ФАРҒОНА ҲАЙВОНОТ БОҒИ
Ўзбекистон флора ва фаунаси ғоят хилма–хил ва мафтункор. Бугун юртимиз ҳудудида 700 дан ортиқ турдаги умуртқали, яъни сут эмизувчи, судралиб юрувчи жонзотлар, балиқлар, амфибиялар ва 15 мингдан зиёд турдаги умуртқасиз ҳайвонлар учрайди. Уларни асраб –авайлаш эса шу кунинг муҳими вазифаси. Негаки, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси вакилларига нисбатан нохолис муносабат натижасида улар сони кескин қисқариб боряпти.
Аслида юртимизда учрайдиган ҳар бир ўсимлик ва ҳайвонот дунёси вакилларининг табиатда ўз муҳим ўрни бор. Баъзи ўсимликлар озиқ-овқат учун етиштирилади, бошқалари доривор, яна улардан қурилиш ва саноат учун хом ашё сифатида ҳам фойдаланилади. Ҳайвонот дунёси вакилларининг ҳам кишилик жамияти учун аҳамияти беқиёс. Бошқачароқ айтганда, уларнинг барчаси курраи заминдаги энг олий мавжудот – инсон маафаатлари учун яратилган.
Афсуски, бугун инсоният ана шу неъматлардан фойдаланишда зарур чегарани бузиб ўтди. Натижада кўплаб ўсимлик ва ҳайвонот турлари таназзулга юз тутди. Уларни муҳофаза қилишга хизмат қилувачи “Қизил китоб”нинг саҳифалари тобора кўпайиб боряпти. Бу салбий ҳолатнинг олдини олиш учун мамлакатимизда қатор тадбирлар олиб бориляпти. Хусусан, ноёб ва йўқолиб бораётган ҳайвонлар коллекциясини ташкил этиш, уларни сунъий кўпайтириш, аҳолини Ўзбекистон ва жаҳон флора ҳамда фаунаси билан таништириш мақсадига хизмат қилувчи ҳайвонот боғлари муҳим аҳамият касб этади.
Улардан бири саналган Фарғона ҳайвонот боғи уч гектардан зиёд майдонни ўз ичига олади. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 20 майдаги «2016-2020 йиллар даврида Тошкент ҳайвонот боғини ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида»ги қарори ижроси доирасида барпо этилган ушбу ҳайвонот боғида ҳозирда 140 га яқин тур – 360 та ҳайвон, ҳаммаси бўлиб 1000 турдан кўпроқ ёввойи табиатда, қуруқлик ва сувда яшовчи жонзотлар ва антиқа қушларни кўриш мумкин.
Ҳайвонот боғида тоғ ҳайвонлари сақланадиган бўлим анча кенг жойни эгаллаган. Шер, айиқ, тўнғиз каби ҳайвонлар махсус қафасларда сақланади. Тош уюмлари устида сакраб юрган тоғ қўйи, тоғ эчкиси, Африка туяқуши, лама, махсус ҳовузларда сузаётган ғозлар, ноёб балиқларни ҳайрат билан томоша қилаётган болажонларнинг қувончи чексиз.
Ҳайвонот боғига ўтган йил давомида 110 минг нафардан зиёд юртдошларимиз ташриф буюрган. Уларнинг 62 минг нафари болажонлар ҳисобланади.
Фарғона ҳайвонот боғидаги ўсимлик ва ҳайвонот дунёсининг хилма-хиллиги ўзига хослиги билан ташриф буюрувчилар эътиборини тортади. Боғда сайр қилиш барчага бирдек завқ бағишлайди, улар мароқли дам оладилар. Энг муҳими, боғ билан яқиндан танишган катта-кичик қалбида ўсимлик ва ҳайвонот дунёсига бўлган қизиқиш, меҳр ва мурувват ҳислари ортиши шубҳасиз. Зеро, ҳаммамиз шу табиатнинг бир бўлаги сифатида унинг дахлсизлиги учун алоҳида масъулиятга эга эканлигимизни тушуниб етсак бас.
Анваржон Ашуров,
Фарғона вилоят экология, атроф муҳитни
муҳофаза қилиш бошқармаси бошлиқ ўринбосари.
Гулноза Тўхтасинова,
Фарғона вилоят экология, атроф муҳитни
муҳофаза қилиш бошқармаси матбуот котиби