ХАЛҚ БИЛАН ҲАМНАФАС

ХАЛҚ БИЛАН ҲАМНАФАС

Ўтган икки кун наманганликлар ҳаётида муҳим воқеларга бой бўлди. Боиси, давлатимиз раҳбари ўзининг вилоятимизга бу галги ташрифида турли соҳаларда олиб борилаётган ислоҳотларни алоҳида эътироф этди.  Қувонарли жиҳати шундаки, мазкур ислоҳотларда Ўзбекистон Экологик партиясидан сайланган ишончли вакиллар – депутатларимизнинг ҳам салмоқли ҳиссаси бор. 

 

Маълумки, депутатлик юксак масъулият. Халқ ўзи ишонч билдирган вакилига доимо бемалол мурожаат қилиши, ҳудуддаги муаммо ва камчиликларни рўйи-рост айтиши, иқтисодий –ижтимоий масалалар ечимида сира иккиланмай мурожаат қила олиши лозим. Ўзбекистон Экологик партиясидан халқ депутатлари Наманган  тумани Кенгаши депутатлигига сайланган Гулмира Атабоева халқ ишончини оқлаш йўлида бутун билим ва  салоҳияти, куч-қувватини ишга солаётган жонсарак депутатлардан саналади. Сайловларга эндигина бир йил тўлаётган бўлса-да, ўтган қисқа даврда у ўз номзодини кўрсатган   Қурама ҳамда Қўрғонча  маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги эътиборга лойиқ ишлари билан ҳамқишлоқлар эътирофига сазовор бўлиб улгурди. Негаки, у депутатлик фаолиятининг илк кунидан маҳалла фаоллари билан бирлашди. Жойларда ечимини кутаётган муаммолар, тезкор ҳал қилиниши лозим бўлган вазифалар юзасидан аниқ режа ишлаб чиқилди. Хусусан, маҳалла кўчаларини асфальтлаш, электр таъминотидаги узлуксизликни таъминлаш, барча кўчаларга ичимлик суви тармоғини тортиш юзасидан пухта иш ташкил қилинди. Унинг ечими юзасидан юқори ташкилотлар, алоқадор мутасаддиларга депутатлик сўровлари юборилди.

CZ3B3595

-Маҳалламиздаги 747 хонадонда  4011  нафар аҳоли истиқомат қилади, - дейди Қўрғонча маҳалла фуқаролар йиғини раиси Рустамжон Каримов. -  Маҳалла эски ва аҳоли ўта зич жойлашган. Шу боис бунинг ўзига яраша муаммолари ҳам бор. Хусусан, электр таъминотининг узлуксизлигига эришиш учун мавжуд тармоқларни янгисига алмаштириш зарур. Шунингдек, ичимлик суви  тармоғи ҳам жуда эскириб кетган бўлиб, аҳоли эхтиёжини қоплай олмаяпти. Маҳалла шаҳар яқинида бўлса-да, канализация тармоғига уланмаган. Бу ҳам жиддий масала. Шунингдек, тўртта асосий кўчаларимизнинг деярли ярми асфалтьланмаган. Айни муаммоларни бартараф этиш учун депутатимиз астойдил иш олиб боряпти. Маҳалла фаоллари ёнига кириб 3,3  километр масофада янгидан ичимлик суви тармоғини тортиш, 2,5  километр узунликдаги  кўчаларимизни асфальтлаш, 75  та янги симёғочлар ўрнатиш  ва ёпиқ кабел тортиш, канализация тармоғини барпо этиш юзасидан барча зарур ҳужжатлар тайёрланди ва бу борадаги дастлабки ишлар бошланиб кетди.  Хусусан, кўчаларимизни асфальтлаш учун “Ташаббусли бюджет” лойиҳасида ғолиб бўлдик. Бу борадаги асосий тарғибот ишларини шу депутатимиз – Гулмирахон Атабоева олиб борди. Бунинг учун бутун маҳалла аҳли ундан ғоят мамнун.

