ҲАР БИР МУРОЖААТ ЭЪТИБОРДА

ҲАР БИР МУРОЖААТ ЭЪТИБОРДА

 

Азалдан маҳалладаги ҳамжиҳатлик ва  тотувлик ҳар қандай муаммоларга ечим бўлиб келган. Хусусан, Жалақудуқ туманидаги Бешкарам маҳалла фуқаролар йиғинида бу борада қатор ижобий натижалар  қўлга киритилган. Қишлоқ йигити, шу маҳаллада униб-ўсган, ёш ва жонсарак, ўз ишининг фидойиси,  Ўзбекистон Экологик партияси фаоли Исломбек Бўтабековнинг депутат бўлиб сайланиши  ҳудуддаги ижобий ўзгаришларни янада кўпайишига олиб келди.  

 

Бугун Бешкарам маҳалла фуқаролар йиғинида 3635 нафар аҳоли истиқомат қилади. Уларнинг аксарияти томорқада деҳқончилик қилади, чорвачилик билан шуғулланади. Касб-ҳунар эгаллаган, тадбиркорлик орқали ўз турмуш тарзини янада юксалтириб бораётган ҳамқишлоқлар ҳам талайгина. Ҳар ким ўз ишидан ортиниб  маҳалла ободолиги, кўча ва гузарлар саранжомлигига баҳолиқудрат кўмак бериб келяпти. Хусусан, кейинги йилларда  амалга оширилаётган “Яшил макон” умумиллий лойиҳаси ижроси доирасида маҳалла ҳудудига экилган дарахт ва гул кўчатлари бугун борлиқни яшилликка буркаган, йўл ва ариқ бўйлари  чаманзорга айланган.

CZ3B1033

-Маҳалладаги ислоҳотларнинг янада кенгайишига ҳудудимиздан сайланган янги  депутатнинг ҳиссаси катта бўляпти, - дейди Бешкарам маҳалла фуқаролар йиғини раиси Ойбек Қозоқов. – Сайловдан бери ўтган вақт давомида унинг кўмаги билан маҳаллада бир қанча ижобий ўзгаришлар қилинди. Хусусан, маҳалла ҳудудидаги умумий узунлиги 9 километр бўлган кўчаларни асфальтлаш ишлари якунига етказилди. Жумладан, 3635  метр жойдаги асфальтлаш ишлари “Ташаббусли бюджет” лойиҳаси доирасида қилинган бўлса, депутатнинг ташаббускорлиги билан яна бир километр масофадаги кўча ҳашар усули билан бунёд этилди. Бугун маҳалла ҳудудидаги барча кўчалар текис ва равон, ўз сифати билан асло шаҳарникидан қолишмайди. 
Бундан ташқари депутат ёрдами билан маҳалладаги яна икки муаммо тезда ўз ечимини топди. Галдаги фуқаролар билан учрашувда маҳалладошлар ҳудуддаги трансформатор эскириб кетганлиги боис кучланишни кўтара олмаётганлиги, ичимлик суви етказиб берувчи қудуқдаги насос ҳам яроқсиз бўлиб қолганлиги айтилди. Депутат мазкур масалада зудлик  билан алоқадор ташкилотларга мурожаат қилди. Бугун ҳар икки муаммо учун ечим топилди, трансформатор ва насосни янгилаш учун амалий ҳаракатлар бошланиб кетди.

photo_2025-06-12_13-49-55
-Биргина бу эмас, депутатимизнинг  эътиборга лойиқ яна қатор ишлари бор, - дейди маҳалла раиси. – Хусусан, у маҳалламиздаги бир неча оилаларни  моддий-маъанавий қўллаб-қувватлаш таклифини илгари сурди. Натижада яшаш шароити қийинроқ бўлган битта хонадонга бир неча ўн метр масофадан ичимлик суви тармоғи тортиб келинди. Яна битта мана шундай оиланинг уй-жойи беғараз таъмирлаб берилди. Шу боис барча сайловчилар, маҳалладошлар Ўзбекистон Экологик партиясидан сайланган депутатимиз Исломбек Бўтабековдан ғоят мамнун. 

