ЁЛҒОН МАЪЛУМОТ – ҚИЛГУСИ ҲИЖОЛАТ

ЁЛҒОН МАЪЛУМОТ – ҚИЛГУСИ ҲИЖОЛАТ

 

Халқимизда “Ўғри бўл, қароқчи бўл, инсофли бўл!” деган нақл бор. Бу ҳикматли иборани бугунги кунда ўзини “блогер” деб ҳисоблайдиган, кўча гапини ҳақиқат билиб, кимнингдир шахсига ёки қайсидир ташкилот шаънига ҳуда-беҳуда тош отаётган шахсларга нисбатан  “Майли фаол бўл, жонкуяр бўл, лекин адолатли фикр юрит!” қабилида айтишга тўғри келмоқда. Чунки, чалғитишга хизмат қилмоқда.

 

Табиийки, тасдиқланмаган, қонуний асосга эга бўлмаган, текширилмаган хабарларни ижтимоий тармоқларга жойлаштириш ҳар қандай фуқародан катта масъулият талаб этади. Чунки, юртдошларимизда ноўрин шубҳа уйғотишга, фуқаролар шахси, турли ташкилот раҳбарлари, давлат идоралари обрўсига путур етказадиган, ишончсизлик туйғуларини пайдо қилишга йўналтириладиган бундай ҳаракатлар қонун йўли билан жазога тортилиши муқаррар. 

Мисол учун, яқинда ижтимоий тармоқларда Қувасой шаҳри ҳудудидаги Каркидон сув омбори яқинидаги каръерлардан бирида вилоят экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармасидаги айрим мутасаддиларнинг аралашуви натижасида бир қанча куб метр шағал ковланиб, сотиб юборилгани ҳақидаги хабар тарқалди. Вилоят экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармасининг коррупцияга қарши курашиш бўйича бош мутахассиси томонидан олиб борилган ўрганиш ва суриштирувлар давомида “блогер”нинг иддаоси тасдиқланмади. Яъни мазкур бошқарма бошлиғининг ўринбосарига тегишли бўлган қум-шағал қазиб олиш каръерлари мавжуд эмаслиги маълум бўлди.

Ижтимоий тармоққа қўйилган яна бир нохолис хабарда эса республика экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги, унинг ҳудудий бошқармаси  ва Бизнес Омбудсманга нисбатан ноўрин   айбловлар  тарқатилган. Бундай кескин, асоссиз, исбот ёки мисол талаб қиладиган фикр айтиш, халқ номидан норозилик билдириш, энг муҳими, сунъий равишда фуқароларни жамиятга, давлатга қарши бош кўтаришига сабабчи бўлиб қолиши мумкин бўлган ёлғон ахборотни тарқатиш кимга керак бўлиб қолди, бундан ким манфаатдор ва унинг ортида кимлар турибди?

Яна бир нотўғри маълумотда Фарғона туманининг “Саткак” маҳалласида истиқомат қилувчи юздан зиёд аҳолининг  норозилиги ҳақида сўз боради. Ижтимоий тармоқ “фаоли”га келган хабарларга кўра, маҳаллий тадбиркорлардан бири “Саткак” қишлоғи аҳолиси учун йигирма олти йилдан буён ечилмаётган ичимлик суви, ёритиш тизимлари ҳамда кўчаларни асфальтлаштириш билан боғлиқ муаммоларни ижобий ҳал этиш ҳамда ишсизлар бандлигини таъминлаш мақсадида ташландиқ, ҳеч кимга керак бўлмаган жойларни ободонлаштириб, уч миллиард сўм инвестиция киритибди-ю, эндиликда вилоят экология бошқармасидаги мулозимлар “тайёрга – айёр” қабилида иш тутишаётганмиш. Тадбиркор фаолиятига сунъий равишда аралашув бўлганлиги, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакилидан тегишли рухсатнома олмасдан текшириш олиб борилгани ва тадбиркор жарималарга тортилгани айтилмоқда. Афсуски, бу ҳам асоссиз, нотўғри хабардир.

Яна бир ҳолатда бундан бир неча ой олдин   Қувасой шаҳрида мингдан зиёд арча кўчатлари шаҳар ҳокимининг топшириғига асосан кўчириб ўтқазилгани, оқибатида тўққизта дарахт қуриб қолгани ҳақида ҳабар тарқалган эди. Гўёки қонунбузилиш ҳолатлари ҳанузгача очиқлигича қолиб кетмоқда, дейилади. 

Биз вазиятга холисона баҳо бериш, агар мавжуд бўлса, ҳар қандай ҳолатга адолатли ёндашиб, бир ёқлама эмас, томонларнинг фикрини оқилона ўрганиб, хабар жойлаштириш ҳам касб тақозоси, ҳам виждон амри эканлигини тушуниш лозим. Қолаверса, ёлғон ахборот тарқатмаслик қонун талаби эканлигини айрим “блогер” ва ижтимоий тармоқлар фойдаланувчиларига эслатиб қўйиш зарур. Шунингдек, уларга мурожаат қилиб ижтимоий тармоқда эълон қилинадиган ҳар қандай хабарни, видеоёзув ёки овозли хабарни аввало холисона ўрганиб чиқиш зарурлигини таъкидлаймиз. Чунки, ёлғон ахборот бу туҳмат демакдир. Буларнинг ҳар иккиси учун қонунда қатъий жавобгарлик бор. Агар маълумотни тўғри таҳлил қила олмасангиз, бунинг учун билим, уқув  ва салоҳиятинигиз етмаса аввало ўқиб-ўрганинг. Кўр-кўрона, асоссиз хабарлар тарқатиш билан ўз обрўингизни бир пул қилманг. Негаки, Фарғона вилояти экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси маъмурияти бошқарма ва унинг ходимларига нисбатан нохолис фикр юритиш, ёлғон хабар тарқатиш, исботланмаган важлар билдириш юзасидан қонунда белгиланган тартибда ҳуқуқ-тартибот органларига мурожаат қилиши бўйича огоҳлантиради. Зеро, эртанги  пушаймон ўзингизга душман бўлиши, ёлғон маълумот ортидан ҳижолат тортиб ер чизиб қолиш ҳам ҳеч гап эмаслиши аниқдир. 

 

Гулноза Тўхтасинова,

Фарғона вилояти экология, атроф-муҳитни

муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси

матбуот хизмати раҳбари.