Кўриниб турибдики, қаҳрамонимиз  меҳнати бесамар кетмаётир. Эътиборли жиҳати, нафақат қўрғончаликлар, балки қўшни Қурама маҳалла фуқаролар йиғинида ҳам депутатнинг саъй-ҳаракатлари ижобий баҳоланмоқда. Хусусан, ушбу маҳалла раиси Рустамжон Ҳайдаровнинг  депутат фаолияти ҳақидаги фикрлари маҳалладаги сайловчиларнинг мамнунияти исботи.

CZ3B3600

-Гулмирахон Атабоева  ғоят тиришқоқ, меҳнатсевар, халқпарвар инсон, - дейди раис сўзини давом эттириб. – Маҳалламиздаги 512 хонадоннинг ҳар бирида депутатимизни жуда яхши билишади, ҳурмат қилишади. Чунки, у ўзининг амалий фаолиятида  ҳар бир фуқаронинг мурожаатига тезлик  билан ижобий ечим топишга ҳаракат қилади. Бундан ташқари, Гулмирахоннинг ёрдами билан маҳалладаги ободончилик ишлари  янада кенг қулоч ёзди. Ҳар бир кўчамиздаги барпо этилган гулзорлар, кўкаламзорлаштириш тадбирлари  самараси, “Яшил макон” лойиҳасидаги кўчат экиш ишлари натижасида юзага келган дарахтзорлар маҳалламиз кўркига янада кўрк бағишлаяпти. 

Дарҳақиқат, бугун Қўрғонча ва Қурама маҳаллаларида аҳолининг турмуш тарзини юксалтириш, тадбиркорлик, хусусан оилавий тадбиркорликни ривожлантириш, томорқалардан унумли фойдаланиш, ҳунармандчиликни қўллаб-қувватлаш  борасида кенг қамровли тадбирлар бажарилди. Натижада ўтган бир йилнинг ўзида ҳудудда салкам қирқта янги тадбиркорлик субъекти фаолият бошлади. Янги иш ўринлари яратилди.

CZ3B3588

-Гулмира Атабоева мактабимизда маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари вазифасида ишлайди, - дейди Наманган туманидаги 2-умумтаълим   даргоҳи раҳбари Фарруҳ Йўлдошев. – Жамоадаги маънавий-маърифий тадбирлардан ортиниб ҳамқишлоқлар оғирини ҳам енгил қилишда астойдил меҳнат қиляпти. Хусусан, аҳолининг экологик маданиятини юксалтириш, ёшларимизнинг она табиатни асраш, унинг табиий бойликлардан оқилона фойдаланиш борасидаги билимларини ошириш юзасидан қатор тадбирлар, учрашувлар ўтказиб келмоқда. Бунда асосан Президентимиз томонидан  жорий йил 15 майда имзоланган “2030  йилгача бўлган даврда аҳолининг экологик маданиятини юксалтириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори асосида иш ташкил қилинмоқда. Чунки, ушбу қарорда жойларда экологик маданият тарғиботини олиб бориш Ўзбекистон Экологик партияси фаоллари, депутатлари зиммасига юклатилган. Ҳамкасбимиз ҳам тарғибот ишларида, ҳам маҳалланинг  ижтимоий-сиёсий  ҳаётида бирдек фаоллик кўрсатмоқдаки, биз у  билан ҳақли равишда фахрланамиз. 

CZ3B3616

Ҳа, Гулмира Атабоева халқ билан ҳамнафас, унинг дарди, қувончлари билан яшаётган замондошларимиздан. Ҳамқишлоқлар ишончини юксак шараф деб билгани эса эришаётган ютуқларига пойдевор бўлиб хизмат қиляпти. Шундай экан, биз депутатимизнинг ишларига янада ривож тилаймиз.

  

Муҳайё Худойбердиева,  

Ўзбекистон Экологик партияси 

Наманган тумани Кенгаши раиси.