ЎЗБЕКИСТОН ЭКОЛОГИК ПАРТИЯСИ БЕШ ЁШДА

ЎЗБЕКИСТОН ЭКОЛОГИК ПАРТИЯСИ БЕШ ЁШДА

Бугун мамлакатимизда  фаолият кўрсатаётган сиёсий партияларнинг энг янгиси – Ўзбекистон Экологик партияси ташкил топганига беш йил тўлди. Бутун дунёда табиат муҳофазаси билан боғлиқ вазият тобора жиддийлашиб бораётган бир вақтда юзага келган  экопартия республикамизда  атроф-муҳит муҳофазаси билан боғлиқ муаммолар ечимида улуғвор масъулиятни ўз зиммасига олган. 

photo_2024-01-08_14-30-13
 Ўзбекистон Экологик партиясининг майдонга келиши замон талаби эди. Чунки, фан ва техника ривожи, саноат ишлаб чиқариш ва аграр тизимдаги турли технологияларнинг тараққиёти кишиларга қатор қулайликлар билан бир қаторда бартараф этишни кечиктириб бўлмас муаммоларни ҳам пайдо қилди. Унинг ечимида нафақат табиат муҳофазасига масъул идоралар  ва Экологик партия, балки ҳар бир юртдошимизнинг ўзига хос масъулияти бор. 

photo_2024-01-08_14-29-54

Наманган шаҳридаги "University of Business and Science" олийгоҳида Ўзбекистон Экологик партияси ташкил топганлигининг 5 йиллигига бағишлаб ўтказилган давра суҳбатида ана шу ҳақда сўз борди. Унда сўз олган партиянинг вилоят Кенгаши раиси Қ.Сўпижанов, Наманган шаҳар Кенгаши  раиси Ш.Тўхтасинова ҳамда университет ректори К.Боймирзаевлар  бугун дунёдаги экологик вазият, глобал, минтақавий ҳамда маҳаллий экологик муаммоларни юмшатиш учун инсоният олдида турган муҳим вазифалар ҳақида гапириб ўтдилар. Бунинг учун аввало ҳар бир фуқаро табиатни муҳофаза қилиш асослари, бу борада қабул қилинган қонунларни билиши, экологик маданиятга риоя қилиши зарурлиги таъкидланди.

photo_2024-01-08_14-30-17
Наманган давлат педагогика институтидаги  ана шундай тадбирда   партия Учқўрғон тумани Кенгаши раиси Маҳбубахон Инамова иштирок этди ва   ёшларга партияни ташкил этиш зарурати ва асослари, тарихи,   ўтган қисқа вақтда бажарилган ишлар ҳақида сўзлаб берди. Партиядошлар эришган натижалар эътироф этилди.

Шунингдек, Поп тумани ахборот – кутубхона марказида ташкил этилган юбилей тадбирида ҳам партия фаоллари ҳамда ёшлар ўртасида қизғин мунозара юзага келди. Партия фаоллари давра суҳбати иштирокчиларига бугун табиатни муҳофаза қилиш  соҳасида олиб борилаётган тадбирлар, экологик йўналишда қабул қилинган қатор қонунлар ҳамда уларнинг ижроси,  табиат  таназзулига сабаб бўлаётган эътиборсизликлар, хусусан антропоген омилларнинг ер, сув ва ҳавога ўтказаётган салбий таъсири ҳақида атрофлича маълумот бердилар. 

photo_2024-01-08_14-29-57

Ўзбекистон Экологик партияси Наманган вилояти Кенгашида сана муносабати билан ташкил этилган байрам тадбирида сўз олган партия вилоят Кенгаши раиси Қ.Сўпижанов ўтган қисқа даврдаги амалий фаолият, босиб ўтилган йўл, давлатнинг ташқи ва ички экологик сиёсатининг кенг тарғиб қилиш бўйича   олиб борилаётган тарғибот тадбирлари тўғрисида тўхталиб ўтди. 

photo_2024-01-08_14-30-00

Тадбир якунида партияга ҳар томонлама кўмакдош бўлаётган, алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлар ва жамоатчилик вакилларигавилоят Кенгаши томонидан ташаккурнома ва эсдалик совғалари топширилди.

 

Аҳмаджон Мамажонов,

Ўзбекистон Экологик партияси Наманган 

вилояти Кенгаши матбуот котиби.