамиз. Табиат муҳофазаси жамият муҳофазаси, атроф-муҳитни асраш тирикликни асраш демакдир.
Ҳабибулло Тўраев,
Наманган вилояти, Норин туманидаги
Тошқин маҳалла фуқаролар йиғини раиси,
халқ депутатлари туман Кенгаши депутати.