ОБОДЛИК КЎНГИЛ ШОДЛИГИ
Мамлакатимиз мустақиллигининг ўттиз беш йиллиги арафасида жойларда қатор ободончилик, кўкаламзорлаштириш ва бунёдкорлик ишлари олиб бориляпти. Хусусан, бу борада Фарғона вилоятининг Боғдод туманида ҳам қатор амалий ишлар қилиняпти. Янги ижтимоий-иқтисодий, ишлиб чиқариш ва тадбиркорлик субъектларига қарашли бино ва иншоотлар, турар-жойлар барпо этиляпти.
Албатта, бу каби тадбирлар ҳар бир юртдошимизга алоҳида ғурур бағишлайди. Негаки, юрт ободлиги манзиллардаги файзу-барака омили, тинч ва фаровон ҳаёт, дастурхон тўкинлигининг асоси бўлиб хизмат қилади. Жумладан, ҳозирда туман марказидан ўтувчи «Фарғона ҳалқа йўли»нинг 273–280 километрида реконструкция ишлари бажарилиб, йўл кенгайтирилмоқда. Эндиликда унинг икки четида 2–3 қаватли объектлар, йўл ўтказгич, 24/7 савдо ва хизмат кўрсатиш марказлари, пиёдалар ҳамда велосипед йўлаклари ташкил этилади. Ўзбекистон ва Иттифоқ маҳаллаларида эса маънан эскирган йигирмадан зиёд икки қаватли кўп хонадонли турар-жойлар ўрнида 98 та замонавий кўп қаватли уй қурилади ва унда келгусида 6 486 та хонадон истиқомат қилади. Ўз навбатида бу уйларда тоза ичимлик суви, канализация ва марказлашган иссиқлик таъминоти ҳам комплекс равишда янгиланади. Бунёдкорлик ишлари билан бир қаторда йўл бўйларига янгидан дарахт ва бута, гул кўчатлари экилади. Бу янги манзилларга янада кўркам қиёфа бахш этади.
Табиийки, тумандаги ободончилик ва бунёдкорлик ишларида Фарғона вилояти экология ва иқлим ўзгариши бошқармаси Боғдод тумани бўлими ходимлари ҳам фаол иштирок этишмоқда. Улар томонидан туманда табиатни муҳофаза қилишга доир қонунлар ижросини таъминлаш, аҳолининг экологик маданиятини ошириш, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасидаги тадбирларни назорат қилиш ишлари амалга оширилмоқда. Хусусан, маҳалла ва гузарлар, корхона ва ташкилотларда Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2025 йил 15 майда имзоланган “2030 йилгача бўлган даврда аҳолининг экологик маданиятини юксалтириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида аҳолининг экологик маданиятини юксалтириш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар самарадорлигини янада ошириш, ушбу йўналишда давлат органларининг фуқаролар, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари, айниқса, маҳалла вакиллари ҳамда ёшларнинг экологик билимларини мустаҳкамлашга қаратилган учрашувлар, давра суҳбатлари ташкил қилиняпти. 
Албатта, бу тадбирлар ўз самарасини беряпти. Шунга қарамай, ҳали бажарилиши лозим бўлган вазифалар ҳам етарли. Негаки, туманда табиатни муҳофаза қилиш соҳасида йўл қўйилган ҳуқуқбузарликлар таҳлили шундан далолат бериб турибди. Маълумотларга кўра, йил бошидан бери Боғдод туманида 188 та ҳолатда экологик йўналишдаги ҳуқуқбузарликлар учун баённомалар тузилган. Уларнинг 8 таси юридик шахслар учун қайд этилган бўлса, 180 таси жисмоний шахслар ҳиссасига тўғри келади. Янада аниқрор айтганда, Ўзбекистон Республикаси Маъмурий Жавобгарлик тўғрисидаги Кодексининг 72-моддасига кўра сув ресурсларини муҳофаза қилиш қоидаларини бузган 8 нафар шахсга маъмурий баённомалар тузилган. Мазкур Кодекснинг 79-моддасига кўра дарахтларни, буталарни, бошқа ўсимликларни ва ниҳолларни қонунга ҳилоф равишда кесиш, кундаков қилиш, шикастлантириш, йўқ қилиш ёки бошқа жойга кўчириб ўтқазиш талабларини бузган 15 нафар фуқарога тегишли жарима расмийлаштирилган. Ҳуқуқбузарлар орасида Ўзбекистон Республикаси Маъмурий Жавобгарлик тўғрисидаги Кодексининг 82-моддасига кўра жавобгарликка тортилганлар сони ҳам кўпчилик – 16 нафарни ташкил этади. Улар ёки эътиборсизлик, ёки билмасдан муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар режимини бузган ва бу ҳолатларга нисбатан тегишли чора кўрилди. Маъмурий Жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 88-моддасида атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш талабларига риоя этмаслик учун чоралар кўзда тутилган. Ўтган олти ой давомида бу модда талабларини бузган 58 нафар фуқаро қурилиш ва бошқа ишларни бажариш чоғида ёнилғи моддаларини ва қурилиш материалларини бир жойга тўплашда, ушбу модда ва материаллар, шунингдек, ёқилғи ҳисобланмайдиган материалларни ёқишда атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш талабларига риоя қилмаганлиги учун жавогарликка тортилган.
Чиқиндилар, бугунги кунинг жиддий муаммоси. Айни йўналишда туманда ҳам етарлича камчиликлар бор. Туманда табиат муҳофазасига доир ҳуқуқбузарликларнинг деярли ярми, яъни юзга яқин ҳолат айнан мана шу масала билан боғлиқ. Ушбу ҳуқуқбузарлар саноат ва маиший чиқиндиларни тўплаш, ташиш, жойлаштириш, зарарсизлантириш, сақлаш, утилизация қилиш, қайта ишлаш ва реализация қилиш чоғида табиатни муҳофаза қилиш талабларини бузишган. Бу эса Ўзбекистон Республикаси Маъмурий Жавобгарлик тўғрисидаги Кодексининг 91-моддасига кўра жавобгарликка асос бўлади.
Демакки, бугун туманда табиатни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонунлар тарғиботини янада кучайтириш талаб этилади. Аҳолининг, хусусан ёшларнинг экологик маданиятини юксалтириш долзарб масала. Бу борада тумандаги таълим тизими ташкилотлари, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари, халқ депутатлари туман Кенгаши депутатлари, айниқса, Ўзбекистон Экологик партияси фаолари, депутатлари кўмагига, ҳамкорлигига таянамиз. Чунки, кучлар бирлашса муаммолар ечими осонлашади. Табиат муҳофазаси шарафли бурч, юрт ободлиги эса байрамлар, шодлик ва танатаналар гаровидир.
Турсунали Бекназаров,
Фарғона вилояти экология ва иқлим ўзгариши
бошқармаси Боғдод тумани бўлими бошлиғи.