АКЦИЯ ДАВОМ ЭТАДИ

АКЦИЯ ДАВОМ ЭТАДИ

Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 25 мартдаги “Атмосфера ҳавоси сифатини яхшилашга қаратилган “Тоза ҳаво” умуммиллий лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига  кўра бугун 25 август куни мамлакатимизда “Автомобилсиз кун”  тадбири ўтказилмоқда. Мазкур акция ойда икки марта – 10  ва 25 саналарда ташкил этилади. 

 

Давлатимиз раҳбари томонидан қабул қилинган ушбу  фармонда бугунги кунда бутун дунёни жиддий ташвишга солаётган глобал муаммо – автмобиллардан ҳавога чиқарилаётган тутун ва газлар миқдорини мамлакат миқдорида камайтириш, имкон даражасида тартибга солиш мақсад қилинган. Негаки, аслида инсоният учун беминнат дастёр ҳисобланган автотранспорт воситалари бир томондан узоғимизни яқин, оғиримзни енгил қилаётган бўлса-да, улар атроф-муҳитга етказаётган зарар миқдори йил сайин ортиб боряпти. 

Бошқачароқ айтганда, бугун дунё миқёсида ҳар куни йўлларда салкам 600 миллион автомобил ҳаракатланяпти. Мутахассисларнинг таъкидлашича, ҳар бир автомашина кун давомида ўртача 15 литр ёнилғи сарф қилади. Бунинг натижасида ўртача 9  килограмм углерод диоксиди ҳавога чиқарилади. Тўққиз килограммни олти юз миллионга кўпайтирадиган бўлсак, уларнинг табиатга етказаётган кунлик зарари миқдори келиб чиқади. Бу эса оз эмас –  54 миллион тоннани  ташкил этади. Олимларнинг ҳисоб-китобларига кўра, ҳозирда шу тариқа йилига дунё бўйича 10 миллиард тонна зарарли газлар ҳавога кўтариляпти. Бу борада Хитой,  Америка Қўшма Штатлари, Россия  ва Ҳиндистон давлатлари етакчи ўринларда турибди.  Деярли ҳар куни шунча чанг ва зарарли газлар борлиқни булғайверса унинг оқибати яхшиликка олиб келмайди, албатта. Бу инсоният учун катта ташвиш, ўзига хос огоҳлантириш белгиси  демакдир. 

1l_hk1TQszlZdiovzKkGTtQJhricalTJ

Ушбу зарар миқдорини имкон қадар камайтириш мақсадида юртимизда ҳар йили икки марта “Тоза ҳаво” ойлиги ҳам ўтказиб борилади. Унинг илк босқичи 10 апрелдан 10 майгача, иккинчи босқичи эса 10 августдан 10 сентябргача ташкил этилади. Ҳозирда мазкур ойлик тадбирлари Фарғона вилояти шаҳар ва туманлари, хусусан Бешариқ тумани ҳудудида ҳам уюшқоқлик билан давом эттириляпти. Унда тумандаги барча йўл-патрул масканлари, марказий кўчаларда бензин, дизел, табиий сиқилган ва суюлтирилган газда ҳаракатланаётган автотранспорт воситаларининг атмосфера ҳавосига ташланаётган зарарли газлари миқдори махсус асбоб-ускуналар орқали кўрикдан ўтказилаётир.  Экология ва иқлим ўзгариши қўмитаси, ички ишлар ва соғлиқни сақлаш вазирлиги вакиллари ва бошқа мутасадди идораларнинг ҳамкорлигида ўтказилаётган ойлик тадбирларида   экологик жиҳатдан носоз деб топилган транспорт воситалари ҳайдовчиларига тегишли чоралар кўрилиб, носозлик бартараф этилмагунча транспорт воситасидан фойдаланиш тақиқланмоқда.  

Тўғри, Ўзбекистонда  автотранспорт воситалари сони ҳали унчалар кўп эмас.  Аммо, уларнинг зарари етарли. Яъни, миллий статистика қўмитасининг маълумотларига кўра, 2025  йилнинг октябр ойи ҳолатига мамлакатимизда жисмоний шахсалар ихтиёридаги салкам беш миллион автотранспорт воситаси рўйхатга олинган. Уларнинг 4 миллион 392 минг донаси енгил автомобиллар, 312,7  минг донаси юк автомобиллари, 7,5  минг донаси микроавтобуслари, 7,3  минг донаси махсус автомобиллар  ва 6 минг донаси автобуслар ҳисобланади.   

unnamed-1

Бугун мамлакатимизда транспорт воситаларидан чиқаётган чанг ва зарарли газлар миқдорини камайтириш учун жамоат транспорти парклари электробуслар ҳисобига тўлдириляпти. Агар битта оддий автобус 40 тагача енгил автомашина ўрнини босиши, чиқариладиган зарар кўлами ҳам деярли шунча баробарга камайишини ҳисобга олсак, электробуслар деярли бутунлай хавфсиз ҳисобланади. Шу боис “Автомобилсиз кун”  акцияси доирасида барча мутасаддилар, давлат хизматчилари мана шундай жамоат транспортидан фойдаланиши  ёки велосипед, электроскутер сингари енгил ҳаракат воситаларида ҳаракатланиши талаб этилади. Бу ўз навбатида  улар фойдаланаётган автомобиллардан чиқадиган зарарли газларни кескин камайтиришга хизмат қилади. Шу орқали аҳоли саломатлигини муҳофаза этиш, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, атмосфера ҳавоси  мусаффолигини таъминлаш ва экологик барқарор муҳитни шакллантириш, жамоат транспорти ва экологик тоза транспорт воситаларидан фойдаланиш маданиятини кенг оммалаштириш мумкин бўлади.  

Демак, бугун ҳар бир юртдошимиз, айниқса, давлат хизматчилари бу борада барчага бирдек ўрнак бўлиши, “Автомобилсиз кун”  акцияси тадбириларида фаол қатнашиши зарур. Бу билан юртимиз осмони мусаффолиги, ҳавонинг тозалиги, атроф-муҳит муҳофазасига муносиб ҳисса қўшган бўламиз. Келажагимиз ворислари, юртимиз эртаси учун хизмат қиладиган мазкур акция давом этади. 

 

Бахтиёр Алтмишев,

Фарғона вилояти экология ва иқлим 

ўзгариши бошқармаси Бешариқ тумани 

бўлими давлат инспектори.