Ташаббускор ва интилувчан депутат ҳақидаги мана шундай илиқ сўзларни қўшни маҳалла  фаолларидан ҳам эшитиш мумкин. Чунки, Бешкарам маҳалласидаги каби асфальтлаш, ободончилик ва аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш борасида ёндош Кесак ҳамда Ҳасанобод маҳалла фуқаролар йиғинида ҳам анчайин амалий тадбирлар бажарилди. 

photo_2025-06-13_10-32-40

-Бизнинг Кесак маҳалла фуқаролар йиғинида 778 та хонадон бўлиб, унда 4436 нафар аҳоли истиқомат қилади, - дейди мазкур маҳалла етакчиси Акмалжон Абдукаримов. – Очиғини айтиш керак, маҳалламиз депутатдан ёлчиди. Аввало, маҳалла аҳлининг уюшқоқлиги, қолаверса, Исломбек Бўтабеков ташаббускорлиги  билан маҳалламиз икки бора “Ташаббусли бюджетда” ғолиб бўлди. Биринчи гал қишлоқдаги 25-умумтаълим мактаби ҳудудида мини спорт майдончаси ва кураш зали қурилиши ютиб олинган эди. Ҳозирда у ерда қатор спорт тўгараклари фаолият олиб боряпти. Хусусан, “Долзарб 90  кун” тадбирлари айнан шу ерда уюшқоқлик билан ташкил этилаётир. Иккинчи сафарда эса маҳалламизнинг 3400  метр масофадаги кўчасига асфальт ётқизилди. Бугун эса 260 метрли узунликдаги яна бир ички кўчамиз ҳашар усулида асфальтлаб бўлинди. Яна бир  қувончли натижа шуки, ҳудудимиздаги 28-умумтаълим мактабида янги спорт зали  қурилиши бошланмоқда.  Айни иншоотнинг фойдаланишга топширилиши маҳалламизда соғлом авлодни камол топтириш, аҳоли ўртасида спортни оммалаштиришга хизмат қилади. Негаки, соғлик асосий бойлик эканлигини бугун маҳалламиздаги ёшу-қари яхши тушунади.

photo_2025-06-13_18-54-18

Маҳалладошлар ишончи юксак масъулият. Буни халқ депутатлари Жалақудуқ тумани Кенгаши депутати Исломбек  Бўтабеков қалбдан ҳис қилади. Шу боис асосий иш жойидаги вазифалар билан бир қаторда сайловчилар билан учрашиб туришга ҳам вақт топади.  Шунингдек, маҳалла ва гузарларда ўтадиган мунозараларда аҳолининг экологик маданиятини ошириш,  бу хусусда давлатимиз раҳбари томонидан 2025  йил 15 майда имзоланган “2030 йилгача бўлган даврда аҳолининг экологик маданиятини юксалтириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”  қарори  тарғиботига алоҳида эътибор қаратади. Чунки, экологик маданият юрт ободлиги, табиатни муҳофаза қилиш соҳасидаги қонунлар устуворлигини таъминлашнинг муҳим асосидир. 

CZ3B1039

-Халқнинг розилигига эришиш учун аввало фаровон турмуш, сиҳат-саломатлик керак, - дейди Исломбек Бўтабеков. – Уларнинг ҳар иккиси асосида табиат муҳофазаси, атроф-муҳитнинг мусаффолиги масаласи ётади. Экологик соф озиқ-овқат маҳсулотларини етиштириш, ер ва сувни зарарли чиқиндилардан асраш, атмосфера ҳавосини мусаффолигини таъминлаш бугунги авлоднинг бош вазифаси. Айниқса, Ўзбекистон Экологик партияси фаоллари, депутатлари бу борадаги тадбирларнинг бош ташкилотчиси, ташаббускори ва тарғиботчиси бўлиши шарт. Шунинг учун ҳам биз бугун ўз ўрнимизни халқимиз, сайловчиларимиз орасида деб биламиз. Уларнинг дарди бизнинг дардимиз, уларнинг қувончи бизнинг қувончимиздир.

Дарҳақиқат, элни ўйлаганни эл сийлайди, халқни ўйлаганни халқ қўллайди. Шу маънода ўз сайловчилари манфаатлари учун астойдил ҳаракат қилаётган Исломбек Бўтабековни ҳали янги марралар, янги ютуқлар кутиб турибди. Энг катта ютуқ эса маҳалладошлар ҳурмати ҳисобланади.  

 

Гулшаной Қосимова, 

Ўзбекистон Экологик партияси 

Жалақудуқ тумани Кенгаши раиси.