ОЗОН ҚАТЛАМИ ҲИМОЯГА МУҲТОЖ

ОЗОН ҚАТЛАМИ ҲИМОЯГА МУҲТОЖ

Бугунги глобал муоаммолардан бири – атмосферадаги озон тешикларининг пайдо бўлиши табиатга хос бўлган жараёнлар натижасидир. Уларнинг вужудга келиши антропоген омиллар,  ишлаб чиқариш корхоналарининг кун сайин ортиб бориши натижасидир. Муаммо шундаки, инсоннинг атмосферадаги ҳаракатлари натижасида агрессив таркибий қисмлар доимий равишда ҳавога чиқарилади ва озон қатламини емирилишига сабаб бўлади. 

 

Озон қатламининг емирилишига нафақат инсониятнинг, балки табиий жараёнларнинг ҳам ўзига яраша салбий таъсири бор. Вулқонлар уйғониши, ер қаъридаги газларнинг ажралиб чиқиши бу қатламдаги туйнукларни кенгайтиради. Атмосфера таркибидаги озоннинг умумий миқдори 0.0001 фоиздан ҳам камроқ. Лекин шу миқдорнинг 1 фоизгагина камайиши хавфли ультрабинафша нурларининг ер юзига етиб келишини икки фоизга оширади. Бу ўз навбатида катта миқдордаги қуёш радиациясини ер юзига етиб келиши, инсониятда тери саратони билан касалланишни кескин ортиб кетишига олиб келади. Шифокорлар бу турдаги саратонларни даволаш жуда мураккаблиги ҳақида огоҳлантиришмоқда. Яъни,  инсоннинг касалликларга қарши курашувчи иммун тизимида сусайиш кузатилади,  одамнинг энг муҳим аъзоларидан бири — кўзлар зарарланади. Қишлоқ хўжалигида эса  ҳосилдорлик пасайиб кетади. Дарахтлар парвариш қилинганига қарамай, қуриб қолаверади. Ўсимликларнинг барглари  кичраяди. Бу   кислород манбаи бўлган барглардаги фотосинтез жараёнига салбий таъсир кўрсатади. Қаттиқ ультрабинафша нурлар дунё океанидаги жонзотлар ва ўсимликларни ҳам зарарлайди. Айниқса, озиқ занжирининг етакчи бўғинларида муҳим ўрин тутадиган, радиацияга жуда таъсирчан бўлган планктонлар кўп нобуд бўлади. Юза қатламлардаги сувўтлар ҳам зарарланади.

 202451-image

Хўш, тириклик учун ўта муҳим бўлган озон қатлами аслида нима? Озон ўзига хос ҳидли, кўк рангли газсимон моддадир. У ер юзидан 50 километргача баландликда учрайди, аммо унинг асосий  қисми 25 километр оралиғида жойлашган. Кўпчилик стратосферадаги тешик ўзига хос бўшлиқ деб ҳисоблайди. Бу  нотўғри. Озон тешиги бу – газ концентрациясининг пасайишидир. 

Хўш, озон тешиклари қандай салбий таъсирга эга? Қуёш сабабли табиатда тириклик ва  доимий ривожланиш мавжуд. Аммо озон қатламисиз ёрқин юлдузнинг ерга таъсири ҳалокатли бўлиши мумкин. Озон тешикларининг кенгайиши ҳароратнинг ошишига олиб келади, бу иссиқхона таъсирини келтириб чиқаради ва инсон саломатлигига салбий таъсир қилади. Кўплаб тирик организмлар тўғридан-тўғри қуёш нурлари остида нобуд бўлади. Озон қатламининг йўқ қилиниши онкологик касалликлар сонининг кўпайишига олиб келади. Ҳайвонлар, ўсимликлар, ҳашаротлар ва ҳаттоки бактериялар учун ҳам бу зарарлидир. Озон тешиклари пайдо бўлишининг энг даҳшатли оқибати ерда тирик мавжудотлар ва организмларнинг бутунлай йўқ бўлиб кетиши ҳисобланади. Жумладан, Австралия устидаги туйнук аллақачон ҳудуддаги қурғоқчилик ва қишлоқ хўжалигидаги фаолиятнинг пасайишига олиб келди.

Шундай экан, бугун инсоният мазкур муаммони ҳал қилиш учун бош қотириши керак. Чунки, озон тешикларининг шаклланиши муҳим, глобал экологик муаммодир. Уни бартараф этиш учун олимлар  учта омилни илгари суришади. Яъни, ишлаб чиқариш корхоналари ва тозалаш иншоотлари трубаларига тутун ва чанг тутувчи фильтрлар ўрнатиш,  таркибида кимёвий моддалар бўлган ўғитларни органикага алмаштириш,  анъанавий ёқилғи ўрнига  электр энергиясидан фойдаланишга ўтиш талаб этилади.  Бунда шамол кучи ва қуёш энергиясидан ҳам фойдаланиш мумкин. Шу ўринда озон тешикларини бартараф этишдан кўра, уларнинг пайдо бўлишининг олдини олиш муҳим ва осонроқ. Муаммо пайдо бўлган ҳудудларда эса газ қобиғининг юқори қатламларини тиклаш чораларини кўриш керак.

original

Жаҳон ҳамжамияти озон қатламини сақлаб қолишнинг аҳамиятини тушуниб етган ҳолда бир қанча чораларни кўрмоқда. 1987 йилда қабул қилинган Монреал далолатномасида энг хавфли хлорфторуглеродлар рўйхати тузиб чиқилган ва бу моддаларни ишлаб чиқарувчилар ишлаб чиқариш ҳажмини камайтиришни ўз зиммаларига олганлар. 1990 йилнинг июнида бу далолатномага қўшимча киритилган. Унга кўра 1995 йилда фреон ишлаб чиқаришни икки баробарга қисқартириш, 2000 йилда батамом тўхтатиш кўзда тутилган. Лекин бу борадаги ишлар ҳаммаси кўнгилдагидай кетган тақдирда ҳам, биринчи ижобий натижа, қилинган меҳнатнинг самарасини 2050 йилдагина   кўриш мумкин. Чунки атмосферага чиқариб юборилган миллионлаб тонна хлорфторуглеродлар тугагунларига қадар атрофга анча зарар етказиб улгуришади. Атмосферадаги хлор озон парчалинишида ўзига хос катализатор вазифасини ўтайди ва реакцияларга қарамай, унинг миқдори деярли камаймайди.  

Демак, ҳозирда озон қатламини ҳимоя қилиш масаласи башарият олдида турган долзарб вазифадир. Шу боис бугун,  16  сентябрь — Халқаро озон қатламини ҳимоя қилиш куни муносабати билан Фарғона вилояти экология ва иқлим ўзгариши бошқармаси ходимлари, унинг туман ва шаҳар бўлими инспекторлари томонидан жойларда қатор амалий тадбирлар ташкил этилмоқда. Унда мутахассислар иштирокчиларга озон қатламини ҳимоя қилиш борасида ҳар бир фуқаро билиши лозим бўлган маълумотларни тақдим этишяпти. Негаки, озон қатламини ҳимоя қилишга виждонан ҳисса қўшиш ҳар бир фуқаронинг инсонийлик бурчидир.   

 

Баҳодир Жўраев, 

Фарғона вилояти экология ва иқлим 

ўзгариши бошқармаси “Тоза ҳаво” умуммиллий 

лойиҳасини амалга ошириш ва атмосфера 

ҳавосини муҳофаза қилишни

таъминлаш шўъбаси бошлиғи.