СУВ БЕБАҲО НЕЪМАТ, УНИ ИСРОФ ВА ИФЛОС ҚИЛМАНГ...

СУВ БЕБАҲО НЕЪМАТ, УНИ ИСРОФ ВА ИФЛОС ҚИЛМАНГ...

Табиатдаги беминнат неъматлар орасида сувнинг алоҳида ўрни бор. Чунки, ҳар бир тирик жон  организмида бу неъмат асосий вазифани бажаради. Шу боис ундан оқилона, тежаб-тергаб фойдаланиш талаб этилади. Афсуски, ҳозирда баъзи юртдошларимиз бу масалага етарлича эътибор қаратишмаяпти.

2024-01-07 10.18.51
Андижон вилояти экология, атроф - муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариш бошқармаси ходимлари томонидан жойларда ер ости ва ер усти сувларини ифлосланиши ва камайишини олдини олиш учун мунтазам ўтказилаётган қатор рейдлар давомида қатор салбий ҳолатлар кўзга ташланяпти. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 7 декабрдаги “Ер ости сув ресурсларини муҳофаза қилиш ва улардан оқилона фойдаланишни тартибга солиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида ташкил этилган тадбирлардан бири Олтинкўл туманида ўтказилди. 

Рейд иштирокчилари туманда  ер ости сув қудуқларини ноқонуний бурғилаш ва сув олиш ҳолатларига эътибор қаратишди. Бунинг учун ҳудудда фаолият олиб бораётган   автомобил ювиш шаҳобчалари хатловдан ўтказилди. Ўрганиш давомида  “Меҳнат” маҳалла фуқаролар йиғинида фуқаро Ф.А томонидан ташкил этилган автомойкада салбий ҳолат аниқланди.  Аввало фуқаро автомойкани ўзбошимчалик билан ишга солган. Бунинг учун унда ҳеч қандай тегишли ҳужжат, фаолиятга рухсат  берувчи асос бўлмаган. Демакки, автомойка мутлақо ноқонуний ҳисобланади. Бу ҳам майли, айни ҳолатда нафақат сувдан ноўрин фойдаланилган, балки,    автомашиналарни ювишдан чиққан оқава сувлар тўғридан-тўғри очиқ сув ҳавзасига оқизилган. Бу билан очиқ сув ҳавзасини ифлослашга шароит яратилган.  Кўриниб турибдики, биринчи ҳуқуқбузарлик иккинчисига йўл очди. 

2024-01-07 10.19.04

Албатта, ҳуқуқбузарнинг бу қилмиши жавобсиз қолмади. Унга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий Жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг    72-моддаси 1-қисми билан маъмурий баённома расмийлаштирилди.

Афсуски, бу биргина ҳолат эмас. Вилоятда ўтказилаётган назорат тадбирлари давомида қатор мана шундай мисолларни кўриш мумкин. Хусусан,  2023 йил давомида вилоятда фаолият олиб бораётган автомобил ювиш шоҳобчалари хатловдан ўтказилиб, экологик талабларга амал қилмаган  99 нафар ҳуқуқбузарлар аниқланди. Уларга ҳам  Ўзбекистон Республикаси Маъмурий Жавобгарлик тўғрисидаги Кодекси асосида чора кўрилди ва  97 миллион 990 минг сўм жарима қўлланилиб, ундирувга қаратилди. 

Ҳеч кимга сир эмас. Бугун сув муаммоси дунёдаги  глобал муаммолардан бирига айланиб улгурди. Дунё аҳолисининг деярли ярми сувсизликдан азоб чекяпти.Мана шундай шароитда сувга нисбатан бундай хўжасизлик жиддий муаммоларга сабаб бўлади. Шу боис ҳар бир юртдошимиздан сувни исроф ва ифлос қилмасликни сўраб  қоламиз.